Мақолалар

Мискинлар онаси

Чоп этилди Oktabr 26, 2019 Мискинлар онасиda fikr bildirishni o'chirish

Хайр-эҳсон қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун нафс бахил­лигини енгиб ўтиш керак. Бу иллатни даф этиб, сахийлик даражасига етганда ҳам риёдан сақланиш жуда мушкул.

Ушбу қиссамиз қаҳрамони нафс мубтало бўладиган барча иллатларни енгиб ўтди.

Баъзи саҳоба ва саҳобиялар воқеа-ҳодисалар сабаб эътибор марказига тушишган. Айнан ўша воқеалар боис улардаги метин ирода, юксак ахлоқ, саховат каби фазилатлар намоён бўлди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу қаҳрамонларни холисона баҳолаб, қиёматга қадар тилларда достон бўладиган куня билан атаганлар. “Уммул масокин” номига мушарраф бўлган онамиз шулар жумласидан.

Қутлуғ хонадон вакиласи

Хузайма ибн Ҳорис аёли Ҳинд бинти Авф билан тинч, осойишта ва мазмунли ҳаёт кечирди. Иккаласи қиз фарзандлари тарбия­сига катта аҳамият беришди. Тинимсиз меҳ­нат, Аллоҳ таолонинг мадади ила қизлар камол топишди. Хилқатлари каби хулқлари ҳам гўзал бўлди.

Солиҳларнинг солиҳа қизларини ким ҳам ўзига умр-йўлдош қилишни истамайди дейсиз?! Бу борада ҳам хонадон эгаларининг бахти кулди. Уларнинг дилбандларига солиҳ куёвлар насиб этди. Ҳатто шаҳар аҳли орасида: “Араблар орасида Ҳинд бинти Авфдан кўра қудачиликда шарафлироқ аёл бўлмаса керак. Чунки унинг куёвлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аббос ва Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Жаъфар ва Али ибн Абу Толиб, Абу Бакр Сиддиқ ва Шаддод ибн Усома розияллоҳу анҳумлардир”, деган ҳавас тарқалганди.

Мана шу муборак хонадонда вояга етган Зайнаб бинти Хузайма очиқкўнгиллиги, саховатпешалиги билан опа-сингиллари орасида ажралиб турди. У Убайда ибн Ҳорисага турмушга чиқди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арқамнинг уйига кирмасларидан бурун эр-хотин шаҳодат калимасини айтишди. Имонларини сақлаш учун кейинчалик Мадинага ҳижрат қилишди.

Бадр куни Зайнаб розияллоҳу анҳо бош-қа муслималар қатори ярадорларнинг жароҳатларини боғлаш, уларга сув ва таом беришда жонбозлик кўрсатди. Лекин шу куни эридан айрилди. Убайда розияллоҳу анҳу жанг майдонида шаҳид бўлди. Зайнаб рози­яллоҳу анҳо бева қолди.

Нубувват хонадони бекаси

Бир куни онамиз келажакда мўминлар онаси шарафига муяссар бўлиши ҳақида муборак туш кўрди. Қалбини самимий туйғулар чулғаб олди. Парвардигорининг ҳақ ваъдасини рўёбга чиқишини интиқлик билан кутар экан, таълим бериш, мискинларга ғамхўрлик қилиш каби вазифаларидан четланмади.

Ниҳоят ҳижратнинг учинчи йили, рабиул аввал ойида, 400 дирҳам маҳр эвазига Пай­ғамбаримиз алайҳиссаломга турмушга чиқди. Дунё ва охират саййидасига айланди.

Нубувват хонадони вакиллари онамизни буюк самимият билан қарши олишди. Шу ўринда онамиз розияллоҳу анҳо ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтарди. Атрофдаги ҳар бир инсон билан жуда яхши муомала қилди. Набий алайҳиссаломга бошқа аёл­лари ҳақида фақат яхшиликни гапирди. Аёллик, оналик вазифаларидан ташқари ибодат билан машғул бўлди. Хайр-саховатда ҳамда ғамгин кўнгилларни юпатишда гўзал намунага айланди. Ҳатто етим-есир, мискинларга кўп эҳсон қилиши туфайли “Уммул масокин”, яъни “Мискинлар онаси” кунясига муяссар бўлди. Эътиборга лойиқ томони шундаки, онамиз жоҳилият даврида ҳам, Исломга кирганидан кейин ҳам мискинларга жуда кўп эҳсон қилар, уларни доим таомлантирар эди.

Оғир жудолик

Исломда яшаб, имон билан вафот этиш – улкан неъмат. Онамиз ана шундай бахтли аёллардан. Турмуш қурганидан саккиз ой ўтиб, ёши ўттизга етганда Мадинада вафот этди. Ибн Калбийнинг ривоятида, ҳижратнинг тўртинчи йили, рабиус соний ойида оламдан ўтгани айтилади. Ибн Ҳажар Асқалоний: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳижратнинг тўртинчи йили, рабиус соний ойида Зайнаб онамизга жаноза намозини ўқидилар ва “Бақиъ” қабристонига дафн қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврида биргина шу аёлининг жаноза намозини ўқиганлар. Хадича розияллоҳу анҳо онамизни Макка шаҳридаги “Ҳажун” қабристонига дафн этганлар. Аммо у вақтда жаноза на­мозини ўқиш жорий бўлмаган эди”.

Нубувват хонадонида Зайнаб бинти Хузайма онамизнинг ҳаёти, мақоми қисқагина на­моён бўлса-да, у ҳақидаги маълумотлар сийрат китобларини ҳали-ҳануз безаб келмоқда.

 

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Нигора УСМОНОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан