Мақолалар

Покликнинг ҳикмати ҳақида

Чоп этилди Oktabr 26, 2019 Покликнинг ҳикмати ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Умар ибн Абу Умар (розияллоҳу анҳу) Иброҳим ибн Ало Зубайдий (розияллоҳу анҳу)дан, у Умар ибн Билол Фаззорий (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Башр Мозаний (розияллоҳу анҳу)­нинг шундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тирноқларингизни қисқартиринглар, (танангиздан) кесилган нарсаларни кўминглар, бўғинларингизни тозаланглар, милкларингизни таомдан покланглар ва тишларингизни озода тутинглар. Менинг ҳузуримга тишларингиз сарғайган ва оғзингиздан ёқимсиз ҳид анқиб турган ҳолда кир­манглар![1]»

Абу Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ҳадис­даги “тирноқларингизни қисқартиринглар” жумла­сининг ҳикмати шундаки, тирноқлар тирнаб, жароҳат етказиши мумкин, шунингдек, тирноқлар кир тўпланадиган аъзо саналади. Баъзан кирлар сабабли тирноқ остидаги танага сув етмай қолиши мумкин. Зеро, ғусл қилганда танадаги игначалик жойга сув етмай, ювилмай қолса ҳам, инсон жунуб ҳолида қолади. Инсоннинг бутун аъзосига тўлиқ сув етган тақдирдагина ғусл мукаммал бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тирноқларни қисқартиришни тавсия қилганлар. Тирноқ араб тилида “ظفر” (зуфрун) ва “أظفور” (азфурун) шаклида талаффуз қилиниб, “ظفر”нинг
кўплиги “أظفار” (азфорун), “أظفور”нинг кўплиги эса “أظافير” (азофийру) тарзда ифодаланади. Мазкур ҳадисда “أظافير” (тирноқлар) шакли қўлланилган».

Абу Довуд Мусоҳифий (розияллоҳу анҳу)нинг Назр ибн Шамил (розияллоҳу анҳу)дан, у эса Халил ибн Аҳмад (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагиларни ривоят қилганини эшитганман: «“أظافير”нинг бирлиги “أظفور” бўлиши лозим». Назр (розияллоҳу анҳу) шундай деган: «Абу Саҳл Атакий (розияллоҳу анҳу)нинг шундай де­ганини эшитганман: “أظافير”нинг бирлиги “أظفور”дир».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозда саҳв қилдилар ва: “Нима бўлди?! Сизлардан бирингиз тирноқ ва бармоқлари орасини (қўлларини дуога) кўтариб, тирноқларида жанобат ва кир бўлган ҳолда Мендан осмон хабари ҳақида сўрамоқда!”, дедилар» (ушбу ҳадисда ҳам “أظافير” шакли қўлланилган).

Ҳадисдаги “кесилган нарсаларни кўминглар” жумласига келсак, мўминнинг танаси ҳурмат-эҳтиромга лойиқ бўлиб, ундан тушган ёки зоил бўлган нарсаларга ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлиш талаб этилади. Инсон ўлгандан сўнг кўмилгани каби унинг тана
аъзоларидан тушган нарсаларни ҳам кўмиб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, тананинг бир қисмига талофат етиб (узилиб тушса), унга ҳам ҳурмат бажо келтириб, уни кўмиш лозим. Шунда мазкур кесилган ёки тушган аъзоларнинг оловга ёки ахлатга тушиб, парчаланиб кетишининг олди олинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам қон олдирганларида қонларини итлар пайҳон қилмаслиги учун уни кўмиб қўйишга буюрганлар.

Бу ҳақда отам (розияллоҳу анҳу) Мусо ибн Исмоил (розияллоҳу анҳу)дан, у Ҳунайд ибн Қосим ибн Абдураҳмон ибн Моъиз (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилади: «Мен Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу)нинг шундай деганини эшитдим: “Отам менга шундай ривоят қилди: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келдим. У зот қон олдираётган эканлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қон олдиришдан фориғ бўлгач: “Эй Абдуллоҳ ибн Зубайр! Бу қонни ҳеч ким кўрмайдиган жойга олиб бориб тўкиб кел”, дедилар. Мен четроққа бориб, қонни олдим ва уни ичиб юбордим. Мен қайтиб келганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абдуллоҳ! Қонни нима қилдинг?”, деб сўрадилар. Мен: “Қонни инсонларга энг махфий деб билган жойга қўйдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Балки ичиб қўйгандирсан?!”, дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега қонни ичдинг?! Сендан инсонларнинг ҳолига вой бўлсин! Инсонлардан сенинг ҳолингга вой бўлсин!”, дедилар”».

Шунингдек, бу мавзуда отам (розияллоҳу анҳу) Молик ибн Сулаймон Ҳаравий (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилган: «Довуд ибн Абдураҳмон (розияллоҳу анҳу) Ҳишом ибн Урва (розияллоҳу анҳу)дан, у эса Ойша (розияллоҳу анҳо)дан шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоннинг етти нарсасини кўмишга буюрар эдилар: соч, тирноқ, қон, ҳайз қони, тиш, қалфа (эркаклар олатининг учи) ва йўлдош”».

