Мақолалар

Кўзи ожиздан кўришни ўрган…

Чоп этилди Oktabr 24, 2019 Кўзи ожиздан кўришни ўрган…da fikr bildirishni o'chirish

Фаридуддин Аттор “Илоҳийнома” асарида бутун оламга ҳукмронлик қилган Сулаймон алай­ҳиссалом ва меҳнату заҳматкашлик тимсоли — чумоли таърифидаги “Сулаймон алайҳиссалом ва чумоли ҳикояти”ни келтиради.

Ҳикоятда тасвирланишича, Сулаймон алай­ҳиссалом йўлда “ел мисоли” кетаётиб, бир тўп чумолига дуч келади. Минг-минглаб чумолилар улар томон ошиқади, таъзим қилади. Аммо бир чумоли таъзимга келмайди, ўз ишига машғул – ини олдидаги дўнгте­падан тупроқ ташиш билан оввора эди.

“Сулаймон деди чорлаб: Эй чумоли

Заифсен, қудратинг йўқ фил мисоли…

Агар Нуҳ умри бирлан сабри Айюб

Муяссар бўлса ҳам, бўлмас ишинг хўб.

Бу мушкул сен кабиларнинг ишимас,

Кучингдин бу тепа бир ёққа жилмас!”

Пайғамбарнинг чумолига қарата: “Сен фил эмассан, бир заифсан, Нуҳ умрию Айюб сабрини Аллоҳ сенга берганида ҳам, бу тепа тупроғини ташиб кўчира олмассан”, деганидан таъсирланган чумоли бундай дейди:

Чумоли лаб очиб дедики, эй шоҳ,

Бу йўлда раҳнамун ҳимматдир, илло,

Ҳақир боқма ниҳоду фитнатимга,

Назар сол бу камоли ниятимга –

Яъни, “Эй шоҳ, менга бу йўлда раҳнамун – йўл кўрсатувчи Яратганнинг ўзидир. Шу сабаб сен менинг “ниҳоду фитнатим” (ташқи кўринишим)га боқма, балки камоли ниятим (ниятимнинг улуғлиги)га эътибор қил! Бир гўзал менинг кўнглимни олиб, шарт қўйди:

Демишким, шу улуғвор тепани гар,

Қўпорсанг, айласанг ерга баробар,

Бу ҳижрон тошини йўлдин олурмен,

Бориб ёнингга, дилдоринг бўлурмен…

Чумоли ишонч билан сўзида давом этди:

Мен ишқ йўлидаман, “белимни боғладим”, шу тепаликка тупроқ ташийвераман. Мабодо, шу ишқ йўлида жон берарман, майли, “насибам” деб биларман. Ҳар ҳолда “буюк мақсад йўлида ўлди”, дерлар, “бетайин, каззоб саналмайман” деб сўзини тугатди. Чумолидан бу жавобни эшитган Сулаймон алайҳиссалом унга тан берди.

Ушбу шеърий ҳикоянинг хулосасидаги фикр – маъно жуда теран:

Азизим, ишқни сен шу мўрдин ўрган,

Кўришни кўзи ожиз кўрдин ўрган.

Чумолининг тўни гарчи қаро ул,

Камарбаста, ҳамиша йўл аро ул.

Чумоли деб баланддин боқма зинҳор,

Унинг ҳам қалбида шери жаён бор.

Бундай залворли хулоса Фаридуддин Аттор ижодининг ўзига хос жиҳатлари­дандир. Шоир кичик заҳмат­каш ҳашарот ҳаётини инсонларга ибрат қилиб кўрса­таётир. “Кўришни кўзи ожиз – кўрдан ўр­ганиш керак”, деганда кўзи очиқ, аммо қалб кўзи кўр кишиларга қарата аччиқ ҳақиқат уқ­тирилмоқда. Кўзи очиқ бўла ­туриб, гуноҳу хатолардан тийилмайдиганлар, ўзларини чоҳга ташловчи, балою офатларга дучор этувчи инсонлар озми?!

Кўзи ожизлардан кўриш­ни ўрганмоқ – ҳаёт йўлла­ри­да қоқилиб, тойиб, йиқилмас­лик учун ҳушёр бўлиб қадам таш­ламоқдир, дея уқтиради муаллиф.

Кўримсиз “қоп-қора” ҳашарот – чумолининг қисқа умри ва умид билан яшаши узоқ умр кўриб, ўзгалар ҳисобидан кун кўрувчи, меҳнатсиз роҳатни хуш кўрадиган, қанча ваъдалар бериб, биттасига ҳам вафо қилмайдиган, дангаса, ялқов ва бебурдларга ибрат қилиб кўрсатилмоқда.

Бу ҳикоятдан чиқарадиган хулосамиздан яна бири ишқ аҳллари учундир. Яъни, чумоли каби кўримсиз, кичик жонзот ишқ йўлида жонини тикди. Маҳбубасининг биргина синови – талаби учун минг машаққат йўлини танлади.

Хулоса шуки, Фаридуддин Аттор­нинг Жамол Камол таржимасидаги “Илоҳийнома”си биз ва келажак авлод учун ноёб насиҳатномадир. Шундай дурдона китобларни қан­чалик кўп мутолаа қилсак, улар бағрида яширинган ҳақиқатларни ўқиб, фарзандларимизга ҳам уқтирсак, маънавий юксалиш учун кони фойда бўлади, иншоаллоҳ. Зеро, сир ва жумбоқларга тўла замон ва макон ҳақиқатларини англаб етишимизда Фаридуддин Аттордек буюк мутафаккирларнинг асарлари яқин кўмакчи бўлиши шубҳасиздир.

 

Дилором КАРИМОВА,

филология фанлари номзоди, доцент

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан