Мақолалар

Набирам мени ёқтирмайди…

Чоп этилди Oktabr 25, 2019 Набирам мени ёқтирмайди…da fikr bildirishni o'chirish

Раҳматли қайнонамнинг набираларига бўл­ган чексиз меҳр­ларини ҳали-ҳануз ҳаяжон би­лан хо­тирлайман. Ўзим буви бўлгач, наби­ралар Яратганнинг бе­баҳо неъмати эканини йил сайин чуқурроқ ҳис этаётган­декман.

Фақат икки ёшга кираётган Бибимоҳира қачон мени кўрса, юзини терс буради. Мажбурлаб ўзимга қаратмоқчи бўлсам, кўз­ларини юмиб олади. Қўлчалари билан нари итариб, мендан қочади.

Кеча дилбандларимни кўргани қизим­ни­ки­га бордим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Бибимо­ҳирани кўтармоқчи бўлдим. Қизалоқ ния­тимни англаган заҳоти онасига ёпишиб олди. Соғинганман-да, даст қўлимга олиб, юз-кўз­­ларидан ўпдим. Гўдаккина жонҳолатда бағ­рим­дан чиқиб кетишга ҳаракат қилди. Чучук ти­лида нималардир деб, юзини тескари бурди.

– Мунча мени ёмон кўрмаса бу қизинг? – деб кулиб онасига юзландим.

– Шу ҳақда кўп ўйлайман, – деди қизим, ке­йин озгина ўйланиб турди-да, бола ту­ғил­масидан олдинги воқеани ёдимга солди. – Аяжон, эсингиздами, Бибимоҳирага ҳоми­ладорлик пайтимда сепган атирингиздан беҳузур бў­лардим. Ўзингизга ҳам кўп айт­ганман. Ўша ҳо­латларимни неварангиз ҳам ҳис қилганми, билмадим…

Ёдимга тушди: мен ишлатадиган атирнинг аломат ифори дугоналарим, қариндош-­уруғ аёл­ларга ёқарди. Фақат ҳомиладор қизим кўри­шар-кўришмас ёнимдан узоқлашар, “Қайтиб шуни сепманг”, деб қаттиқ илтимос қиларди. “Бош­қоронғиликда бундай ҳолат-лар учраб туради”, деб гапига эътибор бер­мадим. Бир куни дарвозамиздан кирдию мени кўриб, қучоқ очиб югуриб келди. Яқинлашгач, “Яна cепибсиз-да,” деди ва ранги оқариб, йўлакдаги сўрига беҳол ўтир­ди. Шундан кейин атирни қўл етмас жойга беркитдим.

Чақалоқ туғилиб, уч ойлик бўлган кезлар эди. Бир куни қизим кўришаётиб: “Онажон, атирингиз ҳиди мунча ёқимли,” дея юзини юзимга босди. Ҳазил қилдим:

– Яхшиям бошқоронғилик пайтинг уни ёқ­тирмаганинг, бўлмаса, тугаб кетган бўларди.

Аллоҳга шукр, набиралар йиғилса, уйимиз тўлади. Кўзи тушди дегунча, қушдек қанот қоқиб мен томон учишади. Бибимарям, Бибифотима ширинликлар кўтариб келишади. Фақат уларнинг синглиси Бибимоҳира…

Худо хоҳласа, эсини таниб боргани са­йин, қайноқ меҳрим туфайли мени яхши кўриб қолади, деган умиддаман. Ҳозир эса гўдакнинг ўзи ҳам сабабини билмаган ҳара­катлари боис ҳа­ётнинг бир ҳикматини англа­гандекман. Ҳоми­ла­дор аёлнинг бизга эрка­ликдек туюлган истак, илтимосларига бефарқ бўлиш ярамайди.

Ўктамхон СОЛИЕВА

Фарғона

Эслатма: Мутахассислар сўзларига кўра, ҳомила воқеалар­га онасининг муносабати­ни ҳис этиб тураркан. Яъни, она хурсанд бўлганда, ҳомиланинг хотиржам, енгил ҳа­ракатлар қилиши ва аксинча, хафа бўлган-да, но­тинч бўлиши кузатилган.

Ақлини танимаган қизалоқ барча яқин­лари орасида фақат бувисидан узоқ юриши бир огоҳ­лантириш, деб ўйладик. Ахир момо­ларимиз бежиз: “Бошқоронғи аёлнинг хоҳи­шини имкони борича бажо қил”, дема­ганлар-ку

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан