Дунё янгиликлари

Япония ва Франция Эронга 18 млрд доллар кредит таклиф қилади

Чоп этилди Oktabr 21, 2019 Япония ва Франция Эронга 18 млрд доллар кредит таклиф қиладиda fikr bildirishni o'chirish

Япония ҳамда Франция ҳукуматлари агар Теҳрон Ядро дастури бўйича биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасига қайтса, Эронга нефть учун 18,42 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни таклиф этмоқчи. Бу ҳақда «Майнити» газетаси хабар берган.

Нашрнинг ёзишича, Япония ҳукумати Франциянинг ёзда Эрон учун 15 миллиард доллар ажратиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга қарор қилган. Форслар ўшанда ушбу маблағни нисбатан камроқ деб ҳисоблаган ва уни 18,42 миллиард долларга етказишни сўраганди. Япония бу борада французларга шерик бўлмоқчи.

Газетага кўра, Япония ушбу ҳаракат орқали Ўрмуз бўғозига фуқаролик кемаларини ҳимоя қилиш учун иккита ҳарбий кема юбориш бўйича Эрон розилигини олишга уринмоқчи. Шунингдек, Токио молиявий ёрдам Эрон ҳамда АҚШ ўртасида ядро дастури бўйича мулоқот тикланишига умид қилмоқда.

Теҳрон кредит бўйича кафолатларни нефть ҳисобига олиши ва молиявий ажратмаларни озиқ-овқат ҳамда дори-дармонга сарфлаши тахмин қилинмоқда.

Ёзда Франция Европа вакили сифатида Эроннинг ядро дастурини қўллаб-қувватлаш ҳақида шахсий ташаббусини илгари сурганди. Франция президенти Эммануэл Макрон АҚШ давлат раҳбари Дональд Трампни Эроннинг нефть экспортини кенгайтириши учун ҳаракатларни қайта кўриб чиқишга чақирганди. Макроннинг фикрига кўра, агар Эронга ушбу имконият берилса, форслар кунига 700 минг барелл нефть ишлаб чиқара олади. Режанинг иккинчи бандида Франциянинг АҚШ санкцияларини айланиб ўтиши учун 15 миллиард доллар кредитга эга бўлиши кўрсатилган.

Кейинчалик Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Арақчи кредит таклиф қилинганлигини тасдиқлаган.

8 майда Эрон Ядро дастури бўйича биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режасидаги уран ва оғир сувга алоқадор бандлар ижросини таъминлашдан бош тортган. Кейинроқ МАГАТЭ Теҳроннинг камбойитилган уран захирасини 300 килограммга етказганини маълум қилди. Июль бошида Эрон ядро келишувига амал қилмасдан уранни 3,67 фоизга бойитишини билдирди.