Мақолалар

ОТА

Чоп этилди Yanvar 26, 2019 ОТАda fikr bildirishni o'chirish

Тун яримлаганда ота қаттиқ йўталиб уйғониб  кетди.  Бетиним  йўталди, юзи  бўғриқиб, нафас олиши  қийинлашди. Хона  иссиқ бўлмаса-да, аъзойи баданини тер  босди. “Тавба, сира  бундай  бўлмасди-ку” – аҳволини  кексаликка  йўйди. Мадори қуриб,  каравотида маҳзун ўтирди. Томоғи қуруқшаб,  бир  пиёла чой  ичкиси  келди. “Болаларни уйғотсаммикан? Йўқ, кун бўйи  ишлаб чарчашган, безовта  бўлишмасин”. Алланечук  кўнгли  ўксиди. “Ўзлари билиб,  бир  хабар  олишмасмикан? Тонггача сабр  этсам…”  Эшикка  узоқ  термулди, марҳума кампирини, ёлғиз  ўғлининг болалигини эслади, негадир кулимсиради… Яна  йўталди, бу  гал бошқачароқ. Дарднинг зўридан букчайиб қолди, ҳолсизланиб,  кўзларидан ёш  чиқиб  кетди. Ўрнига аста чўзилди…

“Чол тушмагурнинг одати  қурсин, ширин  уйқумни бузди, ҳар  куни шу аҳвол» – келин  ичида норози тўнғиллаб, ёнбошига ағдарилди. – Эримни   уйғотайми… Э  йўқ, дамини олсин. Ярим кечаси  қўлидан нима келарди, дўхтир бўлмаса…”

“Саҳар тураман-у, отамни  шифокорга олиб бораман, – отасининг товушидан уйғонса-да, эриниб кўзини очмай ётган ўғил кўнглидан ўтказди. –  Икки  ой  бўлди-ёв бу дардга чалинганига. Қаратмасак бўлмайди шекилли. Худо кўрсатмасин яна…”

Эрталаб нонуштага чиқмаган отасидан хабар олгани кирган  йигит фарёд солиб юборди. Ўкириб йиғлади, ўзини сўкиб йиғлади. Чол  омонатини топширган, пажмурда юзида изтироб қотиб  қолган эди…

 

Содиқжон ИНОЯТОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан