Мақолалар

Биринчи университет асосчиси

Чоп этилди Oktabr 25, 2019 Биринчи университет асосчисиda fikr bildirishni o'chirish

Фотима Фиҳри тунислик бой савдогар Муҳаммад Фиҳрининг қизи эди. У милодий 859 йили Марокашнинг Фас шаҳрида «Қаровийин» университетига асос солди. Ушбу илм даргоҳи қадимийлигига қарамасдан бугунги кунда ҳам фаолияти давом этаётган нуфузли халқаро университет сифатида “Гиннес рекордлари” китобига киритилган.

Фотима Фиҳри ҳақида маълумотлар кам. У бой, тижоратчи, зиёли оилада дунёга келди. Синглиси Марям билан диний ва дунёвий илмларни эгаллади.

IX аср бошларида кўп араблар қатори Фотиманинг оиласи Тунисдан Фасга кўчиб ўтди. Фас ўша вақтда шовқин-суронли, кўп миллатли мегаполис шаҳар ҳисобланарди. Отанинг вафотидан сўнг опа-сингил ўзларига тегишли катта меросни одамларга манфаат келтирадиган хайрли ишга бағишлашди.

Фотима Фиҳри 859 йили Марокашдаги биринчи масжид-университет – “Қаровийин”га асос солди. Бу иши билан замонавий университетлар учун замин ҳозирлаб берди.

Бино намозхона ва дарсхоналар билан биргаликда 30 квадрат метр майдондан иборат эди. Дастлаб диний фанлардан дарс берилди. Сўнг таълим дастури бойиб, араб тили, математика, мусиқа, тиббиёт, астрономия каби фанларни ҳам ўз ичига олди. Университет тез орада таълим-тарбия маркази сифатида донг таратди. Дунёнинг турли бурчакларидан олим ва зиёлилар кела бошлади. Фотима ҳам умрининг охиригача талабаларга илм улашди.

Фотиманинг илмий марказ ташкил этиш тўғрисидаги янгилиги ўрта асрларга келиб бутун дунё бўйлаб тарқалди. “Қаровийин”да ўқитиш тизими пухта ва тўкис танланган эди. Бугунги университетлар ҳам унга амал қилиб келмоқда. Шу тизим асосида 1088 йили Европада Болония, 1096 йили Оксфорд университетлари очилди.

Кейинчалик муассасанинг фаолияти кенгайди. “Қаровийин” масжиди Африкадаги энг катта масжидга айланди. 956 йили у кенгайтирилиб, тўртбурчак шаклига келтирилди. 1135 йилда ёнма-ён қурилган биноларининг сони 22 тага етди. Ҳозир ушбу масжид 22 000 намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. “Қаровийин” мажмуасининг ҳудуди 3000 квадрат метрга етган. Мусулмон оламининг дунёга машҳур Ибн Халдун, Маймонид, Фотима Каббож, Ибн Арабий каби мутафаккирлари айнан мана шу университет битирувчиларидир.

 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонида