Мақолалар

Ижтимоий хатар

Чоп этилди Oktabr 25, 2019 Ижтимоий хатарda fikr bildirishni o'chirish

Ахлоқсизлик оқибати бўлган дардларга йўлиққан киши фақат ўзи зарар кўриб қолмай, балки атрофдагиларга ҳам зиён етказади. Дастлаб оиласи жабр кўради. Бундай фарзанд ота-онасини норизо қилади. Чунки фарзандининг бедаво дардга мубтало бўлгани биринчи ўринда ота-онасини қаттиқ ташвишга солиши баробарида, бутун қавму қариндош, маҳалла-кўй ва яқинлар орасида уларнинг юзи шувут бўлиб, бош кўтаролмай қолишади.

Таносил касалликларига гирифтор бўлган йигит асло оила қуришни ўйламайди. Чунки нафси истакларини жирканч йўл ила қондиргач, уларда уйланишга бўлган рағбат кескин пасаяди. Мабодо ота-она қистови билан уйланган тақдирда ҳам, ширин орзу-умид билан турмушга чиққан бир покиза қизни бахтиқаро қилиб, қизнинг гўзал ниятларини саробга айлантиради.

Бу каби иллатлар билан хасталанган қизлар эса, ўз ўрнида, турмуш қуришдан кўра бундай енгил-елпи ҳаётни устун кўради. Улар учун энди бировнинг уйига келин бўлиш тушунчаси мутлақо ёт, ҳатто хаёлига келтиришни истамайди. Фарзанд дунёга келтириш, парваришлаш ва вояга етказиш каби оналик бахти эса, бундай тоифадагилар наздида “машаққат”га айланади.

Саодатли хонадонга келин бўлиш, диёнатли бир ёр­га бахт туҳфа эта оладиган вафодор жуфти ҳалол бўлиш, хонадонда серфарзанд бўлишдек юксак бахтни солиҳа, покиза ва лобар қизларгина орзу қилишади.

Ахлоқсиз, ҳаёсиз кимса истамаган ҳолда ногирон фарзандни дунёга келтиради. Оила қуришдек шарафли бурчдан узоқ бўлган нафс асираси туғилган фарзандга зулм қилган бўлиб, унга ўзидаги жирканч тарбиядан бошқа нарсани бера олмайди.

Бу дардларга мубтало бўлган кимса қариндош-уруғларидан узилиб қолади. Чунки нафснинг ортидан юриб, ножўя лаззатга берилганнинг қавму қариндошлар олдида заррача қадр-қиммати бўлмайди. Халқимизнинг диний ва миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган ўзига хос орият ва ҳамият сифатлари ғалаён қилиб, ундай кимсадан узоқлашишга сабаб бўлади.

Инсон учун Аллоҳ таоло ато этган бетакрор неъмат – умрни беҳуда ўтказиш гуноҳ. Эркак ва аёл учун инсоний бахт бу ҳаётнинг мазмунидир. Ҳақиқий бахт эса мустаҳкам қурилган оила, яъни эр-хотиннинг аҳил, чиройли истиқомат қилишидадир.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм