Мақолалар

Тафсир илмида янги ва салмоқли сўз

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 Тафсир илмида янги ва салмоқли сўзda fikr bildirishni o'chirish

Яқинда Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимотида иштирок этдим. Маърифий анжумандан олган илк таассуротим “Ўз вақтида ташкил этилган, ниҳоятда зарур ва фойдали тадбир” деган хулоса бўлди.

Давлат раҳбари жорий йил май ойида мазкур масжидга ташриф буюриб, муаззам масканни кўздан кечириш асносида маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича муҳим тавсиялар берганди. Хусусан, диний маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш зарурлиги таъкидланганди.

Фикри ожизимча, эл-юртимизнинг кўзга кўринган арбобу алломаларининг янги нашр этилган асарлари тақдимотларини ўтказишни ҳам анъанага айлантириш лозим. Муфтий Усмонхон Алимов худди шундай юксак эътиборга сазовор муҳтарам юртдошларимиз қаторига киради.

Бу ҳақда сўз борганда, биринчидан, Муфтий ҳазратлари ўз соҳасининг олий диний маълумотга эга билимдон ва салоҳиятли мутахассиси эканини таъкидламоқчиман. У киши 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.

Иккинчидан, Ҳазрат бутун умр амалий диний фаолият билан шуғулланиб келмоқдалар. У киши Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритганлар.

Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар. Айни чоғда, Ҳазрат 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 13 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Учинчидан, муфтий Усмонхон Алимов нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. Ҳазрат 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар.

Кейинги йилларда Усмонхон Алимов халқаро эътибор ва эҳтиромга ҳам сазовор бўлмоқдалар. Ҳазрат Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У киши бир неча йилдан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқдалар.

Тўртинчидан, Муфтий ҳазратлари муқаддас ислом динимиз маърифатининг толмас тарғиботчиси ҳамдир. У киши юртимиз масжид ва мадрасалари диний таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига бевосита бошчилик қилмоқдалар.

Бундан ташқари, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда илмий асосланган мазмунли маърузалари билан мунтазам иштирок этмоқдалар. Жумладан, 2019 йил майида – муборак Рамазон ойида Муфтий ҳазратлари билан биргликда АҚШга сафар қилгандик.

Ўшанда Вашингтонда йирик давра суҳбати ўтказдик, ифторлик бердик. Ҳазратдан “Америка овози” радиостанцияси учун махсус интервью олишган. Ҳамма жойда у кишига “Grand Mufti”, яъни “Буюк муфтий” деб мурожаат килишгани ва жуда эъзозлашганидан фахрланганман.

Бешинчидан,  Ҳазрат юртимизда чоп этиладиган диний мавзудаги газета-журналлар таҳрир ҳайъатларининг аъзоси, нашр этилаётган диний китобларнинг масъул муҳаррири сифатида ҳам ислом маърифати тарғиботига катта ҳисса қўшмоқдалар. Хусусан,  Муфтий ҳазратлари каминанинг “Ҳазрат Занги ота” китобига сўзбоши ёзганлар ва масъул муҳаррир бўлганлар.

Олтинчидан, Ҳазрат ўндан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақолалар муаллифи ҳисобланади. Бугунги кунга қадар у кишининг “Долзарб саволларга ҳақзарб жавоблар”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий баракоти ”, “IX-X асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Ҳазрати Имом”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак васиятлари”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Ҳорманг, азаматлар”, “Бухорий бобом” каби асарлари мухлислар қўлига етиб борган.

Еттинчидан, муфтий Усмонхон Алимов Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимаси ва тафсири муаллифларидан бири ҳисобланади. Камина иштирок этиш бахтига мушарраф бўлган Ҳазрат қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти бунинг амалдаги тасдиғидир.

Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш иши жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифадир. Шу вақтга қадар Қуръони каримнинг Олтинхон тўра, шайх Алоуддин Мансур, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва бошқалар томонидан амалга ошрилган маънолари таржимаси ва тафсири нашр этилган.

Шу маънода, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китобининг ўзига хос жиҳатлари нимада, деган савол туғилиши мумкин. Ҳазратнинг ўзлари ушбу саволга шундай жавоб берганлар: “Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ақлларни лол қолдирувчи каломи бўлгани учун уни бошқа тилга мукаммал таржима қилишнинг имкони йўқ. Юқорида тилга олинган таржималар катта маҳорат билан, тил қоидаларига амал қилган ҳолда ўгирилган, буни асло инкор этиб бўлмайди. Аммо Қуръони карим илоҳий Калом бўлгани учун Қуръон сўзларининг фасоҳати, балоғати, латофати, оҳанги қайта-қайта янгидан кашф бўлаверади”.

Чиндан ҳам, афсуски, Қуръони каримни яхши билмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари жуда ҳам осон. Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб этиш ҳозирги пайтда долзарб аҳамиятга эга.

Мазкур мўътабар тафсир китобининг олти жилди турли йилларда алоҳида китоблар ҳолида чоп этиб келинган. Яъни, тақидмоти ўтказилган янги нашр муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бир неча йиллик меҳнатлари мевасидир. Қолаверса, бу жараёнда йирик олим ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олингани ниҳоятда муҳимдир.

