Мақолалар

Энг енгил садақа

Чоп этилди Yanvar 25, 2019 No Comments

Мусулмон киши яхшилик қилишга астойдил интилади. Чунки у эзгулик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун улуғ ажрларга эга бўлишига қатъий ишонади. Яхшиликларнинг энг енгили ва атрофимиздаги инсонларга тез таъсир кўрсатадигани табассумдир.

Табассум ҳам садақадир. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, садақани фақат моддий мол-мулк шаклидагина тушунмаслигимиз керак. Ислом дини мўътадиллик устига қурилган. Динимиз қовоқ солиб юришга ҳам, муттасил ҳазил-мутойиба, қаҳқаҳа уриб кулишга ҳам буюрмайди. Балки мийиғида жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, бундай кулги мўминнинг сифатидир.

Киши табассум қилганида юздаги ўн еттита мускул ишга тушади. Табассум юз учун бадантарбия ҳисобланади. У инсон жисми ва ақлига фойда, қон босими ортиши ва юрак хасталикларидан ҳимоя этади ҳамда инсонда ўзига ишончни ҳосил қилади. Хушчақчақ кишилар одатда қўли очиқ бўлади.

Табассум мия фаолиятини кучайтириш билан бирга, атрофдагиларнинг руҳиятига хам ижобий таъсир этади. Набий (алайҳиссалом) саҳобаларга тез-тез табассум билан қарардилар. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрган бўлсам, менга албатта табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳатто ҳаётларининг охирги кунлари, дард жуда оғир келиб, ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бомдод намозини ўқиб бераётганларида эшикдаги пардани кўтариб, табассум қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни очиқ юзли, ҳалим бандаларидан қилсин.

 

Нигора НЕЪМАТ қизи,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan