Мақолалар

«Уйини сотмасин, ўша пулни мен бераман»

Чоп этилди Oktabr 28, 2019 «Уйини сотмасин, ўша пулни мен бераман»da fikr bildirishni o'chirish

Тобеинлар замонида Абу Жаҳм деган киши бўлган. У Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳга қўшни эди. Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ Мадинадаги тобеинларнинг олимларидан бўлганлар.

Бир куни Абу Жаҳм уйини сотмоқчи бўлди ва уни юз минг дирҳамга сотди. Кейин уйини сотиб олганларга “Саид ибн Мусаййибнинг қўшни бўлгани учун яна қанча тўлайсизлар?” деди. Улар ҳайрон бўлиб “Ҳеч замонда қўшничилик ҳам сотиб олинадими?!” дейишди. Буни эшитган Абу Жаҳм уларга “Ҳовлимни қайтариб бериб, пулларингизни олинглар! Аллоҳга қасамки, уйда ўтириб қолсам, аҳволимни сўрайдиган, мени кўрса, хурсанд бўладиган, уйда йўқ бўлсам, уйимни муҳофаза қиладиган, агар ҳозир бўлсам, менга яқин бўладиган, агар бирор нарса сўрасам, ҳожатимни раво қиладиган, агар ҳеч нарса сўрамасам, ўзи менга яхшилик қиладиган, агар менга бир мусибат етса, оғиримни енгил қиладиган кишининг қўшничилигини ҳаргиз тарк қилмайман” деди.

Бу гап Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳга етди. У кишига “Сиз ҳақингизда қўшнингиз шундай-шундай гапларни гапирди” дейилди. Шунда Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ қўшниларига юз минг дирҳам юбордилар ва унга “Ҳовлингни ўзингда қолдир!” дедилар.

Манба: Islom.uz