Мақолалар

Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш

Чоп этилди Noyabr 1, 2019 Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишda fikr bildirishni o'chirish

Касалликка чалинган киши Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонга бориши, У зот ҳақида ёмон гумонларга бормаслиги зарур. Мўмин киши касаликка чалинса, маҳзун бўл­масдан, балки шифони Аллоҳ таолодан умид қилиши ва беморликка сабр қилиб, уни У зот томонидан бўлган бир раҳмат, деб билмоғи керак. Зотан, ҳакимлардан бири бундай деган: «Аллоҳ таоло бирор бандасини соғинса, унга мусибат, дард юборади».

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَبْلَ وَفَاتِهِ بِثَلَاثٍ يَقُولُ: لَا يَمُوتُنَّ أَحَدُكُمْ إِلَّا وَهُوَ يُحْسِنُ بِاللهِ الظَّنَّ

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан аввал уч нарсани эшитгандим: «Сизлардан бирингиз Аллоҳ таоло ҳақида яхши хаёл қилмагунича ўлмасин», дедилар»[1].

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَقُولُ اللهُ تَعَالَى: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي وَأَنَا مَعَهُ إِذَا ذَكَرَنِي فَإِنْ ذَكَرَنِي فِي نَفْسِهِ ذَكَرْتُهُ فِي نَفْسِي وَإِنْ ذَكَرَنِي فِي مَلَأِ ذَكَرْتُهُ فِي مَلَأِ خَيْرٍ مِنْهُمْ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги ҳаёлидаман. У мени эсласа, мен у биланман. У мени ичида эсласа, мен ҳам уни ичимда эслайман. Агар у мени бир жамоа ичида эсласа, мен ҳам уни улардан яхшироқ жамоа ичида (яъни, фаришталар ичида) эслайман”, дейди” Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган[2].

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَبْلَ مَوْتِهِ بِثَلاَثَةِ أَيَّامٍ يَقُولُ: لاَ يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلاَّ وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللهِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан уч кун олдин бундай дегандилар: “Сизлардан бирингиз Аллоҳ ҳақидаги хаёлини яхши қилмагунича вафот этмасин” Имом Муслим ривояти[3].

Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: «Ўсмир жияним бор эди. У касал бўлиб қолди. Унинг онаси менга одам юборибди. У ўғлининг боши томонига ўтириб, йиғлар эди. Жияним: «Эй тоға, онам нега йиғлаяпти?» – деди. Мен: «Сендаги касалликни билгани сабабли», – дедим. У: «Онам менга раҳми келиб шундай қилмоқдами?» – деган эди. Мен: «Ҳа», – дедим. Шунда бола: «Аллоҳ таоло менга ундан-да раҳмлироқ», – деди. Қачонки у вафот этганида уни барчамиз қабрга қўйдик. Сўнг ғиштни теккислаш учун тепасига бордим ва лаҳад ичига қарасам, у ер кўзим етган жойгача кенгайган эди. Ёнимдаги кишига: «Мен кўрган нарсани сен ҳам кўрдингми?» – десам, у: «Ҳа, сени табриклайман», – деди. Бу ўлимидан олдин айтган (“Аллоҳ таоло ундан-да раҳмлироқ”) калимаси сабабли бўлса керак, деб ўйладим”[4].

[1] Имом Абул Ҳусайн Муслим Ибн Ҳажжож ал Қушайрий ан Найсобурий. “Саҳиҳи Муслим”, “Аллоҳ тўғрисида яхши ҳаёл қилиш” боби. Байрут. “Дорул фикр” матбааси. 8-жуз, 165-бет.

[2] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ “ал-Хотиб ат-Табризий”. “Мишкатул масобеҳ”. Байрут: “Мактабатул исломий”. 3-босма. “Аллоҳни эслаш ва қурбат ҳосил қилиш” боби. 1985, 2-жуз, 10-бет.

[3] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Мирқотул мафотиҳ». Байрут: «Дорул-арқам». 1998. 1-жуз, 296-бет.

[4] Жалолиддин Суютий. «Дунё ва охират чорраҳасида». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2006, 32, 33-бетлар.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан