Мақолалар

“Киши севгани билан бирга бўлади”

Чоп этилди Oktabr 29, 2019 “Киши севгани билан бирга бўлади”da fikr bildirishni o'chirish

“Севги” сўзини эшитган ҳар бир кишининг қалбини майин шабада силаб ўтгандек бўлади. Чунки инсон зоти борки, “севги” деган бебаҳо туйғудан бебаҳра қолмайди. “Мен ҳеч қачон севги деган нарсани билмаганман” дея лоф урувчилар “севмаганман” деганда аёлни назарда тутиб айтади. Аммо уларнинг молу дунёга, пулга, отга, машинага, амалга… кўнгил қўйганига шубҳа йўқ.

Севгининг асосий шарти – итоат этмоқ. Инсон бировни бенуқсон кўргани учун севади ва шубҳасиз, унинг итоатига киради. Унинг ҳар бир айтганини бажо қилишга жонини гаровга қўйиб бўлса-да, жидду жаҳд этади. Кейинчи…

Модомики, инсон севгисиз яшай олмас экан, унда бу муқаддас туйғуни камчиликлардан холи бўлган Зотга нисор этмоқ фойдали эмасми!..

Ушбу мавзуда “Насойим ул-муҳаббатда  ибратли бир ҳикоят келтирилган:  “Абдуллоҳ Муборак қ. т. с. …Анинг тавбасининг ибтидоси бу эрдики, бир канизак ишқиға гирифтор бўлди. Бир қиш кеча тонг отқунча маъшуқ девори тубида туруб эрди ва устига қор ёғадур эрди ва ул хабарсиз. Саҳар намозин айтурда ул хуфтан соғинди. Кундуз бўлғондин сўнгра ул ҳолға воқиф бўлди, ўзига дедики, эй Муборакнинг номуборак ўғли, уёт санга бу авқотингдинки,  агар имом намозда бир сурани узунроқ қироат қилса, ториқиб, телбарарсен ва мунунгдек кеча нафсинг ҳавосиға тонг отқунча мундоқ азоб тортарсанки, суубатидин хабаринг йўқтур. Кўнгли бу дарддин бузулди ва бори ишдин тавба қилди ва сулукка машғул бўлди. Иши ул ерга еттики, Маккадин Мадинаға дегинча маҳофасин ашроф эгинлариға кўтариб элтурлар эрди”.

Бинобарин, бандани ёки бошқа бирор махлуқотни севсангиз, сиз ундаги фазилат деб билган нарсалар вақти келиб кўзингизга иллат бўлиб кўрина бошлайди ва ундан кўнглингиз қолади. Узоқ йиллар унинг учун куйиб-ёнганларингиз, вақтингиз, кучингизни сарфлаганингизга ачинасиз, ҳатто ундан нафратланасиз.

Аллоҳни севсангиз, қалбингиздаги севги ўти ҳеч қачон сўнмайди, аксинча, йилдан-йилга, кундан-кунга кучайиб бораверади ва айнан севгингиз туфайли мақомингиз юксалади.

Аллоҳни севиш эса Унинг ҳабибини севиш билан собит бўлади.

Аллоҳ таоло бир ояти каримада Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир” деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир” (Оли Имрон, 31), дея амр қилди.

Саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни жондан ортиқ севдилар ва комил ишонч билан ортидан эргашдилар. Шундай эдики, асҳоби киром Расулуллоҳга яқинлашмоқ учун юрган йўлларидан юрар, дам олган ерларида дам олар, унга бўлган муаззам ишқини ҳар фурсатда итоат қилиб изҳор этар эди.

Ҳазрати Али карамуллоҳу важҳаҳудан: “Расулуллоҳга бўлган севгингиз қандай эди”, деб сўраганларида: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам бизга отамиздан, онамиздан, болаларимиздан ва молларимиздан ҳам севимли эди. Ҳатто у бизга иссиқ кунда муздек бўлиб турган сувдан ҳам севимли эди”, деб жавоб бердилар.

Нақадар мукаммал иймон, оташин муҳаббатки, томоқни қуритган, жигарни қовурган чўлнинг қайноқ қумлари ҳароратида куяр экан, икки нарсадан бирини танлашни айтсалар: куйган бағрини салқинлатадиган сувними ёки чанқоқ зўридан оғзи қақраса-да кўнглини шод этган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ортидан эргашмоқними? Улар иккинчи йўлни афзал билар эди.

