Мақолалар

Ғолиб бўлишнинг осон йўли

Чоп этилди Oktabr 23, 2019 Ғолиб бўлишнинг осон йўлиda fikr bildirishni o'chirish

Нималарга одатланганмиз?

Одатлар туфайли келажагимиз ўзгаради. Инсон тақдири Аллоҳ­нинг измида. Келажакка қўл солиш чегарадан чиқиш демакдир. Инсон умри уч босқичдан – ўтмиш, ҳо­зир ва келажакдан иборат. Нафас олаётган ҳар бир инсон умрининг иккинчи босқичидадир.

Агар бизни келажагимиз қизиқтирса, кундалик ишларимизга, табиатимизга сингиб бо­ра­ётган одатларимизга назар солишимиз лозим. Ёмон ишларга одатланган бўлсак, демак, келажагимиз ёруғ эмас. Эзгу ишларга, амалларга одатланган бўлсак, бизни нурли келажак кутмоқда.

Ғолиб бўлишнинг осон йўли

Душманнинг адоватига адоват билан жавоб қайтар­сак, гўё ўзимизни ғолибдек ҳис этамиз. Бу қисман тўғ­ридир, аммо унинг хўмрай­ган тур­қига кулиб боқи­ши­миз бизга ғолиблик туҳ­фа этади. Агар у чиндан ҳам душ­ман бўлса, табассумимиз унинг қалбига найзадек санчилади. Аламзадалик мағлубият нишонасидир. Бу ҳолатни кузатаётганлар бизни тушуна бошлайди, холис гувоҳлар бизга қўшилади.

Демак, сон жиҳатидан душ­­­манимиздан устун бў­ламиз. Чинакам ғолиблик ­нашидасини туйишнинг афзал йўли – душмани­мизни дўст тутишимиз. Қа­­рабсиз­ки, бу билан жаҳолат­нинг пайи қирқи­лади.

Юксакроқ маррани кўзласак…

Балиқ овловчилари та­ваккал қилиб тўрни узоқ­роқ­қа отишади. Улар тўрга нимадир илинишига ишонадилар. Инсон ҳам ҳаётда узоқни кўзлаши лозим. Уч юз метрга югуриши керак бўлган спортчи беш юз метрни мўлжал қилса, маррага етиши осон кечади. Дунё – кўз очиб юмгунчалик фурсат. Шу вақтда кўпроқ юксакроқ эзгу амаллар маррасини кўзласак, кўп­лаб натижаларга замин ҳо­зир­лаган бўламиз.

Жаннат йўли довонлари

Ҳаётни диёнат билан яшаб ўтиш – ҳар бир инсон учун шараф. Охиратдаги олий мақом жаннатдир. Жаннат жуда баландда, унга етишиш учун тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳар бир эзгу амалимиз поғона ёки довон каби бизни юқо­­рига олиб чиқаверади. Жа­ҳо­латга жаҳолат билан жавоб қай­тардингизми, демак, сиз ҳали ҳам пастдасиз. Агар сиз эзгу амаллар қуршовида юксак мақом сари интил­сангиз, пастдагиларнинг гап-сўзлари аҳамиятсиз бўлиб қолади.

Заҳириддин МАНСУР

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан