Мақолалар

Аргентинада Ислом

Чоп этилди Noyabr 3, 2019 Аргентинада Исломda fikr bildirishni o'chirish

Аргентина Жанубий Америкада майдони бўйича иккинчи, аҳоли сони жиҳатидан учинчи ўринда. Мамлакатда мусулмонлар озчиликни ташкил этади. International Religious Freedom Report маълумотига кўра, аҳолининг 5 фоизга яқини Ислом динига эътиқод қилади. The Pew Research Centre 2010 йилги ҳисоб-китобларга кўра Аргентинада бир миллион атрофида мусулмон яшашини аниқлаган. Ислом динига эътиқод қилувчилар Буэнос Айрес, Тукуман, Росарио ва Мар дел Плата шаҳарларида кўпроқ.

Қитъа тупроқларига илк мусулмонлар испан тадқиқотчилари сафида келган. Улар асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Испаниядан эди. Кўпчилиги инквизиция таъқибидан қочиб, Америкада қолиб кетган. XIX аср охири – XX аср бошларида Аргентинага Яқин Шарқдан мигрантларнинг катта оқими кириб келди.

Мамлакатда қатор масжидлар ва исломий марказлар ишлаб турибди. Ҳудуддаги илк масжид ўтган асрнинг 80-йилларида пойтахт Буэнос Айресда қурилган. 1996 йили бунёд этилган Қирол Фаҳд номидаги Ислом маданият маркази масжиди Аргентинадаги энг катта жомедир. Унинг майдони йигирма минг квадрат метр. Мамлакатда ўнта исломий марказ иш олиб боради. Лотин Америкаси Ислом уюшмаси (IOLA) қароргоҳи ҳам Аргентинада жойлашган. У диний тарғибот, ҳамкорлик алоқалари олиб боришда жуда фаол.

Аргентинада диний бағрикенглик кайфияти ҳукмрон. Ўлкада турли дин вакиллари аҳил-иноқ яшаб келяпти. “Argentina Independent” нашри ёзишича, мамлакатда мусулмонларгп муносабат яхши, улар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари мумкин.

Орифжон Мадвалиев тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 18-сонидан