Мақолалар

Сабр

Чоп этилди Oktabr 27, 2019 Сабрda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло инсониятни беҳисоб неъматлар билан сийлаган. Улар орасида инсон учун энг бебаҳоларидан иккитаси сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Дар­ҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Лекин хасталик гўдакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўт­майди. Инсонлар ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Балки, баъзи ҳолларда Аллоҳ таолонинг турли-туман синовлари бўлиб ўтиши мумкин. Аллоҳ таоло баъзи бандасига беморлик дардини беради. Қайсики инсон шу берилган дардга сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг синов имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб, савобга эришади. Аммо, бу синовга сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолларда мўмин мусулмонлар ўрталарида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлиши учун бир-биридан хабар олиб турмоғи лозим. Аллоҳ таоло ўз бандаларини ҳузуридан келадиган синов – имтиҳонлари, ҳар хил дард ва касал билан синаса, гоҳида бошқа ҳолат ва имтиҳонлар билан ҳам синайди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

Ва Биз сизларни баъзан бироз қўрқинч ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат беринг” (Бақара сураси, 155-оят)[1].

 «(Эй Муҳаммад!) Сабр қилинг. Сабр қилишингиз эса фақат Аллоҳ (ёрдами) билангина мумкиндир» (Наҳл сураси, 127-оят).

 «Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур» (Зумар сураси, 10-оят).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ امْرَأَةً جَاءَتْ إِلَي رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، ادْعُ اللهَ أَنْ يَشْفِيَنِي، فَقَالَ: إِنْ شِئْتِ دَعَوْتُ اللهَ فَشَفَاكَ، وَإِنْ شِئْتِ فَاصْبِرِي وَلاَ حِسَابَ عَلَيْكَ. فَقَالَتْ: أَصْبِرُ وَلاَ حِسَابَ عَلَيَّ. رَوَاهُ الْبَغَوِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­ламнинг ҳузурларига келиб бундай деди: «Ё Расу­луллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин». У зот: «Агар хоҳласанг, дуо қиламан ва Аллоҳ сенга шифо беради. Агар сабр қилсанг, (охиратда) сен ҳи­соб-китоб қилинмайсан», десалар, у аёл: «(Бўлмаса,) сабр қиламан», деди Имом Бағовий ривояти[2].

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ يُصِيبُ الْمُؤْمِنَ شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلاَّ رَفَعَهُ اللهُ بِهَا دَرَجَةً وَحَطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Мўминга тикан кирса ва ундан каттароқ мусибат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша сабабли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади», дедилар» Имом Термизий ва Муслим ривоят қилишган.

Тикан кириши ҳам мусибат ҳисобланади. Унга ҳам сабр қилиш керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لِيَسْتَرْجِعْ أحَدُكُمْ فِي كُلِّ شَيْءٍ حتَّى فِي شِسْعِ نَعْلِهِ، فإنَّها مِنَ المَصَائِبِ»

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз ҳар бир нарса (мусибат)га истиржо[3] айтсин, ҳатто ковушининг ипи узилиб кетса ҳам. Чунки у ҳам мусибатлардан бири (агарчи кичик бўлса ҳам)[4].

Бошқа бир ривоятда айтилади:

. وطفىء سراج رسول الله صلى الله عليه وسلم فقال: “إنا لله وإنا إليه راجعون” فقيل: أمصيبة هي؟ قال: “نعم كل شيء يؤذي المؤمن فهو مصيبة”.

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чироқлари ўчиб қолди. Шунда: “إنا لله وإنا إليه راجعون”, дедилар. Шу ҳам мусибатми, дейилганда: “Ҳа, мўминга азият берган ҳар бир нарса мусибатдир”, дедилар”[5].

Ана ўшандай мусибатлар етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилар экан. Шунинг учун каттаю кичик мусибат қаршисида ўзимизни комил мусулмондек тутмоғимиз лозимдир.

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ خَالِدٍ السُّلَمِيِّ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا سَبَقَتْ لَهُ مِنَ اللهِ مَنْزِلَةٌ لَمْ يَبْلُغْهَا بِعَمَلِهِ ابْتَلاَهُ اللهُ فِي جَسَدِهِ أَوْ فِي مَالِهِ أَوْ فِي وَلَدِهِ ثُمَّ صَبَّرَهُ عَلَى ذَلِكَ حَتَّى يُبْلِغَهُ الْمَنْزِلَةَ الَّتِي سَبَقَتْ لَهُ مِنَ اللهِ تَعَالَى.

Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ато этиш ирода қилинган бўлса-ю, унга банда амали билан етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ё молида, ё боласида балога гирифтор қилади. Сўнгра уни ана ўшанга токи Аллоҳдан унинг учун кетган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», – дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло гоҳида бандани ўзи унинг учун олдиндан тайёрлаб қўйган манзил – мартабага эриштириш учун ҳам балога мубтало қилиши мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтишларича, Аллоҳ баъзи бандаларга аввалдан бир мартабани тайёрлаб қўяр экан. Банда маълум амалларни қил­гандан кейингина ўша ўзи учун белгиланган мартабага эришиши керак бўлади. Аммо у шартдаги амални қилиб, ўша мартабага эришишга муваффақ бўла олмайди. Мартаба эса уни кутиб турибди. Шунда Аллоҳ мазкур бандани ё жисмида, ё молида, ёки боласида балога гирифтор қилиб, унга сабр бериб, ҳалиги балога сабр қилдириб, сўнгра олдиндан тайёрланган ўша мартабага эриштирар экан. Шунинг учун ўзига мусибат етган киши бундан кейин яхшилик келишидан умидвор бўлиб туриши керак.

عَنْ أُمِّ الْعَلاَءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: عَادَنِي النَّبِيُّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَأَنَا مَرِيضَةٌ فَقَالَ: أَبْشِرِي يَا أُمَّ الْعَلاَءِ فَإِنَّ مَرَضَ الْمُسْلِمِ يُذْهِبُ اللهُ بِهِ خَطَايَاهُ كَمَا تُذْهِبُ النَّارُ خَبَثَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Уммул Аъло розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Беморлигимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар ва:

«Эй Уммул Ало, севинавер, мусулмоннинг касали туфайли Аллоҳ унинг хатоларини худди олов олтин ва кумушнинг кирини кетказгандек кетказади», – дедилар» Иккисини Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳадиси шарифнинг маъноси тушунарли. Эркак киши бемор аёлни кўргани бориши мумкинлигини ҳам мулоҳаза қилсак бўлар экан.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَرِضَ الْعَبْدُ أَوْ سَافَرَ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ مَا كَانَ يَعْمَلُ صَحِيحًا مُقِيمًا. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Қачон банда бемор бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, Аллоҳ таоло унга соғлик ва муқим вақтида қиладиган амалларнинг ажрини ёзади», – дедилар» Имомлар Аҳмад, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонли­гининг бир намунаси. Банда бемор бўлиб қолганида соғлигимда қиладиган савоб ишларим, нафл рўза, намоз, зикрларим қолиб кетди, деб ўксимаслиги учун унга худди соғлигида амал қилиб оладиган савоблари ёзилади, буни билган банда беморликка сабр қилиши лозим. Шу билан бирга, мазкур қоидани яхши билган банда соғлик пайтида яна ҳам кўпроқ нафл ибодатлар қилиши турган гап.

Албатта, бу ҳадисларда биз ўрганган сабр ва розилик масаласи ўлим ва касаллик муносабати билан юзага чиқади. Чунки биз жаноза масалаларини ўрганмоқдамиз. Умумий бало-офатлар, дину диёнат йўлидаги бало-офатлар ҳамда шу маънодаги сабр ва ризо мавзулари Аллоҳ хоҳласа, ўз ўрнида ўрганилади.

Ўлим ва касалликка сабр қилиш, бу ишларга чин қалбдан рози бўлишда ҳам мусулмон уммати, бу умматнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари дунё тарихида нодир мисолдирлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жигар­гўшалари, биттаю битта ўғиллари Иброҳимнинг ўлимига қандоқ сабр қилганларини ўрганайлик.

Шунингдек, у зот Хадича онамиз, баъзи қизлари, Зай­наб исмли қизларининг боласи, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа яқинларининг ўлимида кўрсатган сабрлари ҳамда илоҳий ҳукм­ни розилик билан қабул қилиб олганларининг мисоли ҳамма учун ўрнакдир.

Энди у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг касалликка сабрлари қандай бўлганига биргина мисол келтирайлик.

عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ , أَنَّ أَبَا سَعِيدٍ الْخُدْرِيَّ , دَخَلَ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ مَوْعُوكٌ عَلَيْهِ قَطِيفَةٌ , فَوَضَعَ يَدَهُ عَلَيْهِ فَوَجَدَ حَرَارَتَهَا فَوْقَ الْقَطِيفَةِ , فَقَالَ أَبُو سَعِيدٍ الْخُدْرِيُّ: مَا أَشَدَّ حَرِّ حُمَّاكَ يَا رَسُولَ اللهِ , فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِنَّا كَذَلِكَ يُشَدَّدُ عَلَيْنَا الْبَلَاءُ وَيُضَاعَفُ لَنَا الْأَجْرُ “ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ , مَنْ أَشَدُّ النَّاسِ بَلَاءً ؟ قَالَ: “ الْأَنْبِيَاءُ “ . قَالَ: ثُمَّ مَنْ ؟ قَالَ: “ثُمَّ الصَّالِحُونَ , لَقَدْ كَانَ أَحَدُهُمْ يُبْتَلَى بِالْفَقْرِ حَتَّى مَا يَجِدُ إِلَّا الْعَبَاءَةَ يَتَحَرِّيهَا فَيَلْبَسُهَا , وَيُبْتَلَى بِالْقُمَّلِ حَتَّى يَقْتُلَهُ , وَلَأَحَدُهُمْ كَانَ أَشَدَّ فَرَحًا بِالْبَلَاءِ مِنْ أَحَدِكُمْ بِالْعَطَاءِ “

Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирса, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам иситмалари кўтарилиб ётган эканлар. Устларига ёпқич ёпилган экан. (Абу Саъид) қўлини ёпқичнинг устига қўйиб кўриб:

«Иситмангиз бунча ҳам баланд, ё Аллоҳнинг Расули?!» деди.

«Биз шундаймиз, биз учун бало шиддатли қилинади, ажр кўпайтирилади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичидан энг шиддатли балога учрайдиганлар кимлардеди.

«Набийлар», дедилар.

«Сўнгра кимлар?» деди.

«Уламолар», дедилар.

«Сўнгра кимлар?» деди.

«Солиҳлар. Бирлари бир бор балога мубтало бўлиб, ўлиб ҳам кетар эди. Бирлари эса фақирликка гирифтор бўлиб киядиган чопонидан бошқа нарсаси қолмас эди. Албатта, уларнинг ҳар бири ўзига берилган атодан кўра, балога кўпроқ хурсанд бўлар эди», дедилар Имом Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган[6].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари бу борада ҳам бошқа умматларга ўрнакдир. Мусулмонлар орасида беморлик пайтида ва яқин кишиси ўлганда сабр ва розиликнинг нодир намуналарини кўрсатган кишилар сон-саноқсиз.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон тушганлиги учун бир оёқлари сонидан кесиб ташланган куни ўн етти ёшли ўғиллари отдан йиқилиб ўлибди. Катта-кичик, ёшу қари у кишига таъзия билдириш учун оқиб келаверибди. Ҳар ким ўз билганича таъзия изҳор қилибди.

Аҳли фазллардан бирлари бир оёғингни олиб, жонингни омон қолдиргани учун, битта болангни олиб, бошқаларини соғ қолдиргани учун Аллоҳга шукр қил, дебди.

Шунда Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу менинг мусибатимда сендан яхшироқ таъзия айтган одам бўлмади, деган эканлар.

Имом Шофеъий дўстларидан бирининг фарзанди вафот этганида сен каби кишиларга бундай пайтларда насиҳат қилиш ноўрин, аммо сенга савоб олишинг учун қулай фурсат келганини эслатиб қўймоқчиман, деб хат ёзган эканлар.

Бунга ўхшаш ишлар барча мусулмонларга доимий ўрнак бўлиши керак.

Касалликка чалинган, бошига оғир мусибат тушган киши мусибатга сабр этмай, ўлимни орзу қилмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ يَتَمَنَّيَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ مِنْ ضَرٍّ أَصَابَهُ، فَإِنْ كَانَّ كَانَ لاَ بُدَّ فَاعِلاً فَليَقُلْ: اللهمَّ أحْيِني ما كانتِ الحياةُ خيرًا لي، وَتَوَفَّنِي ما كانتِ الوَفَاةُ خَيْرًا لي. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Сизлардан бирингиз ўзига етган мусибат сабабли ўлимни орзу қилиб қолмасин. Зотан, бўладиган иш аниқ бўлади. Балки,

اللهمَّ أحْيِني ما كانتِ الحياةُ خيرًا لي، وَتَوَفَّنِي ما كانتِ الوَفَاةُ خَيْرًا لي

(Аллоҳумма аҳйиний ма каанатил ҳаяту хойрон ли, ватаваффаний ма каанатил вафаату хойрон ли) – десин» Имом Бухорий ва Муслим ривояти[7].

Ушбу оят ва ҳадисларда бошига тушган мусибатларга сабрли, саботли бўлиш, қийинчиликларга бардош бериш, касаллик ва камбағалликларга сабр қилув­чиларга хушхабар берилиши айтилган. Биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлиб қолган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимизни дарҳол кўргани боришдир.

 

[1] Усмонхон Алимов. “Тафсири ирфон”. Тошкент: “Шарқ” нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2012 й. 1–3-жузлар. 164-бет.

[2] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980. 2-жуз. 448-бет.

[3] Истиржо – إنا لله وإنا إليه راجعون – “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасини айтиш.

[4] Яҳё ибн Шараф ан Нававий. “Ал Азкарун Нававий”. “Мишкатул исламия” матбааси. 1425 ҳ.й, 1-жуз, 138-бет.

[5] Абул Барокат Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” Байрут. “Дарун нафоис” нашриёти, 2005. 1-жуз, 85-бет.

[6] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Шуъабул ийман”. “Мусибатларга сабр қилиш боби”. Риёз: “Мактабатур рушд”. 1-босма 2003, 12-жуз, 227-бет.

[7] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Мирқотул мафотиҳ». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 288-бет.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВНИНГ

“Исломда жаноза” китобидан