Мақолалар

Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емасликda fikr bildirishni o'chirish

Имом Аҳмад ва Имом Термизий Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белини қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси муборакларни ўрганиш жараёнида динимиз кўрсатмалари қадриятларимиз ва урф-одатларимизга нечоғли уйғунлашиб кетганига амин бўламиз. Чунки аждодларимиз фарзандларига мурғаклигиданоқ бу тарбияларни сингдириб борганлар. Зеро, саодатга бошлайдиган бу сифатларни фарзандлар қалбига нозик йўллар билан жо қилмоқ учун тарбияни жуда барвақт, яъни фарзанд дунёга келган кундан бошламоқ зарур. Мирзо Бедил ҳазратлари айтганлар:

Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

Юлдузга етса ҳам, қийшиқдир девор.

Шунингдек, халқимиз орасида эътироф этилган дастурхон атрофида ўзини тутишга доир қуйидаги қоидаларни ҳам билиш муҳимдир:

чақирилмаган жойга борманг;

таклиф этилган жойга кечикманг;

мезбонлар таклиф этмагунча, дастурхон атрофига ўтирманг;

дастурхонга узоқ ҳам, яқин ҳам ўтирманг;

сочиқча билан олдингизни тўсманг;

овқатланаётганингизда таомни одоб билан тановул қилинг;

нонни бўлакларга бўлиб енг;

оғизни тўлдириб овқатланманг;

шошмасдан овқатланинг;

тирсакларингизга таянманг ва кенг қўйманг;

ким биландир сўзлашмоқчи бўлсангиз ҳам, ёнингиздаги меҳмонга орқа ўгирманг;

оғизда овқат билан гаплашманг;

катталар ўрнидан турганида, дастурхон ёнидан четланиб, улар хонадан чиқиб кетганидан кейингина ўрнингизга ўтиринг;

стулда ястаниб, ялпайиб ўтирманг;

дастурхон атрофида ўз хасталикларингизни сўзламанг;

мезбон овқатланишни меҳмонлардан сўнг тугатиши лозим;

дастурхон атрофида баланд овоз билан гаплашманг;

ҳамма овқатланиб бўлмасидан ўрнингиздан туриб кетманг.

Муҳтарам ота-оналар ва азиз мураббийлар бу одобларни тарбиянинг пойдевори деб билишлари ва фарзандларга ҳар куни сабр билан ўргатишлари, ўзлари ибрат кўрсатишлари лозим бўлади. Зеро, бу фазилатли амаллар инсонни азиз қилади, улар одамлар билан ўзаро муомала-муносабатда жуда муҳимдир.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм