Мақолалар

Туризм индустриясини ривожлантириш Ўзбекистонда 2,6 млн янги иш ўринини яратади

Чоп этилди Oktabr 22, 2019 Туризм индустриясини ривожлантириш Ўзбекистонда 2,6 млн янги иш ўринини яратадиda fikr bildirishni o'chirish

Самарқанд кўплаб жозибадор туризм объектларга эга эканлиги ва Ўзбекистонинг асосий туризм шаҳарларидан бири сифатида республиканинг ташриф қоғозига айланиб улгурган. Сўнгги йилларда Самарқанд вилоятига тааллуқли қатор ҳужжатлар, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3609-сонли ва “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги “2017 — 2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлиги туризмни янада ривожлантириш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, Самарқанд вилояти иқтисодиётида туризмнинг ролини ошириш йўлида хизмат қилади. Вилоятда туризм индустриясини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи нафақат Самарқанд шаҳрида, балки бутун ҳудудда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор янги режа ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни тақозо этади. Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2019-2022 йилларда Самарқанд вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари белгиланди. Мисол учун, 2019 йил натижаларига кўра, маҳаллий сайёҳлар сони бир йилда 2,5 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 3,5 миллионга ошиши тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Шу билан бирга, 2019 йил якунига кўра, Ўзбекистонга келувчи хорижий меҳмонлар сони 509 минг кишини ташкил қилса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 1,2 млн. нафарга етиши кутилмоқда. 2019 йилда туризм индустриясини яхшилаш, янги туризм объектларини яратиш, Самарқанд вилоятида келувчи сайёҳларнинг бу жойда қолиш бўйича ўртача кўрсаткичини ошириш ва туризм хизматларини монетизация қилиш каби қатор ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобига туризм хизматлари экспорти 139 миллион АҚШ долларидан 558 миллион АҚШ долларига ўсди, 2022 йилга келиб эса бу қиймат 3 бараварга кўпайиши кўзда тутилган. Туризмда сифатли транспорт хизматлари ва равон йўлларнинг мавжудлиги катта аҳамиятга эга.

Шундай экан, юқорида қайд этилган Ҳукумат қарори билан Самарқанд вилоятида 2021 йил охирига қадар туризм инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилган умумий қиймати 100 млрд. сўмдан ортиқ туристик йўналишлар бўйича автомобиль йўллари ва пиёдалар кўчаларини реконструкция қилишга доир объектлар рўйхати тасдиқланди. Бундан ташқари, мазкур ҳужжат билан Самарқанд вилоятида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилувчи мақсадли дастур ва истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Ушбу рўйхатга янги меҳмонхоналар қуриш ёки мавжуд жойлашув воситаларининг имкониятларини ошириш, янги экотуризм ва дам олиш масканларини барпо этиш, транспорт хизматлари ва туризм оқимининг логистикасини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, тематик парклар ва бошқа туристлар дам олишига мўлжалланган янги объектлар киритилган. Умуман олганда, 2019-2022 йиллар давомида қатор ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида 2,6 миллион янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бундай объектларни яратиш ва улар билан лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш Самарқанд вилояти, шу жумладан, Ўзбекистонда туризм индустриясини тубдан яхшилаш имконини беради.

Халқ сўзи