Оиша онамиздан Сарвари оламга бўлган муҳаббатини сўраганларида: “Миср аҳли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзаллигини эшитганида эди, Юсуф алайҳиссаломнинг бозорига сира ҳам пул сарфламасди. Зулайҳони маломат қилган хотинлар Расулуллоҳнинг порлаган ёноқларини кўрсалар эди, қўллари ўрнига қалбларини кесарди ва оғриғини сезмас ҳам эди”, деган эканлар.

Улар шундай севдилар. Унинг ишқини кўнгилларининг энг мумтоз ерларига жойладилар. Абадиятга ишондилар, ёнларида экан, қалбининг тубида Унинг муҳаббатини ҳис эттилар…  бир нафас ёнидан айрилганларида эса соғинч ва ҳасрат билан дучлашдилар. Илло, Унга итоат этмоқ – Аллоҳга итоат этмоқ эди. Парвардигор ояти каримада: “Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур...” (Нисо, 80), дея марҳамат қилиб қалби уйғоқ инсонлар юрагига унинг ишқини жойлаб қўйган эди.

Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охирот кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнаклар бор эди” (Аҳзоб, 21), дея амр этди.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ҳавас қиладиган бир қаҳрамони бўлади. Мўминнинг ўрнак оладиган ягона қаҳрамони эса инсон зотининг энг шарафлиси бўлган Пайғамбар алайҳиссаломдир. Оятда ишорат этилгани каби “Аллоҳдан ва охирот кунидан умидвор бўлганлар ва Аллоҳни кўп зикр қилган”лар ўзларига кимнинг ўрнак бўла олишини кўз олдига келтиради. Севмоқ – эргашмоқдир. Маъшуқнинг ҳар бир амалига, отган одимига эргашмоқ… шу жиҳатдан, севги мунтазам сайъ-ҳаракат ва парваришни, юксалишни талаб қилади.

Севги фақат сўз ва туйғудан иборат бўлса эди, рўза ва намозга эҳтиёж қолмас эди”, дейди улуғларимиз. Демак, Пайғамбаримизнинг йўлидан, изидан юрмоғимиз,  амалларимизни унинг суннатларига таяниб бажармоғимиз керак экан. Унга эргашмаганлар эса бошқаларга эргашиб адашиб-улоқиб кетади. Бу ҳолни Умар розияллоҳу анҳу: “Ишонганингиз каби яшамасангиз, яшаганингиз каби ишона бошлайсиз”, деб тушунтирганлар.

Севгининг мукофоти жуда буюк – абадий биргалик. Ҳазрати пайғамбар алайҳиссалом ҳузурида Савбон розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг Расулига маҳзун бир қиёфада боқиб ўтирарди. Унинг ҳазинлиги Пайғамбаримизнинг эътиборини тортди.

Савбон! Сенга нима бўлди? – деб сўрадилар.

Ҳазрати Савбоннинг юрагини куйдираётган бир андишаси бор эди – Севгилисидан, яъни Расулуллоҳдан айро тушмоқ. Бу айрилиққа чидай олмас эди.

– Ота-онам, молу жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Сизнинг ҳасратингиз мени ёқиб-қовурмоқдаки, Сиздан айро кечирган ҳар куним менга ҳижрон азоби бўлиб кўринмоқда. Дунёда шундай бўлса, охиратда нима бўлади, дея дардим ортиб боряпти. У ерда Сиз пайғамбарлар билан бирга бўласиз. Менинг эса ҳолим нима бўлиши, қаерда бўлишим маълум эмас! Мабодо, жаннатга кира олмасам, сизни кўрмоқдан буткул маҳрум бўламан! Бу ҳол менга азоб бераётир, ё Расулуллоҳ! – деди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Савбон билан биргаликда асҳобига ва қиёматга қадар келажак бўлган умматига таскин бериб мана бу муждани бердилар:

– Киши севгани билан бирга бўлади(Бухорий, Муслим).

Мазкур ҳадиси шарифдан аён бўладики, ҳаётимизда кимни ёки нимани қалбимизга султон айласак, охиратда у билан бирга бўлар эканмиз, унинг атрофини маскан этар эканмиз. Меҳрибон Аллоҳ ва Ҳабибининг ишқини қалбимизга жойласак, Пайғамбаримизнинг йўлидан чалғимасак, қиёматда у зот билан бирга бўлиш бахтига эришар эканмиз, бундан улуғ саодат борми?!

Дамин ЖУМАҚУЛ