Мақолалар

Донишманд онахон

Чоп этилди Noyabr 1, 2019 Донишманд онахонda fikr bildirishni o'chirish

Эсимда, нашриёт муҳаррирининг таклифи билан илк тўпламим қўл­ёзмасини онахонга олиб бордим. У пайтда она Андижон ви­ло­яти Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишларди. Ишлари кўп, вақти зиқ бўлишига қарамай, илтимосимни рад этмади. Онанинг дил сўзларини бир ҳафтадан сўнг олиб нашриётга топширдим. Унда ёш шоир қалбидаги тўфонлар, дардли изтиробларнинг самимий талқини эътироф этилгани ҳолда, муаллифга улуғ боболаримизнинг шарқо-
на донолиги, навобахш оҳангларини тилаб ёзилган эҳтиросли сўзлар бор эди. Уни ўқиб бошим осмонга етган эди…

Атоқли шоира, том маънода маънавият, маърифат тарғиботчиси Турсуной Содиқова халқимизнинг чинакам меҳрини қозонган ижодкорлардан эди. У киши кирган давра яшнаб кетарди. Мухлислар уни соатлаб қў­йиб юборишмасди. Онанинг сўзларида донишмандона фикрлар сероб бўлар, овозида ёқимли оҳанг, меҳр бор эди.

Ўғилларимга тўй қиладиган бўлдим. Онанинг келишига шубҳа қилсам ҳам, айтиб қўйишни бурчим деб билдим. Қарангки, машҳур инсон чекка бир қишлоққа – ёшгина шоирнинг тўйига кириб келса бўла­дими?! Маҳалламизнинг содда, меҳнаткаш аёллари онани ўраб олишгани ҳамон эсимда. Бири қўйиб, бири у кишига жайдари саволларини беришар, шундай инсон билан кўришиб турганидан фахрланишарди. Турсуной она эса улар билан бағоят  оддий, самимий гаплашарди.

Турсуной Содиқованинг ўзига хос дилтортар шеърлари, таълим-тарбияга оид, ўқиган одамнинг қалбини эритиб юборадиган, чуқур мушоҳадали публицистик асарлари, пандномалари, учрашувларда қилган ваъзлари – бир дунё.

Умрининг сўнгги йилларида яна бир савобли ишга қўл урди: Андижондаги “Тараққиёт” телевидениесида эфирга узатиладиган “Оналар сўзи – ҳикматнинг ўзи” номли кўрсатувни ташкил этиб, ўзи бошловчилик қилди. Бу кўрсатувни бутун водий аҳли, қўшни давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистоннинг муайян ҳудудларида яшовчи кишилар ҳам меҳр билан томоша қиларди. Одамлар интернет ва хат орқали минглаб саволлар йўллашарди. Мухлислар ўз дардларини, оилавий муаммоларини она билан ўртоқлашар, маслаҳат беришини илтимос қилишарди. Оппоқ рўмолда ўтириб олган она сира эринмас, Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳаётий ҳикматлар билан фикрларини тўлдириб, гўзал насиҳатлар қиларди. У кўпроқ аёлларга мурожаат этар, уларни оғир, мулоҳазали бўлишга ундарди. Оилани сақлашда, эркакларга таъсир этиб, яхши ишларга ундаш аёлнингбурчи эканини тушунтиришдан, такрорлашдан сира тол­масди. Ўзи аёл бўлгани учунми, кўпинча эркакларнинг тарафини олиб гапирар ва бу жинс­дошларини тўғри йўлга солишдаги ўзига хос усули эди.

– Эркак ғоят нозик ва содда яратиқ, – дерди она аёлларни яхшиликка ундаб. – Уларни яхшиликка кўндириш, ишонтириш жуда осон. Аёллар бор кучларини оила тинчлиги, фаро­вонлиги учун сарфлаши керак.

Она элимизнинг чинакам қаҳрамонига айланди. Одамлар маслаҳат сўраб, кечалари ҳам уйига боришарди. У яраш­тириб қўйган оилаларнинг ҳисобини ҳеч ким аниқ билмайди.

Онанинг фазилатларини айтиш учун битта мақола камлик қилади. Балки ёзмоққа яна фурсат бўлар. Ҳозирча Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, суюкли шоира, донишманд онахон Турсуной Содиқованинг ҳақига дуойи хайрлар қилиб қоламиз.

Наби ЖАЛОЛИДДИН

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан