Мақолалар

Нажотга эришишнинг икки асоси

Чоп этилди Oktabr 27, 2019 Нажотга эришишнинг икки асосиda fikr bildirishni o'chirish

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Ислом дини кенг тар­қалаётганининг асл омили, шубҳасиз, унинг ўрта йўл­ни тарғиб қилишидир.

Исломда дин билан дунё ишлари орасида олтин мувозанат бор. Насроний шарқшунос Демомбине ўзининг “Муҳаммад” номли аса­рида ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг муваффақиятлари боисини бундай изоҳлайди: “Ҳазрат Исонинг насиҳати охиратга тайёргарликда, бу дунё­нинг неъматларидан воз кечишга ундайди. Ислом динида тўғри фойдаланиш шарти ила, ҳеч бир (ҳалол) неъмат ёмон кўрилмайди”.

Дарҳақиқат, ўрта йўл инсон фитратига уйғун, табиатига мос. Олдинги дин­лар, илоҳий таълимотларнинг бузилишига ва охир-оқибат бекор (мансух) бўлишига ўша дин эътиқодчиларининг ўрта йўлдан оғиши сабаб бўлган. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сиздан олдинги қавмлар ҳаддан ошишгани (ифрот) ёки сусткашлик қилишгани (тафрит) учун ҳалок бўлишган”, мазмунидаги ҳадисларини келтириш мумкин.

Ўрта йўлни тутиш, мўътадиллик фа­қат­­гина эътиқодга тегишли масала эмас. У бар­ча соҳага, ҳамма замон ва макон­га татбиқ этилиши зарур. Оддий овқатла­нишни олайлик: кўп ейиш – ифрот, керагидан оз ейиш тафритдир. Эҳтиёж талабича ейиш – меъёрнинг чегараси. Имом Дорақутний: “Кўп еб-ичиш касалликларнинг бошидир”, деган мазмунда ҳадис ривоят қилган. Ислом мўътадилликни таълим берар экан, кишига танаси ва ақлига зарар берадиган даражада оч қолишни тақиқлайди. Ҳаётини хавф остига қўйишни ҳаром қилган.

Улуғлардан бири бундай дейди: “Одам­лар риёзат қилиш (нафсни тарбиялаш йўлидаги хатти-ҳаракатлар) деганда оч қолиб, нафл рўза тутишни тушуна бошладилар. Ҳолбуки, динимиз буюрган миқдорда таом ейиш, минглаб йиллар давомида рўза тутишдан фойдалироқ ва кучлироқдир. Бир одамнинг олдига лаззатли таомлар қўйилиб, иштаҳа билан ҳаммасини егиси келиб турганида, динимиз буюрган миқдорда ейиш кучли риёзатдир”.

Муҳаммад Маъсум ҳазратлари ҳам айтади: “Еб-ичишда мўътадил йўлни танлаш даркор. Бўшаштирадиган даражада кўп ейилмайди. Ибодат қила олмайдиган даражада оч юрилмайди. Буюк авлиёлардан ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд: “Яхши еб, яхши ишла”, деганлар. Хулоса шуки, ибодат ва яхшилик қилишга мадор бўлар миқдордаги озуқа яхши ва табаррукдир. Бундан камайтириш ман қилинади”.

Ҳар бир ишда, ҳатто ибодатда ҳам меъ­ёрни унутсангиз, адашасиз. Тарихда бунинг мисоли кўп. Айрим даврларда таркидунёчиликка мойиллик (ифрот) кучли бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтарганлар. Ҳозир эса, аксинча – дунёга майл зўр, ибодатларга кўпинча “вақт етмай” қолади. Бундай сусткашликдан ҳам қайтарилганмиз.

Айниқса, ақидавий масалаларда ҳаддан ошиш, ғулувга кетиш аянчли оқибатларга олиб келади. Минг афсус, бугун номи Ислом билан боғланган турли бузғунчи оқимлар ва ҳаракатлар динимизнинг ўрта йўл, адолат ва меъёр ҳақидаги таълимотидан бехабардирлар.

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом буюрганларидай яшаш тарзи ҳар томонлама қулайликдир. Ибодат­ларни қийинлаштирадиган, оқибатда ма­шақ­қатларга дучор бўладиган мусулмоннинг ўзидир. Бунга саҳобалар давридаги каби, бугун ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Ибодатдан мақсад нафсни йўқ қилиш эмас, балки тарбиялаш, унга чинакам ҳаёт бағишлаш ва уни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш маъносини билдирувчи “эҳсон” мартабасига юксалтириш, буюрилганидек истиқоматда тутишдир.

Содиқ НОСИР

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил,9-сонидан