Мақолалар

«Миллион сўмлик» сомса

Чоп этилди Noyabr 2, 2019 «Миллион сўмлик» сомсаda fikr bildirishni o'chirish

Дўконма-дўкон юриб овқат қилолмаган хотин дастурхон ёзаётиб мақтай кетди:

– Дадаси, “Марказ – 5”да янги сомсахона очилган экан, югуриб бориб-келдим. Нархиям қиммат эмас, тўрттаси ўн минг экан. Олинг, мазаси зўр.

Эр зарда аралаш деди:

– Кечагина “Марказ – 4”никини мақтаб келтирувдинг, пиёзга ботиб қолдим. Таъми ҳалиям оғзимда…

Очлиги учун ноилож дастурхонга қўл чўзди. Хотин дадилланди.

– Бугунгиси бошқача, тандирники, дадаси.

Орадан уч кун ўтди. Хотин ишдан келган эрига пешвоз чиқди. «“Марказ – 6”га борайлик», деб машинага чиқиб олди.

– Яна овқат йўқ, яна болалар онамникидами?

Энди эрнинг ғазаби келди. Яп-янги уловини бураётиб бетон тўсиққа уриб олди. Хотин пусибгина уйга, эр устахонага йўл олди.

Кеч кирди. Ҳориб-чарчаб, қовоғидан қор ёғиб келган эри олдига хотин иссиққина сомса қўяр экан гап бошлади:

– Дадажониси, сиз учун олиб келдим. Қаранг, саксовул оловида пиширишган экан. Тўрттаси…

– Тўрттаси тўрт миллион бўлди, арзонгина! Қани олинг, ош бўлсин! – деди бўғилиб эр.

Дилором КАРИМОВА

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан