Мақолалар

БЕЛБОҒ

Чоп этилди Yanvar 23, 2019 No Comments

Белбоғ – тўртбурчакли мато.

Эркаклар уни белига боғлиб юргани учун ҳам “белбоғ” деб аталади. Нима учун белбоғ қалин арқондан ёки нисбатан ингичкароқ калавадан тайёрланмаган? деб ҳеч ўйлаганмисиз?..

Халқимизнинг донишманлигини қарангки, боболаримиз асл вазифаси бугунги қайиш – камар бўлган белбоғдан жуда ҳам омилкорлик билан фойдаланганлар.

Хўп, ўша омилкорлик нималарда кўринади?

Демак, белбоғ:

белда шимни маҳкам ушлаб турган;

кези келганда жомадон бўлган;

ўрни келганда дастурхон бўлган;

сафарда баъзида салла;

гоҳида жойнамоз вазифасини бажарган;

зарурат туғилганда арқон вазифасини ўтаган;

иссиқда соябон бўлган;

қўл ювганда дастрўмол бўлган;

йўлда олиб кетилаётган таомлар устига чанг қўнмасин учун ёпишга бирор нарса топилмай қолганда ҳам белбоғ қўл келиб турган.

Баъзи кишилар ушбу атаманинг унчалик фаҳмига бормасдан атиги биттагина маъносига ишора қилиб ишлатаётган “белингда белбоғинг борми?” ибораси аслида ана шунча нарсага тайёргарлигинг борми? деган маънони англатади.

Гувоҳи бўляпмизки, халқимизнинг тутган буюмлари, кийган кийимлари ва бошқа ҳамма-ҳамма ишлари ва тутумларида муқаддас динимиз талаб қилган поклик,  сертараддулик, омилкорлик каби фазилатлар мужассам экан…

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим ИНОМОВнинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, диний соҳа вакиллари ва маънавий-маърифий соҳа мутахассислари учун ташкил этилган малака ошириш семинар-тренингида ўқиган маърузасидан.

23.01.2019

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan