Мақолалар

“Кел-кел десанг, нози келар…”

Чоп этилди Oktabr 24, 2019 “Кел-кел десанг, нози келар…”da fikr bildirishni o'chirish

Кўчада деярли ҳар куни бир ҳолатни кузатаман: тўрт ёшлардаги болакай боғчага кета-ётганда дўкондан нимадир олиб беришни талаб қилади. Онаси сал эътироз билдирса, у йиғлай бошлайди. Аёл фарзандининг бошини силаб “секин…” дейди. Аммо бола овозини янаям кўтаради, онасининг қўлидан силтаниб чиқишга уринади. Атрофдагилардан хижолат бўлган она дўконга бурилади…

Шунда бувим раҳматлининг бир ибратли таълими ёдимга тушади: қариндош аёллар йиғилиб ўтирганда кимнингдир боласи тинмай онасига ёпишиб хархаша қилса, инжиқланаверса, бувим: “Парво қилманглар, раъйига юриб, кўзига термулаверсанг, тантиқлиги ортаверади. Ҳар ким ўзининг иши, гапига машғул бўлсин”, дерди-да, қўшиб қўярди: “Кел-кел десанг, нози келар. Индамасанг, ўзи келар”. Катталар, ҳатто онаси: “Нима дейсан? Нима ейсан?” деб болага парвона бўлмай, унинг хархашасини билмаганга олса, бувим айтмоқчи, “Осмонда булутлар тарқаларди”, яъни эътибордан четда қолган бола секин-аста мулойимлашиб, даврага қўшиларди.

“Кичкина-ку, нимани биларди?” деймиз. Аслида, бобою бувиси, ота-онасининг кайфиятини илғаб олиш ва бундан ўзининг истакларини амалга ошириш учун фойдаланишда болалар айрим ёши улуғлардан ҳам уқувлироқ. Агар катталар: “Майли, тинч ўтирсин”; “йиғламасин”; “асабимни бузмасин”, деб ҳар қандай истагини бажараверсалар, бола уларнинг гапига кирмай, йиғлаб, асабларни таранглаштириб ўз гапи, хоҳишларини ўтказишнинг устаси бўлиб бораверади. Агар ҳолат шундай давом этаверса, фарзанднинг бу одати атрофидагиларнинг фикрини менсимаслик, қандай қилиб бўл­масин, ўз гапу истагини ўтказиш, жаҳл-асабийлик билан мақсадга интилиш иллатига айланиб боради.

Боланинг гапларини диққат билан эшитиш, унинг илтимоси ёки талаби қанчалар тўғри ёки нотўғри эканини яхшилаб тушунтириш; ножўя ўйинлар, машғулотлардан қайтарганда бунинг сабабини изоҳлаш ота-онани фарзанд билан яқинлаштиради, уларга ишончини орттиради, ўзаро чиройли муомала-муносабатга замин яратади. Яна муҳими, ота-оналар самимий кайфиятда фойдали, ибратли, қизиқарли машғулотлар, юмушлар билан мунтазам машғул бўлсалар ва бунга кич­кинтойларни ҳам жалб этсалар, ўғил-қизлар уларнинг изидан бораверади.

ОҚИЛАБОНУ

«Мўминалар» журналининг 2019 йил, 3-сонидан