Мақолалар

“Китоблар ўғли”ни танийсизми?

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 “Китоблар ўғли”ни танийсизми?da fikr bildirishni o'chirish

Қуръон илмларини такомилига етказишда беназир хизмат қилган, кўплаб асарлари билан Ислом умматининг илм хазинаси бойишига салмоқли ҳисса қўшган олимлардан бири Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқиддин Суютийдир. У ҳижрий 849 йил ражаб ойида Қоҳирада туғилган.

Аждодлари ҳам илм-маъ­­рифат билан танилган кишилар бўлиб, отаси Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад фақиҳлардан эди. У Асют (Миср жануби­даги шаҳар, айрим манбаларда Суют деб ҳам ай­тилади)да қозилик қилган. Қоҳирага келгач, “Шайхуния” мадрасасида дарс берган ва муфтийлик қилган.

Бир куни Камолиддин Абу Бакр шахсий кутубхонасида мутолаа пайтида ҳомиладор хотинидан бир асарни узатиб юборишини сўрайди. Айтилган ишни қилаётганида аёлни тўлғоқ тутиб, кўзи ёрийди. Кутубхонада дунёга келган чақалоқ шу ҳодиса сабабли “Ибн ал-кутуб”, яъни “Китоб­лар ўғли” номини олган Жа­лолиддин Суютий эди.

Жалолиддин беш ярим ёши­да отасидан айрилди. Ка­мо­лиддин Абу Бакр вафо­тидан олдин уламо дўст­ларига ўғлининг тарбияси билан шуғулланишни васият қилган эди. Улардан бири Камол ибн Ҳумом Ҳанафий бўлиб, болакайни ўзи мударрислик қиладиган “Шайхуния” мадрасасига олиб келиши ва таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши натижасида Жалолиддин саккиз ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёдлади. Сўнг бошқа илмий китобларни ҳам ёд олди.

Имом Суютий олти юзга яқин олимдан илм ўрганди. “Ат-Таҳаддус биниъматиллаҳ” асарида улардан 130 нафарининг номи ва таржимаи ҳолини келтирган.

Ўзи ҳам кўплаб шогирдлар тарбиялади, улар дунёга донғи кетган забардаст уламолар бўлиб етишди. Қарийб олти юзга яқин асар ёзди. Бу асарлар Шарқу Ғарбда шуҳрат топди.

Суютий шундай тез ва баракали ёзардики, ҳар бир куни учун ўттиз саҳифадан тўғри келарди. Шогирди Имом Шозилий айтади: “Вафотига яқин устозимга ёзган асарлари ичидан “ал-Фиҳрист”ни ўқиб бердим. Ундаги асарлар сони олти юзга яқин эди. Аллоҳ устозимни раҳматига олсин, буларнинг барчасидан дарс айтишим учун менга ижозат берди” (Шозилий, “Баҳжатул обидин битаржамати Ҳофиз ал-аср Жалолиддин”).

Имом Суютий замонасининг энг билимдони бўлиб, ҳадис илмини, ровийларини, матнини, санадини ундан яхшироқ биладиган ва истинбот (ҳукм олиш) қиладиган олим йўқ эди. Ўзининг эътироф этишича, икки юз минг ҳадисни ёддан билган. Сўнг айтади: “Агар бундан кўпроқ (ҳадис)ни топганимда, албатта, ёд олган бўлардим. Эҳтимол, ҳозир ер юзида ана шундан кўпроқ (ҳадис) мавжуд бўлмаса керак”.

Тафсир, ҳадис, фиқҳ, Улу­мул Қуръон, тарих, наҳв, ба­ло­ғат илмларида даврининг тенгсиз олими бўлган. Бу со­ҳаларда китоблар тасниф этган. Кўплаб кароматлар зоҳир бўлгани ривоят қилинган. Илмий фойдалар ва шариат аҳкомларига оид туркум шеър­лари мавжуд. Уламолардан кўпчилиги Сую­тий тўққизин­чи юз йиллик мужаддиди эка­нига гувоҳлик берган. Бу ҳақ­да Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий “Фитрат ал-фаҳо­рист”да, Мулла Али Қорий “Мишкот ал-масобиҳ” шар­ҳида зикр қилганлар.

Имом қирқ ёшидан умри охиригача Нил соҳилидаги “Равзатул Миқёс” деган жойда яшаган. Ҳижрий 911 йил жумодул аввал ойининг 19-куни жума оқшомида вафот этган.

“Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси Асрорхон МАҲМУДОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 9-сонидан