Мақолалар

Имон ислом, ислом имондир

Чоп этилди Noyabr 3, 2019 Имон ислом, ислом имондирda fikr bildirishni o'chirish

Агар бири шундай савол билан мурожаат қилса: бу масалада мазҳаб олимлари турли фикрлар билдиришган, баъзиси имон ва ислом бир нарсадир деган бўлса, баъзилари имон бошқа, ислом бошқа дейишган. Қайси фикр тўғрилигини изоҳлаб беринг. Ушбу икки хил фикрдан қай­си би­рини қалбингиз тасдиқлайди? Агар имон ва ислом бир нарса бўлса, уларни иккига ажратиш дуруст эмас. Агар имон бошқа-ю, ислом бошқа бўлса, бу фарқлиликнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ муваффақ айласин.

Эй басират ва яқин денгизида инжу изловчи киши! Билгинки, бу масалада мурид кўнгилни тақлид зангидан поклаб, изланиш уйининг эшигини шубҳа тиканларидан тозалаши даркор. Бундан ташқари, мурид Ҳақ таолонинг улуғвор йўлидан насибасини олган валийлар билан яқинлик ва дўстлик ҳосил қилиши керак. Ҳим­мат эгалари боғлаган камар билан улар ҳам белларини боғлашлари шарт. Токи Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз (Наҳл сураси, 97-оят) сўзларининг оҳанглари ва бу оҳангларнинг сўзлари унинг қулоғига етгач, ҳарф, сўз ва оҳанглар бўғзидан жой олишидан олдин, ҳарф маъноси унинг қалбида ўрнашган бўлади.

Агар мурид бу даражага эришолмаган бўлса, унинг тасарруфи ақлу заковат тасарруфига айланади. Бунинг учун эса у англаб идрок этган ҳар бир нарсага зикр, дуо, шукр ва ҳамд билан муносабат билдириши, мавзуларни идрок этолмагач, гўллигини сўзловчининг сўз ва илмига эмас, балки ўз фаҳмининг ноқислигидан деб билиши керак.

Иккилик ва бирлик ҳақиқатини ошкор қи­лиш учун энди бу имон ва ислом мавзусини зийрак авомнинг фаҳми андозасида шарҳлаймиз. Халқнинг душманлигига эмас, дуосига умид қилиб, бу икки хусуснинг икки алоҳида нарсалиги ёки бир нарсалигини тушунтирамиз. Ёрдам сўраладиган ягона зот Аллоҳ таолодир.

Агар имон ва ислом бир нарса деб қарайдиган бўлсанг, маънонинг ҳақиқати жиҳатидан бу фикринг тўғри бўлади. Агар икки алоҳида нарса дейдиган бўлсанг, луғат ва шариат жиҳатидан бу ҳам тўғри. Бу икки қараш орасида зиддият йўқ, динга ва шариатга ҳам хилоф эмас.

“Ҳар иккови ҳам бир тушунча” сўзининг изоҳи қуйидагича: “ислом” калимасининг ўзаги “таслим”дир. Банда зоҳир ва ботинда илоҳий буй­руқ ва тақиқларга тамоман таслим бўлгач, мусулмон бўлади. “Имон” атамасининг ўзаги “амн” (омонлик, хотиржамлик) сўзидан келиб чиққани учун, бундай киши ҳақиқий мўмин бўлади, хотиржамлик-осойишталикда яшайди. Агар Юсуф (алайҳиссалом)нинг биродарлари айтган

“Рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан” (Юсуф сураси, 17-оят), “сўзимизни тасдиқламайсан” ояти каримасига қараб “имон – бу тасдиқлашдир” дейдиган бўлсанг, демак, мусулмон кўнглини, тилини, баданини илоҳий амру таъқиқ­ларга таслим қилган кишидир. Кўнг­ли, тили ва бадани тасдиқлагани учун имон ис­лом­га айла­нади.

Бир киши имон йўлига кирса, маълум бўлади-ки, таслимияти ва исломияти ҳам дурустдир. Чунки мўмин ишончли инсондир. Ишончли ин­сон эса ўз нафси ёки халқ билан эмас, балки тамоман Ҳақ билан бирга бўлган кишидир. Демак, бирор киши Ҳақ билан бирга бўлиши учун ўзи­ни илоҳий амр ва наҳй (қайтариқ)ларга батамом таслим қили­ши шарт.

Агар имон, тасдиқлаш маъносини билдирса, демак, мўмин Ҳаққа содиқ ва итоаткор инсон демакдир. Бир инсонга “итоаткор” дейиш учун у зоҳирда ва ботинда илоҳий амру таъқиқларга риоя қиладиган, қазою қадарга таслим бўлган киши бўлмоғи даркор. Шу сабабли ислом имондир. Бу қарашнинг тўғрилигига Қуръон ва суннат далилдир. Чунончи, ояти каримада

“Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Зориёт сураси, 3536-оятлар) деб буюрилади. Ояти каримада Лут (алайҳиссалом)нинг хонадон аҳлига ҳам “мўмин”, ҳам “муслим” ифодалари ишлатилган. Бу имоннинг ислом экани ва исломнинг ҳам имон эканига доир Қуръоний далилдир.

“Эй қавмим, агар Аллоҳга имон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар – таваккул қилинглар!” (Юнус сураси, 84) оятида ҳам ислом  ва имон калималари бир хил маънода қўлланилган. Бу исломнинг имон эканини исботлайди. С­ҳиҳ бир ҳадиси шарифда ҳазрати Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг الإيمان بضع وسبعون شعبة яъни “имон етмишдан ортиқ бўлимлардан иборатдир”[1], бошқа бир ҳадисда эса: “ислом етмишдан зиёд бўлимдир” деганлари нақл этилади. Демак, пайғамбар (алайҳиссалом) бир нарсага ҳам имон, ҳам ислом деганлар. Бу эса имоннинг ислом, исломнинг эса имон эканига далилдир.

 

[1] Имом Абу Довуд. Суннат. 14-ҳ; Имом Насоий. Имон. 16-ҳ.

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 12000 сўм