Мақолалар

Агар мен ҳар қаён бўлсам

Чоп этилди Oktabr 29, 2019 Агар мен ҳар қаён бўлсамda fikr bildirishni o'chirish

Менинг исмим Увайс. Яманнинг Қаран қишлоғида туғилдим. Отамни эслолмайман, мени онам улғайтирди.

Онамнинг оёқлари жаннат устида эди. Ҳароратли кафтларидан гул ифори тараларди. Кўзлари қоп-қора тун бағридаги деразалар каби эди. Юлдузлари йўқ эди кечала­рининг…

У мени хоҳлаган пайти тутиб оларди. Мен эса асло тутолмасдим қорачиқларини. Унга қараганимни аниқ биларди ва буни қандай уддалаётганини англолмасдим.

Кўрмасдан севишни ундан ўргандим. Кўзларимни юмиб гапириш болаликдан қолган одат.

Гоҳида: “Она, мана бунга қаранг!” деб юборардим. Чўлни теран сукунат қопларди, қуёш юзини булутлар тўсарди. Йиғлаб онам­ни қучоқлардим. У жилмаярди. Борлиқ қайтадан ёришиб кетарди…

Кун келиб бир исм эшитдим. Қалбимга ўт тушди ўша ондан…

Онажон, меҳр ила: “Юзинг юзимга ўхшайди,  қошларинг қошларимга…” дердингиз. Яна айтардингиз: “Қанийди, кўзларингни кўролганимда…” “Кўзларим кўзларингиз билан бир хил”, жавоб  қилардим мен. Энди тушуняпман кўнглингиздан қандай ҳислар кечганини.

Эшитдимки, Маъшуқ юзи ойдан ойдин экан,  ҳилолга ўхшаркан қошлари. Бир кўрган ёнидан айрилолмай қоларкан. Кулганида тишлари ялтираркан дурдек. Қўллари кўпинча етим қўлин тутаркан. Кўпинча маҳзун юраркан, кўзёш тўкаркан тун бўйи. Унсиз-унсиз йиғларкан. Унсиз дейдилар, бироқ мен ҳар кеча чўлни қоплаган нолаларини  эшитардим. Уйқудан йиғлаб уйғонишимнинг сабаби шу эди.

Онажон, Маъшуқни кўриш учун қиш­лоғига борганим эсингиздами? Ўша куни қўлларингизни ҳидлай-ҳидлай хайрлашдим, йўл бўйи димоғимдан гул ифори кетмади. Худди менга ҳамроҳдек эдингиз.

Ул муборак уйга яқинлашдим, юрагим уряптими, йўқми – англолмасдим. Остонасини ўпдим, худди муборак қўлларини ўпгандек. Дийдорга жуда яқин қолганди. Эшик очилди, аммо У зотни кўролмадим. Уйда йўқ эдилар. Кутиб турсам бўларди, бироқ сиз ёлғиз эдингиз, ожиз, хаста эдингиз.

Маъшуқни севганлар жудаям кўп, У зотнинг ўлимга тик боқадиган ошиқлари бисёр. Сизнинг эса мендан бошқа ҳеч кимингиз йўқ. Қайтдим ҳузурингизга. Англадимки, ҳамма йўллар Унга олиб чи­қаркан. Раббим кафтларингиздан йиллар мобайнида менга Маъшуқ исларини туйдирган экан димоғимга.

 

Агар мен ҳар қаён бўлсам,

кўнгил сендан жудо бўлмас,

Магар минг йил наво қилсам,

сенинг дардинг адо бўлмас.

Тиларман васлини тинмай,

неча йиллар юриб сарсон,

Бориб айтинг ўшал ёрга

жудоликдай бало бўлмас.

 

Онажон, сизга хушхабарим бор – Маъшуқ бу кун хуш ифорли хирқасини юборибди. Биргина тилагим – бу муборак либос куч бўлсин У зотсиз яшаяжак умримда ва сизга нур бўлсин қоронғи қабрингизда…

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.