Ҳадисдаги “бўғинларингизни тозаланглар” жумласи танадаги ўзаро бириккан жойлар ва уларнинг юза қисмини тозалаш лозимлигини англатади. Чунки бу жойларда кир тўпланади. Араб тилида бўғинлар “برجمة” (баржама) тарзида талаффуз этилиб, унинг кўплик шакли “براجم” (барожим) бўлади. Тананинг бириккан жойларининг юза қисми “برجمة” деб аталади. Бирлашган жойлар орасидаги қисми эса “راجبة” (рожиба) деб номланиб, унинг кўплик шакли “رواجب” (равожиб) тарзда ифодаланади. Рожиба бўғинларнинг юза қисмига туташган бўлиб, бармоқларнинг бўғинида яққол намоён бўлади. Яъни, бош бармоқдан ташқари ҳар бир бармоқда иккита баржама ва учта рожиба бўлади. Бош бармоқда эса битта баржама ва иккита рожиба бор. Бўғинлар орасида кир тўпланиб, сув билан тананинг орасини тўсиб қўймаслиги (яъни танага тўлиқ сув етиши) ва жанобатдан буткул халос бўлишга тўсқинлик қилмаслиги учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўғинларни ювишга буюрдилар.

Ҳадисдаги “милкларингизни таомдан покланглар” жумласида милк сўзи арабча “لثة” (лисатун) сўзи билан ифодаланган бўлиб, унинг кўплик шакли “لثات” (лисотун) тарзда қўлланилади. Бу сўзнинг маъноси эса, тишларнинг тепа ва патки қисми, яъни тишларнинг ўсиб чиқадиган жойи демакдир. Тишлар орасидаги оз миқдордаги гўштлар эса “عمر” (амр) деб аталиб, унинг кўплик шакли “عمور” (умур) тарзда қўлланилади. Таом ёғлари милкда қолиб, оғиз ҳиди ўзгаради ва бадбўй ҳид пайдо бўлиб, икки фаришта (номаи аъмолни ёзиб борувчи фаришталар)га озор беради. Чунки оғиз Қуръон йўли бўлиб, икки фариштанинг ўтирадиган жойи ҳисобланади. Зеро, мазкур фаришталар инсоннинг икки тарафидаги қозиқ тишлари атрофида ўтирадилар.

Қуйидаги оятнинг тафсирида шундай ривоят келтирилган: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф, 18). Яъни, икки қозиқ тишининг олдида ҳозиру нозир бўладиган фаришталардир.

Муҳаммад ибн Али Шақиқий (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Мен отамнинг Суфён ибн Уяйна (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилганини эшитганман: “Жуда ҳам яхши айтилган сўз! Бунинг сабаби шундаки, лафз (сўз) лабларнинг амали бўлиб, сўзни тилдан фазо (ҳаво)га кўчиради”».

Мазкур оятдаги “олдида” сўзи арабча “لديه” (ладайҳи) лафзи билан ифодаланган. “لد” (ладун) ва “عند” (ъинда) сўзлари араб тилида “олдида, ҳузурида” каби бир хил маънони англатди. Шунингдек, “لدن” (ладун) сўзи ҳам шу маънодадир. Бу сўздаги “нун” ҳарфи зоида ҳарф ҳисобланади. Гўё мазкур оятларда шу нарса баён қилинганки, кузатувчи фаришта сўз талаффуз қилинган вақтда қозиқ тишлар олдида ҳозиру нозир бўлиб туради.

Ҳадисдаги “тишларингизни озода тутинглар” жумласига келсак, бу ерда мисвок ишлатиш назарда тутилган бўлиб, тишларни тозалаш тавсия қилинмоқда.

“Менинг ҳузуримга тишларингиз сарғайган ва оғзингиздан ёқимсиз ҳид анқиб турган ҳолда кир­манглар!” жумласидаги “тишларингиз сарғайган” ибораси “قخرا” (қахран) сўзи билан, “оғзингиздан ёқимсиз ҳид анқиб турган” ибораси эса, “بخرا” (бахран) ўзи билан ифодаланган. Аммо мен ёдлаган ҳадисда мазкур маънолар “قحلا” (қаҳлан) ва “قلحا” (қалҳан) лафзлари билан ифодаланган.

Жоруд (розияллоҳу анҳу) Назр (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилганини эшитганман: “الأقلح” (ақлаҳ) сўзи тишлари сарғайиб, оғзидан ёқимсиз ҳид келиб турадиган киши манъносини англатади. “قخر” (қахрун) ва “بخر” (бахрун) сўзлари бадбўй ҳидли инсонни англатишинигина биламиз. “بخر” (бахрун) сўзи “أبخر” (абахру) тарзида сифат шаклида ҳам қўлланилиб, унинг кўплиги “بخر” (бухрун) бўлади.

Жоруд (розияллоҳу анҳу) Жарир (розияллоҳу анҳу)­дан, у Мансур (розияллоҳу анҳу)дан, у Абу Али (розияллоҳу анҳу)дан, у Жаъфар ибн Таммом ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан, у эса ўз отасидан шундай ривоят қилган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мисвок ишлатинглар (тишларингизни тозаланглар) ва ҳузуримга оғзингиздан ёқимсиз ҳид келиб турган ҳолда кирманглар!”»

 

[1] Имом Суютий (алайҳиссалом) “Ад-дуррул мансур” асаридаги “Бақара” сурасининг 124-оятининг тафсирида ушбу ҳадисни келтирган ва ҳадиснинг санадида мажҳуллик борлигини таъкидлаган.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм