Мақолалар

Аллоҳ суйган саҳоба

Чоп этилди Oktabr 29, 2019 Аллоҳ суйган саҳобаda fikr bildirishni o'chirish

Ўта қалтис вазиятда: «Биз сизга мусавий (Мусо алайҳиссаломга эргашганлар) Пайғамбарларига: “Эй Мусо, ўзинг Раббинг билан бориб кофирларга қарши жанг қилавер!” деган гапларини айтмаймиз, Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, биз: “Сиз ва Раббингиз жанг қилинг, бизлар ҳам сизлар билан бирга туриб жанг қилувчилармиз”, деймиз. Бизни бошланг, Аллоҳга қасамки, агар денгизга олиб борсангиз ҳам, сиз билан унга шўнғиймиз, Баркул Ғимотга бошласангиз ҳам, сизга эргашамиз», деб Набий алайҳиссаломга хайрихоҳлик билдирди.

Унинг Аллоҳ ва Расулига содиқлиги, итоати, оғир дамдаги кўмагидан Расулуллоҳ беҳад хурсанд бўлдилар.

Миқдод ибн Асвад розиял­лоҳу анҳу Исломга аввал кирганлардан. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоятига кўра, у Абу Бакр, Аммор, онаси Сумайя, Суҳайб, Билол розияллоҳу анҳумдан сўнг мусулмон бўлган. Бадр, Уҳуд ва барча бошқа ғазотларда Набий алайҳиссалом билан бирга қатнашди.

Насаби борасида ихти­лоф бор. Бир қавлда: “Қузоа қабиласининг Баҳро уру­ғилик Миқдод ибн Амр ибн Саълаба” дейилса, бошқа бирида: “Кинда қабиласидан Ҳадромий”, яна бирида: “Қора қул эди”, деб келтирилган. Шуниси аниқки, Миқдод Маккадаги Бани Зуҳра ибн Килоб қабиласининг итти­фоқдоши эди. Асвад ибн Абду Яғус ўғил қилиб олгач, уни: “Миқдод ибн Асвад” деб атай бошлаган. Қуръони каримнинг: “Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан ча­қирингиз. Шу Аллоҳ наз­дида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг ота­ларини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир…” (Аҳзоб сураси, 5-оят) ояти но­зил бўлганда табаннийлик (фарзанд қилиб олиш) бекор бўлди. Бунинг натижасида Миқдод отасининг исми билан “Миқдод ибн Амр”, деб чақирила бошлади.

* * *

Миқдод Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Сўнг Макка­га қайтди. Бироқ, айрим сабабларга кўра, Ясриб ҳиж­рати учун Набий алай­ҳис­саломга эргашолмади. Ке­йинроқ Убайда ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу раҳбар­лигидаги сария­га келиб бирлашишга муваф­фақ бўлди. Воқеа бундай кечганди: “Ўшанда Икрима ибн Абу Жаҳл бошчи­ли­гидаги бир гуруҳ қурайш­ликлар мусулмон­лар билан тўқнашди. Миқдод ва Утба ибн Ғазвон мушрик­лар сафида эди. Иккиси мусулмонлар билан жанг қилмай, аксинча улар сафига ўтиб олишди ва шу тариқа Ясрибга келишди. Мадинада Миқдод ро­зияллоҳу анҳу Кулсум ибн Ҳадамнинг хонадонига келиб тушди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни Жобир ибн Сахр билан оға-ини тутинтирдилар. Сўнг Миқ­додни Зибоа бинти Зубайр ибн Абдулмутталиб ро­зияллоҳу анҳо билан ни­коҳлаб қўйдилар”.

* * *

Ҳижратнинг иккинчи йили. Рамазон ойи. Набий алайҳиссалом: «“Менга Абу Суфённинг карвони ҳақи­да хабар келди. Олдига чиқ­сангиз, балки Аллоҳ унинг карвонини сизга ўлжа сифатида тортиқ қилар?” дедилар. Саҳобалар рози бўлиб, йўлга чиқишди.

Уч юз ўн уч саҳоба Шомдан қайтаётган Қурайшнинг минглаб туялари бор карвонига кўз тикиб турарди. Шу пайт саҳобаларнинг қал­бига саросима солган ха­бар янгради: “Абу Суфён карвон йўлини ўзгартирди. Мусулмонлардан карвонни асраш учун қурол-аслаҳалар билан тайёргарлик кўрган экан”. Хаёлларида бир ўй айлана бошлади: “Биз жангга тайёр эмасмиз”.

