Мақолалар

Умримга барака кирсин десангиз…

Чоп этилди Noyabr 2, 2019 Умримга барака кирсин десангиз…da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюради: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг…” (Исро сураси, 26-оят).

Қариндошлик ҳақларини билмаган ёки унутган кишиларгина силаи раҳм қилмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “… қариндошлик ришталари узилганда уни боғловчи киши силаи раҳм қилувчидир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

“Саломига яраша алик” қабилида иш тутилса, кишилар ўртасида қариндош-уруғлик алоқалари узилади. Бу хатарлидир. Мусулмон одам яқинларидан ёмон муомала кўрса ёки яхшилик кўрмаса ҳам қариндош-уруғчилик ҳаққи уларга яхшилик қилиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким Парвардигоридан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, молу дунёси кўпаяди, аҳллари уни яхши кўради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ака-ука, опа-сингил, амаки-амма, тоға-холалар каби яқин қариндошлар ўзаро борди-келди қилиши билан бирга узоқ қариндошлар ўртасидаги алоқаларни ҳам тўхтатиб қўймаслик керак. Шунингдек, ота-оналарининг дўсту биродарларини зиёрат қилиб туриш ҳам фазилатли амал ҳисобланади.

Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улуғ ажру савобларга ноил бўлади. Шу боис Аллоҳ таоло розилиги учун қариндошлик муносабатларини мустаҳкамлаб, узилган ришталарни боғлаб, ажру мукофотларга сазовор бўлайлик.  

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 18-сонидан