Қуръони каримнинг ушбу тафсир китобида ўтмишдаги ва ҳозирги улуғ муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли-сунна”, Абул Фидо ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил-азийми”, Ибн Жарир Табарийнинг “Тафсири Табарий”, Жалолиддин Суютийнинг “Ад-Дуррул мансур фи тафсирил-маъсур”, Носириддин Байзовийнинг “Анварут-танзил”, Имом Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил”, Алоуддин Хозиннинг “Лубобут-таъвил фи маънонит-танзил”, Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суюитийнинг “Тафсири Жалолайн”, доктор Ваҳба аз-Зуҳайлийнинг “Тафсири Мунир” каби тафсирлардан истифода қилинган.

Муаллиф Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиш илми нақадар машаққатли ҳамда масъулияли вазифа эканини чуқур ҳис этган ҳолда қалам тебратганига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Натижада олдинги таржима ва тафсирлардан фарқли бир манба дунё юзини кўрди. Китобнинг ўзига хос ижобий хусусиятлари сифатида  қуйидагиларни санаш мумкин.

Биринчидан, “Тафсири Ирфон”да оятлар маъноси иложи борича замондош ўқувчиларга тушунарли, содда ва равон тилда баён этилган.

Иккинчидан, одатда Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирларида мавжуд қавс ичидаги изоҳлар “Тафсири Ирфон” саҳифаларида деярли учрамайди. Чунки Усмонхон Алимов ҳазратлари ўқиш ва англаш янада қулай бўлиши учун бундай изоҳларни қўллашдан имкон қадар воз кечган.

Учинчидан, “Тафсири Ирфон”да, бир томондан, илгари ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва тафсир китобларида берилган маълумотлар ўз мужассамини топган бўлса, бошқа томондан, китоб янги ва нодир маълумотлар билан ҳам тўлдирилган.

Тўртинчидан, Қуръони карим маъноларини таржима ва тафсир қилиш жараёнида замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланган. Бу, ўз навбатида, “Тафсири Ирфон” китобининг замондошларимиз учун янада яқин ва тушунарли бўлишини таъминлаган, назаримизда.

Бешинчидан, “Тафсири Ирфон” энг замонавий усулда, сифатли ва китобхонга қулай шаклда чоп этилган.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, “Тафсири Ирфон”нинг дунёга келиши йўлида муаллиф жуда катта илмий ва ижодий меҳнат қилганидан далолат беради. Ушбу асарнинг яхлит олти жилдлиги Ҳазрат бу йўналишда олиб борган илмий изланишларнинг том маънодаги мантиқий якуни ва ижодий фаолиятининг гултожидир.

“Тафсири Ирфон” – Қуръон тафсири силсиласида ўзбек тилидаги янги асардир. Аввало, китобнинг номи ҳақида икки оғиз сўз.

“Ирфон” каломи билим, маънавият, маърифат деган маъноларни англатади. Демак, “Тафсири Ирфон” – Қуръони карим маънавияти тафсири, илоҳий маърифат шарҳи, деганидир.

Шу ўринда “Тафсири Ирфон” китоби муаллифи қўллайдиган Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий тахаллуси ҳақида ҳам мухтасар тўхталмоқчиман.

Шайх – арабча сўз бўлиб, “кекса”, “оқсоқол” каби луғавий маъноларни беради. Ислом дини тарқалган мамлакатларда олимлар, ислом дини пешволари,  фақиҳлар шу ном билан юритилади.

Усмонхон – Ҳазратнинг исмлари. Ашараи Мубашшара, яъни дастлабки тўрт халифадан учинчиси, илк мусулмонлардан бири, Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримиз куёви бўлмиш Усмон ибн Аффон (р.а.) номини ўз фарзанди аржумандлари учун танлаганларидан ҳам билиш мумкинки, у кишининг ота-оналари закий зотлардан бўлганлар.

Темурхон – оталарининг исмлари. Демак, муносиб исм танлаш Ҳазратнинг сулоласига хос бўлиб, боболари ҳам шу шарафли анъанага риоя этганлар.

Самарқандий – Ҳазратнинг нисбалари. Шарқда шоир ва адиблар, олим ва шайхлар номлари таркибида улар туғилган жойнинг қўшиб айтилишига “нисба” дейилади. Муфтий Усмонхон Алимов 1950 йили Самарқанд вилоятида таваллуд топган бўлиб, шу боис “Самарқандий” нисбасини исм-шарифларига қўшганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Муфтий Усмонхон Алимов қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” китобида Қуръони карим оятлари бугунги воқелигимизга мослаб, халқчил тилда, айни чоғда, юксак илмий маҳорат билан таржима ва тафсир этилган. Муаллиф замонавий ҳаётда дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоли масалаларга ечимларни оддий ва содда усулда, таъсирчан услубда етказишга ҳаракат қилган.

Шундай экан, мазкур китоб тафсир илми бобида келгусида илм аҳли учун зарур қўлланма ва муносиб йўриқнома бўлишига ишонамиз. Янада муҳими, “Тафсири Ирфон” китоби халқимиз, хусусан, ёшларимиз маърифатини юксалтиришда  катта аҳамият касб этиши тайин.

Фурсатдан фойдаланиб, Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини қутлаб, самарали ижодларига баракот тилаб қоламиз. Ушбу китобни нашр этишга ҳисса қўшган муҳаррир, мусаҳҳиҳ ва ноширлар – жамики эзгу қалбли инсонларга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Акмал Саидов,
академик