Мақолалар

Ёмонликдан яхшилик келмас

Чоп этилди Noyabr 3, 2019 Ёмонликдан яхшилик келмасda fikr bildirishni o'chirish

Келин кечки овқат дастурхонини йиғиштириб олди ҳамки, Шарифа кетайлик демас, ўйланиб ўтирар­ди. Ўғил онасига маъ­ноли қаради-ю, аста туриб ташқарига йў­налди.

– Бугун жуда узоқ қолиб кетдинг… – деб сўз бошлаган онанинг гапини қизи кесди:

– Ётиб қоламан, деб келганман.

– Нимага? Мана, бизни кўрдинг, гаплашдинг…

Шарифа бетоқатлик, аразгина оҳангида яна онасининг гапини бўлди:

– Уйимизда бир кун ётиб қолсам бўл­майдими?

Орага жимлик чўкди. Шарифанинг боши янаям эгилди, кўзларига ёш тўлди. Она энди чинданам хавотирга тушди:

– Тинчликми?

Савол бир муддат жавобсиз қолди. Кейин Шарифа бирдан “ёрилди”:

– Безор бўп кетдим! Тинмай компьютерда ўйин ўйнайверадилар… бир нарсаларни томоша қилаверадилар… Кеча кечқурун шуни гапиргандим, ёқмади. Эрталаб: “Уйимизга бораман, ётиб қоламан”, десам, индамай чиқиб кетди…

Бу гаплар асносида онанинг қошлари орасидаги тугун қалинлашди.

– Ҳа-а, – деди маъноли. – Бугун сен бу ерда ётиб қоладиган бўлсанг, куёвимга айни муддао бўлибди-да, – ҳайрон бўлиб кўзларини катта очган қизига бир қараб қўйиб давом этди. – Тонггача мазза қилиб комьпютер ўйнаркан-да!

– Нима қилса қилаверсин! Бир яхшилаб ўйлаб кўрсин!

– Эрингга араз қилиб чиқиб келган бўлсанг, у ўйлаб кўриб, яхшилик томонга ўтади-қолади дейсанми? – Она нарироқ сурилиб, бир муддат деразадан ташқарига қараб қолди, кейин сўради. – Ҳамма гап шуми?

– Сиз билмайсиз… ёнингиздаги биттаю битта одамнинг ишдан келишини кечгача кутсангиз-у…

Қизининг куюниб бошлаган бу гапини эшитмагандай, она яна савол берди:

– Нариги кўча бошида майда-чуйда сотиб ўтирадиган аёлни биласан-а?

Бирданига суҳбат мавзуи ўзгарганидан қизи ҳайрон бўлди, онасининг овозига энди таҳдидми, огоҳлантириш оҳангими қўшилгандай эди.

– Ҳм-м, ҳалиги… болаларимни ўзим ёлғиз катта қилганман, деб ҳаммага гапираверадиган хотинми?

– …Мен келин бўлиб тушганимда, унинг болалари кичкина, одамлар айтишича, бир яхши ҳунарманд эри бор эди. Ўшанда шу эри ичадиган одат чиқарибди, аёл бундан норози бўлиб ҳаммага гапираркан, қўни-қўшнига эшиттириб уришаркан. Бир куни қайнотам раҳматли дарвозадан бошларини сарак-сарак қилиб, “Ҳа, аттанг, аттанг!” деб кириб келди. Кейин бувингга: “Нариги кўча бошидаги жувон маст эрини уйига киргизмасдан, эл олдида ўзиниям, эриниям беобрў қиляпти. Унга бир нарса дейишга тортиндим. Уруш-жанжалдан яхшилик чиқмайди. Сен ҳозир боргин-да, жувонни секин уйига олиб кириб, тушунтир. Эрини
ёшлигидан биламиз, туппа-тузук йигит, яхши гапни уқади, менимча”. Қайнонам “хўп” деб чиқиб кетди-ю, кўп ўтмай “Тавба, тавба”, деб қайтиб келди. Аёл ҳеч кимни эшитишниям хоҳламабди. Насиҳат қилмоқчи бўлганлар билан ҳам уришиб кетибди. Ўша йигит баттар ичадиган бўлди, дардга йўлиқди… – она бир лаҳза тин олди, овози титраб давом этди. – Ёшгина ўтиб кетди. Ахир аёл киши озми-кўпми бирга яшаганидан кейин эрининг феъл-ат­ворини, нимани ёқтиради-ю, нимани ёмон кўришини билиб олиши, шунга қараб муомала қилиши керак…

Шарифа ўрнидан туриб, нарсаларини сумкасига сола бошлади.

– Худо хоҳласа, эрта-индин ота, она бўласизлар. “Юринг, менга пиёда юриш фойдали”, деб ширин гапир. Ишлари билан қизиқ, уй юмушларингда ёрдам сўра. Ичимдагини топ, деб ўтираверсанг, эрингга сендан кўра ўша компьютери қизиқ-да!

Бу пайтда Шарифа ўрнидан қўзғалган  ҳолда, онасига қараб “Дуо қилинг” дегандай, қўллари­ни очиб турарди…

Муҳтарама УЛУҒОВА

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан