Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Oktabr 26, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

CАВОЛ: Бир киши вафотидан кейин ўз тана аъзосини бошқа бировга ўтказишни васият қилганини эшитиб қолдим. Шариатимизда тирик ёки вафот этган инсоннинг тана аъзосини бошқа бировга кўчириш жоизми?

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло инсонни жонзотлар ичида мукаррам қилди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).

Демак, инсон ва унинг аъзолари мукаррам, вафот этган киши ҳукми ҳам мукаррамлигича қолади. Яъни, вафот этган кишининг жасадини хўрлаш ёки бирор аъзосини кесиб олиш катта гуноҳ саналади. Шунинг учун инсон аъзоларини сотиш мумкин эмас. Ўлган инсоннинг аъзолари ворисларига мерос бўлмайди, унинг аъзоларини сота олмайдилар.

Бир инсон аъзосини иккинчи инсонга кўчириш масаласига келсак, “инсонга манфаат етказиш ва ундан зарарни даф қилиш” шаръий қоидасига биноан қуйидаги шартлар асосида бир инсон аъзосини иккинчи инсонга кўчириш амалиёти мумкин бўлади: аъзосини ҳадя қилувчи одамнинг аъзоси олинганда унинг ҳаёти хавф остида қолмаслиги; ўз аъзосини ҳадя қилувчи ихтиёрий равишда ҳадя қилиши, ҳеч ким томонидан мажбур қилинмаслиги; беморнинг касаллиги тиббиёт жиҳатидан фақат унинг аъзо кўчириш йўли билангина тузалиши мумкин деган хулосага келинган бўлиши; аъзосини ҳадя қилувчи ҳам ва янги аъзо қўйилаётган тараф ҳам жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда ўтиши ва кутилган натижага эришилишига ишонч ҳосил қилган бўлиши (Робитатул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академияси қарори ва  Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фатвоси).

CАВОЛ: Айрим кишилар икки қўл билан овқатланаётганини кўриб қоламиз: чап қўлида нон, ўнг қўлида қошиқ бўлади. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Ўнг қўли билан овқатланиш, чой ичиш суннатдир. Нон ушатиш, гўшт майдалаш каби ишларни икки қўлда бажариш мумкин. Аммо бир қўлда нон, иккинчисида қошиқ ушлаб овқатланиш суннатга хилофдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

CАВОЛ: Бир неча ёши улуғ отахонлар намоз вақти бел очилиб қолса, намоз бузилади, деди. Шу тўғрими? Бу борада тўлиқроқ маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Намоз дуруст бўлиши учун аврат бўлган аъзолар тўсилиши шарт. Чунки сатр аврат  намознинг фарзларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31-оят).

Уламоларимиз бирор-бир аврат аъзосининг тўртдан бир қисми бир муддат очилиб қолса намоз бузилади, деганлар. Аёл кишининг соқи (яъни болдири), эркак кишининг сони алоҳида аъзо ҳисобланади. Бир муддат миқдори эса бир марта тасбеҳ айтишга кетадиган вақт миқдоричадир (“Ҳошиятут Таҳтовий”).

Баъзи ёшлар калта ва тор кўйлак билан  намоз ўқияпти, руку ва саждага борганларида аврат аъзосининг тўртдан бири, ҳатто кўпроғи кўриниб қолиб, ўқиётган намозлари дуруст бўлмаяпти, баъзилар эса калта шим (шортик)да намоз ўқимоқдалар. Шим белни ёпганда тизза очилиб қолиши, тиззани ёпганда эса бел очилиб қолиши табиий. Ваҳоланки, тиззанинг ўзи ҳам алоҳида аврат ҳисоблананади, унинг тўртдан бири очилиб қолиши билан намоз бузилади. Қулай ва аврат аъзоларни ёпадиган кенг ва узун кийимда намоз ўқиш динимиз талабидир.

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 17-сонидан