Мақолалар

Ойша онамизнинг ибрати

Чоп этилди Oktabr 26, 2019 Ойша онамизнинг ибратиda fikr bildirishni o'chirish

Савол: Яқинда Бухорога саёҳат қилиб, етти пирни зиёрат қилдик. Зиёратгоҳларда баъзи хотин-қизларимизнинг юриш-туриш­лари ва ўзларини тутишларини кўриб, мусулмон давлатларидан келган зиёратчилар олдида, очиғи, уялдик, хижолат тортдик.

Муҳтарам Фатво ҳайъати ходимлари, шариатимизда хотин-қизларнинг зиёратгоҳларга бориши жоизми? Жоиз бўлса, унинг белгиланган тартиб-қоидалари борми? Шулар ҳақда маълумот берсангиз, шояд айрим хатолардан, қусурлардан холи бўлсак.

Жавоб: Аввало, Аллоҳ таоло зиёратингизни қабул қилсин. Уламоларимиз аёлларнинг зиёрати ҳақида бундай ёзадилар: “Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса (мастура ҳолатда), охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар, жоиз”.

Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг қабрларини зиёрат қилиб турганлар. Оталари Абу Бакр Сиддиқ ҳамда Умар розияллоҳу анҳумо дафн қилинганидан сўнг ҳам Ойша розияллоҳу анҳо уларнинг қабрларини зиёрат қилиб тургани тарихдан маълум. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳо укалари Абдураҳмон розияллоҳу анҳунинг Маккадаги қабри зиёратига махсус борганлари нақл қилинган.

Имом Ҳоким ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо амакиси Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабрларини ҳар жума куни зиёрат қилар экан.

Аёллар ҳам зиёратга боришлари жоиз бўлса-да, лекин бунинг ўзига хос шартлари бор. Уламоларимиз зиёратдаги жоиз ва ножоиз амалларни бирма-бир санаб ўтишган. Шулардан аёллар зиёратига оид энг муҳимларини келтиришни лозим топдик.

Зиёрат тартиби ва одоблари:

  1. Зиёратни холис Аллоҳ таоло учун қилиш.
  2. Зиёратга шариатда аврат деб қаралган, сатр қилиниши лозим бўлган жойларни ёпган ҳолда бориш. Зеро, инсон тирик вақтида қанчалик ҳурмат-иззатга сазовор бўлса, вафот қилганидан сўнг ҳам шунчалик ҳурмат-иззатга лойиқдир. Ойша розияллоҳу анҳонинг қабр зиёрати одобида барча аёл-қизларимизга гўзал ибрат бор. У зот розияллоҳу анҳо бундай дейдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинган уйимга ёпинчиқларимсиз ҳам кираверар эдим. “Мана буниси завжим, буниси эса отам”, дер эдим. Умар розияллоҳу анҳу дафн қилинганидан сўнг эса, Аллоҳга қасамки, Умар розияллоҳу анҳудан ҳаё қилганимдан кийимларимга ўраниб кирар эдим» (Имом Аҳмад ривояти).
  3. Қабристонга кирганда салом бериш. Ибн Аббос розиялло­ҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни Мадинадаги баъзи қабрларга қараб, бундай салом берганла­рини айтадилар: “Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Аллоҳ бизларни ҳам, сизларни ҳам мағфират айласин! Сизлар биз-дан олдин кетдингизлар, бизлар ҳам изингиздан боргаймиз” (Имом Термизий ривояти).
  4. Зиёрат пайти дунё машғулотларидан узилиб, охиратни эслаш.
  5. Зиёратда ғоятда вазминлик ва сокинлик билан юриш.
  6. Қабр олдида Қуръони каримдан оятлар ўқиб, марҳумни
    дуо қилиш (зиёратчи маййитнинг оёқ тарафидан келиб, ўнг тарафида туради ва қабрга юзланган, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади).
  7. Лозим бўлганда, ўтганларнинг фақат яхши сифатлари ҳақида гапириш.

Зиёратда ножоиз амаллар:

  1. Аллоҳни қўйиб қабр аҳлидан ёрдам сўраш, фарзанд сўраш, унга сажда қилиш, сиғиниш. Қабрни айланиб тавоф қилиш.
  2. Зиёратгоҳдаги дарахт ёки тошларни муқаддас санаш.
  3. Қабр аҳли номига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш.
  4. Қабристонга ясан-тусан қилиб бориш, ўйин-кулги қилиш.
  5. Қабр устидан юриш. Бир ҳадиси шарифда: “Бирор чўғ ё қилич устида юришим мен учун бир мусулмоннинг қабри устида юришимдан яхшироқдир”, дейилган (Ибн Можа ри­вояти).
  6. Қабр ёнида суратга тушиш.
  7. Қабр олдида таомланиш ва таом қолдириб кетиш.
  8. Қабрни силаб-сийпаш.
  9. Қабр олдида уввос солиб йиғлаш.
  10. Қабристонда туфлаш, бурун қоқиш ва дунёвий ишлар билан машғул бўлиш.

 

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.

Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан