Янгиликлар

Истанбул университети ректори: «Истанбул ва Самарқанд давлат университетлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилдик»

Чоп этилди Oktabr 22, 2019 Истанбул университети ректори: «Истанбул ва Самарқанд давлат университетлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилдик»da fikr bildirishni o'chirish

Туркий ва исломий маданиятнинг энг қадимий бешикларидан бўлган Самарқандга қилган сафаримиз Истанбул ҳамда Самарқанд университетлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муҳим қадам бўлди. 
Бу қутлуғ таълим даргоҳига таклиф этгани учун Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовга чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман.
Туркиянинг қадимий илдизларга эга бўлган олий ўқув юрти Истанбул университети санъат соҳасидан сиёсий фанларгача, табиий фанлардан илоҳиёт билимларигача бўлган кўп тармоқли таълим дастурларига эга бўлган даргоҳ бўлиб, у мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётида ва илм-фан ривожида олдинги сафларда бўлиб келмоқда.
Истанбул университетининг битирувчиларидан икки нафари Нобель мукофотига сазовор бўлгани ҳам шундан далолат беради.
“Тарихдан келажакка қурилган кўприк” шиори билан ҳаракат қилувчи университетимизнинг Боязид майдонидаги муҳташам дарвозаси юртимиздаги университет тушунчасининг рамзига айлангандир.
Жаҳон тарихида муҳим ўрин тутувчи ¬Истанбул шаҳрининг фатҳи (1453) фақатгина Усмонли салтанатининг сиёсий ҳаётида эмас, балки таълим тарихи нуқтаи назаридан ҳам янги бир бошланғичдир. Султон Меҳмед Фотиҳ шаҳарни олганидан кейин дарҳол уни бир илм-фан марказига айлантириш ва шаҳарнинг турли қисмларида илм-фан ва ибодат марказларини барпо этиш вазифасини қўяди. Ана шундай одимлардан бири Аясофия масжидининг ёнидаги монастир биноларини мадрасага айлантирилиши ва уларда ўз даврининг энг юксак стандартлари даражасида таълим берилишига эришилгани бўлди.
Ушбу мадрасага машҳур ўзбек олими Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчининг мударрис этиб тайинланиши нафақат бугунги Ўзбекистон билан илмий алоқаларнинг ўрнатилиши, балки университетимизда илмий анъаналарнинг шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Истанбул фатҳи билан ўз тарихини бошлаган Истанбул университети ҳар доим бўлиб келганидек, бугунги кунда ҳам энг илғор ва етакчи таълим даргоҳи бўлиш миссиясини бажариб келмоқда. Университетимизнинг Истанбул шаҳрининг турли қисмларига ёйилган 16 факультети, 12 илмий-тадқиқот институти, икки олий мактаби, икки касб-ҳунар олий мактаби, 2 бўлими ва 77 тадқиқот маркази мавжуддир.
Бу таркибий бўлинмаларда 90 минг талаба таълим олади. Сиртқи таълим ва масофавий таълим йўналишида таҳсил олаётганлар билан университетимизда жами 419 минг талаба бор. Улардан 8200 нафари чет элликлардир. Истанбул университети жами 720 халқаро ҳамкорлик шартномаларига эга бўлиб, Эрасмус, Мавлоно, Фаробий талаба ва ўқитувчи айрибошлаш дастурлари доирасида улар билан таълимий ҳамкорликни амалга оширмоқда. Бу шартномалар дунёнинг барча ўлкаларидаги олий ўқув юртларини қамраб олса-да, шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, азалий қардошлик алоқаларимиз бўлган туркий давлатлардаги университетлар билан илмий-таълимий алоқаларни ривожлантиришни Истанбул университетининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилаганмиз.
Мамлакатнинг муҳим илмий-тадқиқот маркази бўлган университетимизнинг энг долзарб вазифаларидан бири замонавий билим ва технологиялар соҳасида ҳам пешқадам бўлишдир. Бу мақсадга эришиш учун дунёнинг турли минтақаларидаги илғор илмий-тадқиқот марказлари билан алоқалар ўрнатиш ва яқин илмий ҳамкорликни амалга оширишга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз. Самарқанд давлат университети ана шундай илм-фан ва таълим марказларидан биридир.
Истанбул университети билан Самарқанд давлат университети ўртасида ўтган йиллар давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилдик, 2019 йил апрель ойида шартнома имзоладик. Бу академик, илмий ва маданий ҳамкорлик шартномаси доирасида амалга ошириладиган муҳим ишларимизни муҳокама қилиш ва амалий одимларни отиш учун 26 сентябрь ойида Самарқанд давлат университетига ташриф буюрдик.
Самарқанд давлат университетига ташрифимиз чоғида университетларимиз ўртасидаги ҳамкорликни 2020 йилдан бошлаб қуйидаги тўрт йўналишда амалга оширишга қарор қилдик. Биринчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва таклифи билан ташкил этилган СамДУнинг Халқаро таълим марказида “Тил маркази” ташкил қилиш ва унда Истанбул университетининг бу борадаги бой тажрибасидан унумли фойдаланиш, туркча ва инглизча дарсларни халқаро сертификат бериш даражасида олиб борадиган профессор-ўқитувчиларни Истанбул университетидан юбориб, бу иш оёққа тургунига қадар уларнинг хизмати ва тажрибасидан фойдаланиш.
Кейинги мақсадимиз 2020 йилда Самарқанд университети билан биргаликда “Тарихда ва бугунги кунда туркий республикаларда таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро алоқа ва ўзаро таъсир” мавзусида халқаро конференция ташкил этиш ҳамда бутун турк юртларидан, туркий дунёдан келадиган олимлар билан бу хусусда чуқур илмий мулоқот ва муҳокамалар уюштиришдан иборат.
Бошқа бир хусус, фармакология, аниқроғи, шифоли ўсимликлардан табиий дорилар ишлаб чиқариш технологияси бўйича СамДУ билан қўшма таълим дастурини йўлга қўйишни бошлашдир. Бу юртингиздаги минглаб доривор ўсимликлардан табиий, зарарсиз дориларни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган технология ва мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Ҳамкорлигимизнинг тўртинчи соҳаси икки университет ўртасида талаба ва профессор-ўқитувчиларни айрибошлашни йўлга қўйишдир. Бу иш талабаларимиз ва ўқитувчиларимиз ўртасида илмий-таълимий ҳамкорликни йўлга қўйиш билан бирга инсоний ва қардошлик ришталаримизни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умид қиламизки, Самарқанд давлат университетига қилган зиёратимиз университетларимиз ўртасида имзоланган шартномани амалга ошириш йўлида қўйилган муҳим қадам ҳамда келгусида амалга ошириладиган ҳамкорлигимиз нуқтаи назаридан йўл харитаси ҳамдир.
Профессор Маҳмут АК,
Истанбул университети ректори