Мақолалар

Ислом таълимотида энг улуғ одоб

Чоп этилди Oktabr 30, 2019 Ислом таълимотида энг улуғ одобda fikr bildirishni o'chirish

اله الخلق مولانا قديم و موصوف باوصاف الكمال

Маъно таржимаси:

Барча махлуқотларнинг илоҳи – Эга­миз қадимдир ва комил сифатлар билан сифатлангандир.

Назмий баёни:

Эгамиз қадимдир, олам илоҳи,

Бенуқсон комилдир Унинг сифоти.

Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший раҳматуллоҳи алайҳ дастлаб ило­ҳиёт бобига
тааллуқли масалаларни баён этади. Мў­миннинг Раббисига нисбатан одоблари ило­ҳиёт қисмида ўрганиладиган масалаларнинг мағзидир.

Ислом таълимотидаги энг улуғ одоб  Аллоҳ таолога нисбатан бўлган одобдир. Уламолар Аллоҳ таолога нисбатан одобларни ўрганишдан олдин У зотни Ўзи ва Расули танитганидек таниб олиш лозимлигини уқтирадилар. Аҳмад ибн Осим
Антокий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимки Аллоҳ таолони қанча кўпроқ таниса, шунча тақ­водор бўлади”, деган.

Шу маънода Парвардигор ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади:

– Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот.

– Аллоҳ таоло осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган, барчасининг ададлари билан билиб турувчи Зот;

– Аллоҳ таоло Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи Зот;

– Аллоҳ таоло бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир Зот;

– Аллоҳ таоло бандаларига ҳатто улар санай олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи Зот;

– Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли ягона Зот.

Аллоҳ таолонинг юқорида зикр этилганлардан бошқа сифатларини ҳам Қуръон ва суннатда баён қилинганидек билиб олиш керак.

Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари

Биринчи одоб: Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш. Бу қуйидагича амалга ошади:

– Аллоҳга муҳаббат бошқа барча муҳаббатлардан муқаддам туриши;

– барча яхши кўрилган нарсалар Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқиши;

– банда қалбидаги Аллоҳ муҳаббати бош­қа барча муҳаббатларни бўйсундириши.

Иккинчи одоб: Аллоҳ таолони кўп зикр этиш. Парвардигорга имон келтирган, У зотни яхши кўрган банда қалбида муҳаббат ва рағбат, тилида дуою тасбиҳ, тоат-ибодат билан доимо У зотнинг зикрида бардавом бўлиши лозим. Аслида бу ишларнинг барчаси имон тақозоси, Парвардигорнинг буйруғидир.

Учинчи одоб: Аллоҳ таолонинг ҳукмларига амал қилиш. Банда Парвардигорнинг буйруқларига сўзсиз итоат этиши, қайтариқларидан қатъий қайтиши лозим.

Тўртинчи одоб: Аллоҳга ибодат қилишда ихлосли бўлиш. Зеро, амалларнинг қабул этилиши ихлосга боғлиқ. Қанчадан-қанча машаққат билан адо этилган амалларнинг қиёмат кунида заррача фойда келтирмаслиги ихлос йўқлиги сабаблидир.

Бешинчи одоб: Доимо Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис этиш. Парвардигорнинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшаш бандани доимо тоат-ибодатларга ғайрат қилишга, маъсиятлардан сақланишга ундайди.

Олтинчи одоб: Аллоҳ таолодан қўрқиш. Абул Қосим Ҳаким: “Ким бирор нарсадан қўрқса, ундан қочади, Аллоҳдан қўрққан Унга қочади”, деб айтган.

Аллоҳ таолодан қўрқиш банда учун кўп­лаб манфаатлар келтиради:

– маъсиятлардан қайтаради;

– тоат-ибодатларга ундайди;

– қалб доимо Аллоҳни ёд этади;

– қалб Аллоҳ қўрқуви билан тўлиқ бўлгани сабабли бошқа қўрқувларга ўрин қолмайди.

Еттинчи одоб: Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш. Банда Аллоҳ таолонинг ўзини доимо кўриб, ҳолатларидан хабардор бўлиб турганини билиши ва У зотдан ҳаё қилиши лозим.

Ҳақиқий ҳаё қилиш учун банда:

– боши, қулоқлари, кўзлари ва тилини маъсиятлардан тияди;

– қалбини гуноҳлардан асрайди;

– ҳаром озуқаларни истеъмол қилишдан сақланади.

Кимда ушбу сифатлар топилса, ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади.

Саккизинчи одоб: Тақво қилиш. Тақво нима эканини уламолар қисқа ва лўнда тушунтириб қўйган. Абу Абдуллоҳ Рўзборий: “Тақво – сени Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсадан ўзингни олиб қочишингдир”, деган. Ибн Ато: “Тақвонинг ташқи ва ички тарафи бор. Ташқи тарафи шариат ҳукмларига риоя этиш, ички тарафи эса ният ва ихлосдир”, деб айтган.

Тўққизинчи одоб: Аллоҳ таолога таваккул. Банданинг Парвардигорга таваккули унинг имони комил экани белгисидир. Яҳё ибн Муоздан: “Киши қачон таваккул қилувчи бўлади?” деб сўрашди. У: “Қачон Аллоҳнинг “Ал-Вакил” (барча ишларда Унга суяниладиган Зот) эканига рози бўлса”, дея жавоб берди.

Ўнинчи одоб: Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш. Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун рад этса, албатта, имонини комил қилибди”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таолони яхши кўриш пайғамбарлар ва солиҳ бандаларни яхши кўришни ҳам тақозо этади. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларни яхши кўриш эса уларга эргашиш ва кўрсатмаларига риоя этишни тақозо қилади.

Ўн биринчи одоб: Қазо ва қадарга рози бўлиш. Мўмин ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига имон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра хурсанд бўлса, шукр, хафа бўлса, сабр қилади.

Ушбу одобларга риоя этиб, уларнинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ айласин.

 

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент  ислом институти ўқитувчиси

«Мўминалар» журналининг 2019 йил, 3-сонидан