Мақолалар

Бола тушунмайди, катталар-чи?

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 Бола тушунмайди, катталар-чи?da fikr bildirishni o'chirish

Интернет тармоғида ёзилишича, Хитойда бир ота-она уч ёшли фарзандининг аслида соғлом бўлган кўзлари кутилмаганда ғилайлашиб қолганини кўриб шифокорга олиб боришибди. Текширув, суриштирувлардан маълум бўлишича, бола хархаша қилмай тинч ўтириши учун онаси унга доим телефон тутқазиб қўяркан. Ярим йилдан кўпроқ ҳар куни бир неча соатлаб телефоннинг митти экаранига тикилиб ўйин ўйнаш оқибатида кичкинтойнинг соғлом кўзлари ғилай бўлиб қолган экан. Хабарни ўқиркан, тасаввуримдан митти бармоқчаларининг моҳир ҳаракатлари билан телефон экранидаги шитоб воқеаларни бошқараётган, ғайритабиий ўйинлар оламига шўнғиб  кетган болалар тизилиб ўта бошлади. Ҳатто айрим оилаларда инжиқ болаларни юпатиш воситаси қўлига телефон тутқазиш бўлиб қолди. Беихтиёр хаёлдан телефонга “тутқунлик” касри жисму  руҳи, ақлу тафаккурида асоратлар қолдирганларнинг сон-саноғи бормикин, деган савол ўтди. Бунинг ҳисобига етиб бўлмайди, чунки у сафлар дақиқалар сайин кенгайиб, “ёшариб” бормоқда.

“Боламнинг иштаҳаси йўқ, овқатни яхши емайди”, “Кечаси ухлаши қийин”, “Кўп шамоллайди, томоғи оғрийверади”, “Ўқиш, ёзиш, чизишга қизиқмайди…” – айниқса, ёш оналарни ўйлантираётган бу каби муаммолар кўп. Эътибор билан кузатсангиз, ҳатто йўл транспортида ҳам айрим аёлларнинг ёки ўзи телефонга банд, ёки боласининг қўлига телефон тутқазиб қўйган. Улар шу ҳолатида гўёки атрофдаги ҳаёт манзаралари, гўзал табиат бағридан кўзига, қалбига парда тортиб ўтиб бораётганга ўхшайди.

Ибратли ҳикояда айтилишича, бекорчиликдан зериккан болага шўрва бемаза туюлиб, нари суриб қўйибди. Шундан сўнг мулоҳазакор она фарзандини ҳовлидаги ишларни бажаришга мажбур қилибди. Кун бўйи меҳнатда хориган, очқаган ўғил олдига қўйилган  ўша овқатни тотиб кўриб: “Онажон,  мунча ширин шўрва пиширибсиз”, деган экан. Энди тасаввур қилайлик: бола табиат бағрида чопиб-яйраб жисмоний машғулотлар билан банд бўлмаса, иштаҳаси очиладими? Танаси иссиқда тобланиб, совуқда чиниқмаса, ўпкасини тўлдириб-тўлдириб тоза ҳаводан нафас олмаса, ёшига муносиб иш-машғулотлар билан жисми чайирлашмаса, соғлом-бақувват бўладими? Атрофидаги ҳайвоноту наботот билан юзма-юз келиб уларга меҳр қўймаса, табиат воқеа-ҳодисалари ичида юрмаса, уларнинг сирларини билишга – билим олишга қизиқиши кучли бўлиши мумкинми?

Масаланинг яна бир муҳим томони бор. Интернет тармоғига жойланган ўйинлар тинмай кўпайиб, янгиланиб бормоқда; айрим болалар телефонга шунчалар боғланиб қолганки, қўлига бу матоҳни олишганидан кейин атрофидагилар уларга қанча эътиборсиз бўлса, шунча хурсанд. Бола – ўз номи билан бола, сабабнинг оқибатлари ҳақида ўйламайди ҳам. Аммо биз, дилбандини ўйинлар билан алдаб, уларнинг вақти, иқтидорлари пуч ёнғоққа айланишига сабабчи-ю томошабин бўлиб турсак… ўғил-қизлар қалбига сўзимиз, меҳримиз, иссиқ бағримиз, ибратли ишларимиз билан мисқоллаб сингдиришимиз керак бўлган фазилатларни, хайрли амалларга рағбатни ким жойлайди?

Гулгун УСМОНОВА 

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 18-сонидан