Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонликлар ҳафтасига 7 кун, кунига 13 соатлаб ишламоқдами?

Чоп этилди Oktabr 31, 2019 Ўзбекистонликлар ҳафтасига 7 кун, кунига 13 соатлаб ишламоқдами?da fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистонда давлат хизматчилари ҳафтасига 7 кун, кунига 13 соатлаб ишламоқда. Телеграмдаги Zed News ахборот канали ўтказган сўровда худди шундай натижа қайд этилган.

«Бу ҳолат кўпроқ давлат хизматчиларига тегишли, яъни орган ходимлари, банкирлар, умуман, бюджет ташкилотлари ишчиларининг иш вақти амалда аниқ белгиланмаган. Тўғри, соат 9 да келиб, 18:00 да кетсаям, биров индамайди. Аммо танганинг яна бир томони ҳам бор: маблағ масаласи.

Мана шу ерда яна бир оғриқли нуқтамиз юзага чиқади. Масалан, давлат хизматчиларининг ўртача ойлиги, яъни оклади 1,5 млн. сўм атрофида. Бу реал сумма, қоғозда эмас, амалда. Қоғозда эса, Статистика қўмитасининг апрелдаги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 2 049 700 сўмни ташкил қилган», дейилади таҳлилий мақолада.

Каналнинг ёзишича, ана ўша окладга қўшимча сифатида устама ҳақи ва мукофот пули берилади. Аммо бу қўшимча рағбатлантиришлар ходимнинг эмас, балки раҳбарнинг хоҳишига қараб ажратилади.

«Аниқроғи, сиз зўр ишласангизу, раҳбарга ёқмасангиз, кам маош оласиз. Ўзингизга юклатилган барча ишни жойига қўйиб, соат 18:00да (қонуний ҳаққингиз бу) кетсангиз ҳам, мукофот пули йўқ», дейилади.

Канал ўтказган сўров натижаларига кўра, «Сиз бир кунда неча соат ишлайсиз?» деган сўровда 1404 одам қатнашган. Шундан энг кўп овозни «09:00 – 22:00 ва баъзан кечроқ» деган вариант олган — 481 та (34 фоиз) овоз (1-сурат).

09:00 – 18:00 оралиғида ишлайдиганлар сони 263 та (19 фоиз) билан иккинчи ўринда турибди. 09:00 – 20:00 гача ишлайдиганлар 232 тани (16 фоиз) ташкил қилган. Булар ҳаммаси ишга соат 09:00 да борадиганлар.

Шунингдек, 08:30 – 20:00 — 220 та (16 фоиз) овоз, 08:00 – 18:00 — 208 та (15 фоиз) овоз тўплаган.

«Сиз ҳафтада неча кун ишлайсиз?» деган сўровда эса 983 киши қатнашган. Шундан энг кўп 489 та (50 фоиз) овозни душанба-якшанба (2-сурат), яъни ҳафтада 7 кун ишлайдиганлар олган. 332 (34 фоиз) киши ҳафтада 6 кун ишласа, 162 киши (16 фоиз) 5 кунлик иш ҳафтасига эга.

«Гувоҳи бўлганингиздек, давлат хизматчилари ҳар куни соат 22:00 гача қолиб ишлашга мажбур бўлмоқда. Нега деган саволга ҳеч кимда тайинли жавоб йўқ. Тахминан бу ҳолат СССР пайтидан мерос бўлиб қолган дейиш мумкин, яъни эскилик сарқити. Иш жараёнига янгича қараш йўқ, бу ҳолатда иш самарадорлигида тараққиёт эмас, таназзул бўлаверади.

Балки ҳукуматимиз бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўришар. Пайти келди аллақачон…», дейилади мақолада.

Меҳнат кодексида шундай ёзилган:
«Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим».

2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматчилари шанба кунлари соат 17:00 гача ишлаши, якшанба куни эса дам олиб, вақтини оиласи билан ўтказишини айтганди.

Бош вазир Абдулла Арипов эса ўтган йил августда саҳарда ёки ярим тунда мажлислар ўтказишни тўхтатиш бўйича топшириқ берганди.