Мақолалар

Зарар кўрувчи ўзларидир

Чоп этилди Noyabr 1, 2019 Зарар кўрувчи ўзларидирda fikr bildirishni o'chirish

Мунофиқлар ўзларича тўқиб олган нарсаларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилларидан гапиришдан ҳам тойишмайди. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтмаган сўзларни у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбат бериш жуда оғир гуноҳдир.

Ҳадиси шарифда:

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: أن النبيَّ صلى الله عليه وسلم قال: “اتَّقُوا الحديثَ عني إلا ما عَلِمْتُم، فمن كَذَبَ علَيَّ مُتَعَمِّدا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقعَده من النَّارِ وَمن قال في القرآن بِرأْيِهِ فَليتَبَوَّأْ مقعده من النار”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг номимдан билмаган ҳадисингизни сўзлашдан қўрқинг. Ким менинг номимдан қасддан ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан ҳозирлаб олсин ва ким Қуръон оятларини ўз раъйи билан тафсир қилса, у ҳам жойини дўзахдан тайин қилибди”, дедилар» (Имом Термизий).

Мунофиқлар қалбларида имон бўлмаса ҳам, ёлғон даъво ила Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлади. Лекин бундан кимга фойда бор? Зарар уларнинг ўзларига-ку. Демак, улар сезмаган ҳол­да ўзларини алдаяпти. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб-билиб турувчидир. Уни алдаб бўлмайди. Мўминлар ҳимоясини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам ушбу оятда “Аллоҳни ва мўминларни”, деб уларни Ўзи билан бир сафга қўймоқда.

Демак, мўмин-мусулмонларга душманлик Аллоҳга душманлик билан тенг. Мунофиқлар нега бундай қилади? Чунки уларнинг қалбларида мараз-касаллик бор. Уларнинг ичи бузуқ. Касал ўзига касални чақиради деганидек, уларнинг қалблари касал бўлгани учун Аллоҳ таоло ҳам уларнинг касалини зиёда қилиб қўйган. Улар қалбларида йўқ нарсани бор, деб даъво қилгани оқибатида аламли азоб ила азобланади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм