Мақолалар

Манфаати мўл амал

Чоп этилди Oktabr 25, 2019 Манфаати мўл амалda fikr bildirishni o'chirish

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Қуръон ўқийдиган ва унга амал қиладиган мў­миннинг мисоли мазаси ширин, хушбўй утружжа (апельсинга ўхшаш мева)га ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган, лекин унга амал қиладиган мўмин­нинг мисоли таъми ширин, аммо ҳидсиз хурмога ўхшайди. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли ҳиди ёқимли, мазаси аччиқ райҳонга ўхшайди. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг мисоли таъми аччиқ ёки ёмон ва ҳиди аччиқ ҳанзала (заққум)га ўхшайди” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқиб, унга амал қиладиган мўминни хушбўй, маза­ли ут­ружжага ўхшатди­лар. Савол туғилади: “Нима учун айнан утружжа? Ахир, мазаси ҳам, ҳиди ҳам тотли қанча мевалар бор-ку? Масалан, олма сингари”. Бунинг ҳикмати борасида уламолар бундай дейишади: “Утружжанинг кўриниши ажойиб, шакли катта ва юмшоқ, ранги кўзни қувнатадиган даражада жозибадор. Уни емасингиздан олдин иштаҳангиз очилади. Есангиз, оғзингиздан хушбўй ҳид таралади. Витаминларга бой. Яхши ҳазм бўлади. Пўс­тининг шифобахш хусусияти бор. Данагидан фойдали ёғ олинади. Агар у мевани бўлаклаб кийимларга (қиш кунлари нафталин қилинса) қўйилса, куя тушмайди.

Бу меванинг бошқа фойдали жиҳатлари бисёр. Ай­­ти­ладики: “Утружжа бор хонадонга жинлар яқин­лашмас экан. Буни Қуръон ўқила­диган уйга шайтон яқин йў­ламаслиги билан таққослаш мумкин. Шу­нингдек, утружжа данагининг пўсти оппоқ. Буни мў­миннинг қалбига қиёслаш мумкин”. Мана шунинг учун Қуръон ўқийдиган ва унга амал қиладиган мўмин шу мевага ўхшатилди. Одамлар қорининг ширали овозидан баҳраманд бўлишади. Тило­ватини тинглаш орқали савобга эришади. Шунингдек, ундан таълим олишади.

Баъзи мўминлар Қуръони каримга амал қи­лишади, лекин уни тиловат этишмайди. Улар ҳидсиз, бироқ таъми ширин хурмо кабидирлар.

Набий алайҳиссалом­нинг хурмони танлашлари бежиз эмас. Бу да­рахт узоқ умр кў­ради. Йил бўйи яшнаб, соя солади. Кўкариб чиққандан то қуригунига қадар мева солади. Меваси хоҳ ғў­ра, хоҳ ҳўл ёки қуриган бўлсин, инсонлар уни севиб истеъмол қилишади. Барглари ҳайвонлар учун озуқа. Дарахтнинг пўстлоғи ва шохлари ҳам фойдали. Яъни, дарахт танасидан ёғоч, ўтин олинади. Пўстлоғидан боғич, арқон ясалади. Бўйра тўқилади. Турли хил ёғоч идишлар ҳам ясаш мумкин. Данаги эса туялар учун емишдир.

Демак, дарахтнинг барча қисми фойдали. Худди шу каби мўмин ҳам ибодатининг кўплиги, ахлоқининг гўзаллиги боис барча ҳолати яхшидир. Ба­жарган ишларидан унинг тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам инсонлар манфаат олишади.

Баъзи мунофиқлар Қуръон­ни ўқи­шади. Лекин унга амал қилишмайди. Одамлар­га мў­мин бўлиб кўринади. Ма­на шундай одамларни хуш­бўй, аммо таъми аччиқ рай­ҳонга ўхшатдилар.

Қуръон ўқи­май­ди­ган муно­фиқлар­­ни Набий алай­ҳиссалом таъми ач­чиқ ва ёмон ҳидли ҳанзала (заққум)га ўхшат­моқ­да­лар. Унинг аччиқ таъмидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.

Баъзи олимлар ушбу ўхшатиш­ни қуйидагича изоҳлашади: “Ал­лоҳ таолонинг Каломи бандаларнинг ботинига ҳам, зоҳирига ҳам таъсир қилади. Шундайлар борки, Қуръон уларнинг ҳам ботинига, ҳам зоҳири­га таъсир этади. Улар мўмин­лардир. Яна баъзи бандалар борки, уларга Қуръондан умуман насиба йўқ. Улар ҳақиқий мунофиқлардир. Қуръон баъзиларнинг фақат зоҳирига таъсир этади, ботинига таъсир этмайди. Улар риёкорлардир. Қуръон ботинига таъсир этиб, зоҳи­рига таъсир этмайдиганлар Қуръон ўқимайдиган мўминлардир.

Хулоса қилиб айтганда, Қуръ­они каримни тиловат қи­лишнинг манфаати кўп. Кало­муллоҳ қироат қилиниши туфай­ли қалбларимиз нурга, хонадонларимиз файзу баракага тўлади. Оятлар раҳмат, марҳамат, шифо ва қутдир.

 

“Манҳалул ҳадис”, “Туҳфатул Аҳвазий” асарлари асосида Самарқанд вилоя­ти бош имом-хатиби

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 9-сонидан