Пайғамбаримиз алайҳис­салом одамларни тўплаб: “Менга маслаҳат беринглар”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши гапирди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам фикрини айтди. Ўшанда Миқдод ибн Асвад Пайғам­бар алайҳиссаломнинг қош­ларига келди ва: «Биз сизга мусавийларнинг: “Сен ўзинг Раббинг билан бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар”, деган гапларини айтмаймиз. Асло! Қавмингиз ҳеч қачон тарқалиб кетмайди. Балки ўнг томонингизда ҳам, чап томонингизда ҳам, ортингизда ҳам, олдингиз­да ҳам туриб жанг қилади. Душманингиз билан кура­шади, динингизни, Раб­бингизнинг шариати­ни ҳимоя қилади”, деди. Қалби имон билан тўлган киши­нинг ушбу сўзларидан На­бий алайҳиссалом беҳад қувондилар».

Набий алайҳиссаломнинг: “Менга маслаҳат беринглар”, деб айтганларида Миқдод розияллоҳу анҳу ансорлар­ни назарда тутганларини билганди. Ансорлар у зот­га мувофиқ келмай қолиши­дан қўрқаётган эди. Чунки улар олдин фақат у зотни ўл­диришга қасд қилганлар­га қарши ёрдам беришга байъ­ат беришган. У зот алайҳиссалом билан бирга душманга қарши жанг қи­лишга келишишмаганди. Шу вақт Саъд ибн Муоз ро­зияллоҳу анҳу: “Ё Расу­луллоҳ, сизга буюрилган ишингизда бардавом бўла­веринг, биз сиз билан бир­гамиз”, деди.

Ушбу воқеанинг гувоҳи бўлган Ибн Масъуд розиял­лоҳу анҳу Миқдод айтган гапни айтишни орзу қилди ва: “Бошқа нарсаларнинг эвазига бериладиган ажрларнинг ўрни бу каби ҳолатга тенг кела олмас”, деб қасам ичди. Зеро, Ибн Масъуд Расулул­лоҳ алайҳиссаломнинг мам­нуниятлари ва Миқдодга ҳур­матларини кўрганди. Шу сабабдан ҳам бу манзарани улуғ санаб, юқоридаги гапни айтди.

Саҳобалар Бадрда ғолиб бўлиб, катта ўлжаларни қўлга киритишди.

Миқдод ибн Асвад ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Аллоҳнинг расули, айтинг-чи, агар бирор кофирга йўлиқиб, у билан уришсам ва у қиличи билан бир қўлимни кесиб ташласа, кейин дарахтга яшириниб: “Аллоҳ учун мусулмон бўлдим”, деб айтса, шундай деганидан кейин ўлдириш­га ҳақлиманми?” деб сўра­дим. У зот алайҳиссалом: “Ўлдирмагин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, бир қў­лимни кесиб, сўнг мусулмон бўлдим, деб айтган-ку”, дедим. Набий алайҳиссалом: “Ўлдирмагин. Агар ўлдир­санг, у ўлдирилишидан олдинги сенинг мавқеингда, сен эса унинг бу сўзни (яъни, Исломга кирдим) айтга­нидан олдинги мавқеи­да бўласан”, дедилар» (Мутта­фақун алайҳ).

Миқдод ибн Асвад ҳақи­да Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло менга тўрт кишини яхши кўришга буюриб, Ўзи ҳам уларни яхши кўришининг хабарини берди. Улар: Али, Абу Зарр, Миқдод ва Салмон» (Имом Термизий ривояти).

Миқдод ибн Асваддан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жубайр ибн Нуфайр, Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Ҳамом ибн Ҳорис, Убайдул­лоҳ ибн Ади ибн Хиёр ва бош­қалар ҳадис ривоят қилишди.

Миқдод ибн Асвад Миср фатҳидан сўнг 70 ёшида вафот этди.

 

“Манҳалул ҳадис”, “Фатҳул Борий” ва бошқа манбалар асосида Тошкент ислом

институти талабаси Мунаввара НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.