Мақолалар

Дарахт экиб тинмаган одам

Чоп этилди Oktabr 23, 2019 Дарахт экиб тинмаган одамda fikr bildirishni o'chirish

Бангладешнинг Фаридпур шаҳрида яшовчи Абдул Самад Шайхни таниш-билишлари “Дарахт-одам” деб ҳам атарди. Сабаби, у 12 ёшидан бошлаб 48 йил давомида ҳар куни камида битта дарахт эккан. Рикша-аравада киракашлик қилиб кун кўрган Абдул Самад ҳар куни 100 така (1,25 АҚШ доллари атрофида) пул топиб, шундан бир қисмини кўчатга ажратган.

“Дарахт эколмаган куним кўзимга уйқу келмайди… – деганди Шайх “The Daily Star” нашрига берган интервьюсида. – Жуда кўп кўчатларни давлат ерларига экканман, шунинг учун уларни кесиб ташлашга унча-мунчасининг юраги дов бермайди. Эккан дарахтларимни яхши кўкаргунча суғориб ҳам тураман, биров кўчираётгани ё синдирганини кўрсам, қаттиқ қаршилик кўрсатаман, танбеҳ бераман. Мен бутун борлиқни, ҳайвонларни ҳам яхши кўраман. Лекин дарахтларга меҳрим ўзгача”.

Абдул Самад хотини Жорна ва фарзандлари билан бутун умр икки хонали кулбада яшади. Унинг ўз ери йўқ эди, ҳатто уйи жойлашган ер ҳам шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлган.

Уй-рўзғорга зўрға пул топгани сабаб хотини кўп дакки берган бўлса-да, Шайх кўчат экишни тўхтатмади. “Мен отамнинг дарахт экишига ҳеч қачон қарши бўлмаганман, – дейди шайхнинг ўғли Кутуб Уддин. – Чунки у бу ишни жамият учун қилди”.

Кекса мусулмоннинг табиатга муҳаббати охир-оқибат мукофотланди. 2017 йил февралида “The Daily Star” нашри фидойи боғбонни юз минг така (1253 АҚШ доллари) билан тақдирлади. Абдул Самад бу пулга оиласи учун шинам уй қуриб берди.

Табиатнинг меҳрибон қўриқчиси 2017 йил августида 60 ёшида дунёдан ўтди. У умри давомида 17500 дан ортиқ дарахт экди. Агар бу дарахтлар бир жойга йиғилса, катта ўрмон ҳосил бўлади.

Абдул Самад Шайх катта ишларни амалга ошириш учун бой-бадавлат бўлиш шарт эмаслигини, самимий истак ва ирода кераклигини яна бир бор исботлаб кетди. Унинг оддий ва фидойиликлар билан кечган ҳаёти катта ибратдир.

Ориф ТОЛИБ

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан