Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Oktabr 30, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

СаволНамозда қаерга қа­раш керак?

Жавоб: Намозни бошлаган киши тик турган ҳолида сажда қи­ла­диган жойига, руку ҳолатида оёқ устига, сажда ҳолатида бурнининг учига, ўтирганда эса бағрига қараб ўтириши одобдан ҳи­собланади (“Бадоеус саное”).

Савол: Жаноза намозини ўқи­ётган айрим кишиларга аҳамият берилса, имом ҳар “Аллоҳу акбар” деганида, бошларини тепага кўта­риб қўядилар. Шу тўғрими?

Жавоб: Жаноза намози асноси­да имом такбир айтганда, иқтидо қилган­лар юзини осмонга кўтариши шариатимизга зиддир.

Шу ўринда билишимиз керакки, жаноза намозини тўрт такбирини айтиш имомга фарз бўлгани каби, иқтидо қи­лувчиларга ҳам фарздир. Агар иқтидо қилувчи такбирлардан бирортасини айтмаса, намози дуруст бўлмайди (“Ҳидоя”).

Савол: Аёл киши узрли бўлган (ҳайз ва нифос) пайтида истиғфор, тасбеҳ ва зикрларни айтиб юрса бў­ладими? .

Жавоб: Аёллар узрли бўлган пайт­ларида тасбеҳ, таҳлил, истиғфор ва салавотлар айтиб, дуолар қилиш каби савобли ишларни бажаришларига шариатимиз рухсат берган.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Азкор” китобида бундай деган: “Таҳоратсиз, жунуб, ҳайз ва нифос ҳолатидаги кимсалар қалблари ва тиллари билан зикр қилишлари жоиз эканига уламолар иттифоқ қилишган. Зикр қилиш – тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), таҳ­лил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), ҳамд (Алҳам­дулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишдир”. Узрли аёллар Қуръони каримни ушламайди ва ўқимайди. Лекин эшитишлари жоиз.

Савол: Қизимнинг турмуш ўр­тоғи сафарга кетган эди. Айрим кишиларнинг айтишича, эр-хотин олти ой давомида кўришмаса, ўртага талоқ тушиб, қайтадан никоҳ ўқитиш керак экан. Шу гап ростми?

Жавоб: “Эр-хотин олти ойдан ортиқ кўришмасдан яшасалар, ўрта­ла­рига та­лоқ тушади ва никоҳ бузилади”, деган гап нотўғри.

Савол: Қиблага юзланишга қодир бўлмаган бемор намозини қиблага қа­рамасдан ўқиши мумкинми?

Жавоб: Бемор қиблага ўги­рилиб олишга кучи етмаса ёки ёрдам берадиган одам ҳам топа олмаса, қайси томонга қараб намозини ўқиса ҳам бўлаверади. Кейин қайта ўқимайди. Аммо қиблага қаратиб қўядиган одам бўла туриб, ундан ёрдам сў­рамай, бошқа тарафга қараб ўқиган намози дуруст эмас (“Фатавои ҳиндийя”).

Савол: Яқинда вилоятлардан би­рига сафар қилиб, бир масжиднинг ҳов­лисида қушларнинг ҳайкалчаларини кўр­дик. Шу жоизми?

Жавоб: Намозхоннинг олд тарафида ҳайкалчалар турса, намоз дуруст бўлмайди. Ён ёки орқа томонда бўлса, макруҳдир (“Бадоеус саное”).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ тайёрлади.

«Ҳидоят» журналининг 2019 йил, 9-сонидан