Мақолалар

Амир Темур Самарқанд учун қайси буюк шаҳарларни “қишлоққа айлантирган”?

Чоп этилди Oktabr 29, 2019 Амир Темур Самарқанд учун қайси буюк шаҳарларни “қишлоққа айлантирган”?da fikr bildirishni o'chirish

Амир Темур Самарқанд атрофида бир-биридан гўзал – Дамашқ, Миср, Бағдод, Султония ва Шероз каби қишлоқлар барпо этди. Бу қурилишлар тагида катта стратегик мақсадлар мавжуд эди.

Ҳозирда Сурия Республикасининг пойтахти бўлган, беш минг йиллик тарихга эга Дамашқ, инсоният тамаддунининг илк маконларидан бири ҳисобланган Миср, Ироқ Республикасининг пойтахти Бағдод, бугунги Эрон ҳудудидаги Султония ва Шероз шаҳарлари Соҳибқирон ҳукмронлик қилган даврда ҳам дунёнинг энг нуфузли шаҳарларидан эди.

Соҳибқирон Темур айнан мамлакат пойтахти Самарқанд атрофида шундай гўзал қишлоқлар қуриб, уларга нисбатан Самарқанд шаҳрининг тутган мавқейи қандайлигини яна бир бор кўрсатди.

Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак атрофининг ободлиги жиҳатидан дунёнинг энг йирик шаҳарларидан ҳам устун туриши лозим эди. Шунинг учун Самарқанд шаҳар, қолганлари эса унинг атрофидаги қишлоқларга айланди.

УЛУҒБEКНИНГ СЎНГГИ ЖАНГИГА ГУВОҲ МАНЗИЛ

photo5309777732453903747.jpg

Амир Темур томонидан Самарқанд яқинида бунёд этилган Дамашқ қишлоғи манбаларда Димишқ, Димашқ номлари билан тилга олинади.

XIV​ аср охирида асос солинган мазкур қишлоқнинг ўрни ҳозирги Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани ҳудудида бўлган. Дамашқ қишлоғида Темур сўфий шайхлар учун хонақоҳ қурдирган.

Манбаларнинг маълумот беришича, 1392 йилда Соҳибқироннинг хотинлари шу қишлоққа тўхтаб ўтган.

Суриянинг Дамашқ шаҳрида туғилган араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ (1388–1450) ўзининг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” номли асарида Самарқанд атрофидаги Дамашқ ва Шарқ шаҳарлари номлари билан аталган бошқа қишлоқлар ҳақида ҳикоя қилади.

Дамашқни ўз кўзи билан кўрган Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: “Мен Самарқанд деворларининг ҳаддида, Ғарб томондан Темур бино қилган ва Димашқ деб атаган бир қасабани кўрдим. Ушбу қасабанинг масофаси Самарқанддан тахминан ярим кунлик (йўл)дир”.

Дамашқ қишлоғи тарихи Темурнинг набираси Улуғбек (1394–1449) номи билан ҳам боғлиқ. 1449 йилнинг кузида бу ерда Улуғбек ва унинг ўғли Абдуллатиф ўртасида бўлиб ўтган жанг отанинг ўғилга мағлубияти билан тугайди. Енгилган ҳукмдор ўз пойтахти Самарқанд томон йўл олади. Бироқ Самарқандда ҳоким этиб қолдирилган Мироншоҳ қавчин хиёнат йўлига ўтади. Улуғбекни шаҳарга киритмай, дарвозаларни беркитиб қўйишга буйруқ беради.

КЛАВИХО ҚЎНИБ ЎТГАН ҚИШЛОҚ

photo5309777732453903746.jpg

Самарқанд жанубидаги Миср қишлоғи ҳам Темур бунёд этган обод манзиллардан бири. Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Миср қишлоғи Соҳибқирон томонидан XIV ​аср охирида асос солинган ва Қоҳира (Миср) шаҳри шарафига шундай номланган.

Миср қишлоғи яқинида Темурнинг “Давлатобод” номли боғи жойлашган. 1404 йилда Соҳибқироннинг Самарқанддаги саройига йўл олган испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо шу қишлоқдан ўтган. Миср қишлоғига туташ бу боғда тўхтаган испанлар бир неча кун қишлоқ ва боғни кузатиш имконига эга бўлганлар.

Улуғбек расадхонаси ўрнини аниқлаган ва бу ерда қазишма ишларини олиб борган археолог Василий Вяткин (1869–1932) изланишларидан Миср қишлоғи ХХ аср бошларида Самарқанд шаҳридан жанубда, Дарғом каналининг чап қирғоғи яқинида, Аббос ва Қораунас ариқлари этагида ястаниб ётган тўғри тўртбурчак шаклидаги катта қадимги манзил ўрни сифатида мавжуд бўлганини биламиз.

ТEМУРИЙЗОДАЛАР ТАҚДИРИДАГИ ШEРОЗ ҚИШЛОҒИ

Самарқанд шаҳри чеккасидаги Шероз қишлоғи ҳам Соҳибқирон бунёдкорлиги маҳсули. Ушбу қишлоқнинг қадимги ўрни ҳозирги Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудида бўлган. У ҳам Темур томонидан XIV аср охирида бунёд эттирилган.

Амир Темур вафотидан сўнг, Соҳибқирон қолдирган валиаҳдни тан олмасдан, Темур тахтини эгаллашга киришган Халил Султон 1405 йилнинг мартида пойтахт Самарқанд томон йўл олади. Шероз қишлоғи яқинига етиб келганида аъёнлар Соҳибқирон васиятини бузиб, уни иззат-икром билан кутиб оладилар ва Зарафшон бўйида амир Арғуншоҳ унга шаҳар калити билан Темур хазиналарининг калитларини ҳам топширади. Шундай қилиб, Халил Султоннинг тахт томон ташланган биринчи муҳим қадами шу қишлоқ яқинида бошланади.

Тарихнинг гардиши билан султон тахтининг қўлдан кетиши ҳам айни шу қишлоқ номи билан боғлиқ. Соҳибқирон саркардаларидан бири, Халил Султоннинг отабеги (мураббийи) Амир Худойдод Ҳусайний Хўжанд сувидан ўтиб, 1409 йил 30 мартда Шероз қишлоғида Халил Султон билан жанг қилади. Темурнинг набирасини енгади ва уни асирликка олади. Шундан сўнг, у Самарқандни забт этади. Мирзо Халил номидан ҳукмлар битиб, эълон қила бошлайди ва Мовароуннаҳрни эгаллаб олади.

Бундан ташқари 1451 йил 10 июнда Шероз қишлоғи яқинида темурий Абу Саид ва Мовароуннаҳр тахтига ўтирган темурийзода Мирзо Абдулла ўртасида жанг бўлади. Мирзо Абдулла мағлуб этилиб, Абу Саид буйруғига кўра ўлдирилади. Шундай қилиб, Шероз қишлоғи яқинидаги жанг натижасида Абу Саиднинг 1451–1469 йиллардаги ҳукмронлиги бошланади.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,

Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабаси

 

ЎзА