Мақолалар

Арзимасга ўхшайди-ю…

Чоп этилди Oktabr 24, 2019 Арзимасга ўхшайди-ю…da fikr bildirishni o'chirish

Шомдан кейин ошхонани йиғиштира туриб, бир муҳим масалада қўнғироқ қилишим кераклиги ёдимга тушди. Ишимни қўйиб нариги хонага ўтаркан, хаёлимдан “Чироқни ўчирайми, ўчирмайми?” деган савол ва: “Ҳозир яна шу ерга қайтаман-ку” деган фикр ўтди. Тўғриси, орқамга уч-тўрт қадам қайтиб чироқни ўчиришга эриндим…  Телефонда қанча гаплашдим, билмайман.

Оппоқ сочиққа теккан доғни кетказиш учун дарров ишқорлайман, ишқалайман. Бу орада сув жилдираб оқаверади. “Сувни исроф қилмай тўхтатиб турсам… Майли, тез-тез ҳаракат қилсам…” – хуллас, ишни бирйўла тугатгандан кейин жўмракни бурайман.

Шунга ўхшаш ҳолатлар кам эмас: тахминий ҳисоб-китоб билан сотиб олинган матодан либос тикилганидан ортиб қолган парча матони “бирор нарсага ишлаб қолар” деб “нимагадир ярашини” кутиб ётган қийқим, лахтакларга қўшаман… Қозон юқидаги таомни бир гал нон билан сидириб олсам, бошқа сафар ё шошилганим, ё эринганим боис сувда ювиб ташлайман… Телевизор, компьютер бир ёнганича (уларни ёниқ қолдириб орада чой ичиб овқатланамиз, дўкону бозорга бориб келишимиз, ухлаб олишимиз мумкин) кун-кунлаб ўчирилмайди…

Пахта яккаҳокимлиги даврида мевазор, полизлар учун деярли ер ажратилмагани, томорқамиз йўқлигидан бутун халқ неча ўн йиллар давомида камқонликка, қанча дардларга йўлиқдик, қийинчиликлар кўрдик. Бола эдим, ҳовлимизга фақат ток экилган, бурчакда бир туп ўрик дарахти бор эди. Қай бир йили “Энди бу кўзга кўриниб қолди”, деб ўша ўрик дарахтини кесиб ташлашди. Сабаби – у пайтларда ҳовлидаги мева берадиган дарахт учун ҳам солиқ тўланаркан. Мустақиллик она еримизга эгалик ҳуқуқини берди, одамлар ўзи истаган экин-тикинини ўстириши мумкин бўлган томорқага эга. Боғлар, полизлар кўпайди. Ҳозир ҳовли, кўчаларимиздаги ўрик дарахтларининг саноғига етолмайсиз. Кейинги йилларда Аллоҳ ҳосилини шунақа мўл беряптики! Фақат… ҳовлимизда, боғларда, кўчаларда ерга кўрпа бўлиб тўкилган ўрик мевалари бир ўзанга солинадиган бўлса, юртимизнинг у чеккасидан бу чеккасига бўтана шарбат бўлиб оқадиган катта ариққа айланади, наздимда.

Энди тасаввур қилайлик: ўзимизга ўхшаб “Озгина ёниқ қолса нима бўпти?”, “Бир лаҳзада дунёнинг суви оқиб кетармиди?” дейдиганлар ҳуда-беҳуда сарфлаган электр қуввати, ичимлик суви жамланса, қай бир қишлоқлар хонадонларининг электр токи таъминотида узилишлар бўлмасди; қай бир юртдошларимиз ичимлик суви танқислигидан қийналишмасди, менимча. Исрофу увол қилаётганимиз парча матодан тортиб бурда нонгача… тўғри ҳисоб-китоб билан харид қилиниб ўрнига ишлатилса, аввало ўзимизга, қолаверса, кимгадир асқотади. Ғарқ пишиқчилик мавсумида супуриб, кураб чиқитга ташланаётган, сувга оқизилаётган, жуда борса молу қўйлар охурига ташланаётган мевалар – Аллоҳнинг неъматларидан қоқилар, шарбатлар тайёрланса… эҳ-ҳе… соғликнинг заволи бўлган кимёвий воситалар ёрдамида чет элларда (ҳатто ўзимизда ҳам) тайёрланиб, фалон нархларда сотилаётган “сок”лару “салқин ичимликлар” дастурхонимизда камайиб, йўқолиб кетса, қанийди! Рўзғоримизнинг камини тўлдирадиган меваларимизнинг баракасидан, соғлом турмуш тарзи хосиятидан тану жонимизнинг тетик, бардам бўлиши, меҳнатимиз меваларининг тежалиши бир томон бўлса, Парвардигори олам бизга берган неъматларини тежаб, расамади билан ўрнига тасарруф этганимизнинг ажру савоби, иншоаллоҳ, икки оламда улуғдир.

Муҳтарама УЛУҒОВА

P.S. Бир дона гуруч, мошдеккина ушоқ, анорнинг бир донагина меваси… тўкилса, бобо-момолар: “Уни дарҳол териб ол, барака ўшанда бўлади”, дейишарди. Албатта, хирмонлар дона-доналарнинг йиғилишидан ҳосил қилинади. Уларни асраш, кўпайтириш – мустақил республикамиз иқтисодий салоҳиятининг юксалиши, мустаҳкамланишини; ҳар бир моддий неъматни эзгу ишларга сарф этиш – турмуш фаровонлиги барқарорлигини таъминлайди.

Ибратли оила ҳаёти – барча учун мактаб. Ҳурматли газетхонлар, сиз фарзандларингиз, набираларингиз тежамкор, исрофнинг олдини оладиган, ҳар бир неъматнинг қадрига етадиган инсонлар бўлиб улғайиши учун хонадонингизда қандай тартиблар жорий қилгансиз? Балки айни борада қатъий шаклланган одатларингиз бордир? Шулар ҳақида ёзиб юборинг…

 

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан