Мақолалар

Тиниқ тимсол

Чоп этилди Oktabr 28, 2019 Тиниқ тимсолda fikr bildirishni o'chirish

(Достондан парча)

Таниқли шоира Замира Рўзиева муборак ҳаж ибодатини адо этиб қайтгач,
таассуротларини қоғозга тушириб, «Тиниқ тимсол» номли достон ёзди. Ушбу асардан парча эълон қилмоқдамиз.

***

…Халилуллоҳ кетди, тоғлар ораси,

Қатра сувсиз, саҳронинг энг “сара”си.

 

Ҳожарбека учун бир макон бўлди,

Арш йўллари истиғфор ила тўлди.

 

Соат етиб тўлғоқ дарди тутарди,

Ҳожар она Ҳақдан нажот кутарди.

 

Ўзи туккан тугунини Ҳақ Худо,

Ўзи ечиб, енгиллик айлаб ато.

 

Полвонкелбат ўғил келди дунёга,

Она кўнгли тўлди-ку нур, зиёга.

 

Ҳожар солиб боласини этакка,

Меҳри тошиб термулганда гўдакка.

 

Гўдаккина лаби қуруқ, чанқаган,

Томчи сувсиз она ҳоли танг қолган.

 

…Кимсасиз жой…

На гиёҳ, на сув йўқ-ку,

Кўкда қуёш забти баланд бир чўғ-ку.

 

Сув излади, сув тополмай йиғлади,

Зир югуриб жон-жонини тиғлади.

 

Сафо, Марва ўртасида нолон пайт,

Ёнаётган даштга боқиб ҳайрон пайт,

 

Сафо тоғда сув кўринди… чопди у,

Ё Раб… етиб борса… сароб топди.

 

Марва тоғда кўринди сув кейин,

Энди бу ён югурибди елдайин.

 

Яна сароб…

Шу тахлитда етти бор,

Зир югурди Ҳожар она зору зор.

***

… Шундан буён Ҳаж мавсуми етган чоқ,

Қўш тоғ аро етти қайта югурмоқ.

 

Ва Замзамдан тўйиб, тўйиб ичмоқ ҳам,

Ғуборми, дард… ҳаммасидан кечмоқ ҳам.

 

Ҳар ҳожига олий суннат бўлибдур,

“Замзам” суви кучу қувват бўлибдур.

 

О… бу сувнинг тоти баланд, шифоли,

Қанча ичсанг, кўнгил шунча сафоли.

 

Ичсанг… кўзга келгандай бўлар она,

Меҳрин тутиб тургандай бўлар она.

 

Кийса кимки ҳожиликнинг эҳромин,

Савоб ичра баланд тутсин мақомин.

 

Яхшиликлар ишқи ила яшнасин,

Ҳар қадамда бир эзгулик бошласин.

 

Замзам сувнинг таъмин асраб тилида,

Тинчлик деган тилак юрсин дилида.

 

Каъбатуллоҳ ота-бола набийдан,

Мерос эрса минг-минг йиллар наридан.

 

Замзам сув ҳам она меҳрин тимсоли,

Очга овқат, беморларга шифоли.

 

Ғаюрликнинг заволини енгган сув,

Юракларга севги бўлиб сингган сув.

 

Замира РЎЗИЕВА

2018 йил

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан