Янгиликлар

Ягона халоскор – ўзингиз!

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 Ягона халоскор – ўзингиз!da fikr bildirishni o'chirish

“YouTube”, “Facebook”, “Instagram”, “Telegram”, “Twitter”… Бугун шу каби ижтимоий тармоқларни барча яхши билади, ҳеч қурса, уларнинг биттасидан фойдаланади.
Бу борада, айниқса, ёшлар илғор. Бунга мутлақо шубҳа йўқ ва муаммо ҳам айнан шунда. Нега? Сабаб ўша-ўша: ижтимоий тармоқлардаги ахборотлар ҳар доим ҳам холис ва ҳаққоний эмас. Табиийки, улар руҳиятга, маънавиятга таҳдид қилмаслиги ҳам умуман кафолатсиз. Бу эса жиддий хавф, долзарб муаммо.
“Ижтимоий тармоқлардаги негатив ахборотнинг ёшлар маънавиятига таъсири” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида мулоҳазалар, муҳокамалар мазмун-моҳияти шунга қаратилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур тадбир “Тўртинчи ҳокимият”нинг бўлажак вакиллари учун ҳам сабоқ, ҳам маҳорат дарси бўлди. Чунки мавзу юзасидан мушоҳадалар, касбий ва ҳаётий тажрибалардан мисоллар устоз журналистлар, журналистика соҳасида таълим бераётган профессор-ўқитувчилар томонидан билдирилди.
– Ўзбекистонда 11 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланади. Уларнинг аксарияти ёшлар экани яхши маълум, – деди “Ёшлар овози” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгаши раиси Фахриддин Каримов. – Бунинг ижобий томонларини эътироф этиш билан бирга, салбий жиҳатларини ҳам қайд этмай илож йўқ. Чунки оммавий коммуникация воситалари орқали онг ва тафаккурни эгаллашга қаратилган таҳдидлар мавжуд экан, жиддий хавотирга доим асос бор. Айниқса, ижтимоий тармоқларда салбий мазмундаги ахборотлар оқими ортиб бораётгани бу ташвишни янада кучайтирмоқда. Сабаби, ҳар бир йигит-қиз ахборотни анализ ва синтез қилиш кўникмасига эга эмас. Ёлғон ва нохолис ахборот уларни тўғри йўлдан осонгина адаштириши эҳтимолга яқин.
– Ахборот бу – ижод маҳсули, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов. – Уни тарқатиш – масъулият. Технологияларнинг жадал ривожи ахборотни бир нуқтадан иккинчи нуқтага жуда тез ва осон етказиш имконини бераяпти. Масалан, ҳозир муайян воқелик видео ёки сурат ҳолида интернетда тарқатиб юбориляпти. Бундай ҳолатда ўша воқелик ҳақида аниқ тасаввур, тўғри фикр, адолатли муносабат шакллантириш қийин. Ижод қилмасдан жамоатчиликка етказилган ахборот холисона бўлмайди. Негаки, ижод жараёнида одам ўйлайди, фикрлайди. Шунда жараённинг асл ҳолати, моҳияти билан тақдим эта олади. Бугун журналистикамизда жанрлар камайиб кетди, ахборотлар бир хил қолипда ёритилаяпти. Шунинг учун хилма-хиллик, аниқлик ва тезкорлик билан ахборот узатиш, яъни унинг ишончлилигини таъминлаш ахборот таҳдидларининг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
– Сўз айтишнинг масъулияти бор, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов. – Нима учун ижтимоий тармоқларда асоссиз хабарлар, миш-мишлар ёйилиб кетаяпти? Нега аҳоли, асосан ёшлар қатлами уларга ишониб қоляпти? Бунда давлат органлари, идора ва ташкилотлардаги ахборот хизматларининг ҳам айби бор. Чунки қайси жойда, нимадир содир бўлса, бу жараён унинг гувоҳлари, кузатувчилари орқали интернетда тарқалиб кетмоқда. Аслида бундай вазиятда дастлабки ахборотни айнан ахборот хизмати бериши керак. Улар кечаю кундуз фаол ишлаши керак.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори Нозима Муратованинг фикрича, таҳририятлар ёшларга маълумот узатишда уларнинг ахборотга нисбатан медиа одатлари, яъни ахборот олиш ва қабул қилиш ҳолатини ҳисобга олган ҳолда фаолият олиб бориши жуда қийин кечаяпти. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда шундай. Нега?
– Чунки бугунги янги авлоднинг ахборот олиш, қабул қилиш ва узатишга муносабати тубдан ўзгарган, – деди Н.Муратова. – Анъанавий оммавий ахборот воситалари, хусусан, газета ва журналлар ана шу тенденцияни қайсидир маънода тўлиқ илғай олмаяпти, назаримда. Шу сабаб хоҳлаймизми ёки йўқ, ахборотлар аудиторияга интернет орқали тезкор етиб бораяпти. Хусусан, ижтимоий тармоқлар бугун ахборот оқимига тўла. Афсуски, улар орасидаги таҳлилсиз ахборотлар ёшларга тўғридан-тўғри етиб бораяпти. Натижада ёш авлод вакиллари уларни истеъмолчи сифатида қабул қилибгина қолмай, ўзи билиб-билмай, унинг тарқатилиши, кенгайишига ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда. Бунга қандай қилиб тўсиқ қўйиш мумкин? Аввало, негатив ва холис ахборотни бир-биридан ажратиб олиш учун ёшларда танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш керак. Бу ҳар бир воқеликни танқид остига олиш эмас, барча маълумотни таҳлил қилган ҳолда қабул қилиш ва узатиш дегани. Бу борада яна бир муҳим вазифа – медиа таълимни ривожлантириш. Биз бу масалада анча кеч қоляпмиз, аммо барибир амалга оширишимиз зарур. Негаки, ОАВ бугун дунё манзарасини кўрсатаётган ягона восита эмас. Кимки ахборотга эга бўлса, уни тарқатиш имконига ҳам эга бўляпти. Бундай вазиятда медиа маданият, медиа саводхонлик ниҳоятда муҳим.
Ҳа, ҳар қандай ахборотнинг кучи бор, қудрати бор. Айниқса, салбий маълумот эътиборни тез жалб этади, руҳиятга осон таъсир ўтказади. Пировардида у ақлни эмас, ҳиссиётларни бошқаради. Шунинг учун ҳам бугун ён-атрофимизда, кўз ўнгимизда аксарият ёшлар маънан йўқотилмоқда, бой берилмоқда. Ахборот таҳдидига енгилган одамни қуруқ сўз, панду насиҳат билан қутқариб қолиш мушкул, токи у ягона халоскор фақат унинг ўзи эканини англаб етмагунча.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА