Мақолалар

Тарра (узун бодринг)ни хурмога қўшиб ейишнинг ҳикмати

Чоп этилди Noyabr 4, 2019 Тарра (узун бодринг)ни хурмога қўшиб ейишнинг ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг таррани хурмо билан еяётганларини кўрдим”.

Абу Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтади:

Бу икки хил нарсани бир-бирига қўшишдир. У зот иштаҳалари тусаган ҳолда нафс таскин топиши учун Аллоҳ йўлида иштаҳаларини қондирдилар. Чунки нафс неъматлардаги лаззатларга талпинади. Зеро, тўғри йўлда бўлган нафснинг ўз эгасида ҳаққи бор. Эгаси унинг ҳақини адо этади ва Аллоҳга ҳамд ва нафси борасида шукр айтади. Шунда бу каби ҳолатда нафс эгасига офат ва бало бўлмайди. Офат ва бало Раббисидан ғофил ҳолда иштаҳасини очофатлик билан қондирган, таомланиш лаззатига берилиб кетган, на нафснинг ҳаққини беришни ва на Аллоҳнинг розилигини топишни ўйлайдиган кишига етади. Бу банданинг олдида берилган неъматларнинг ҳисоб-китоби турибди, ваҳоланки у неъматларга шукр қилишга буюрилган эди. Ҳадиснинг шарҳи юқорида биз зикр қилгандан бошқача бўлиши ҳам мумкин.

Бошқа жиҳатдан қараганда тарра совуқлик, хурмо иссиқликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни бир-бирига аралаштиришни хоҳлаган бўлишлари мумкин. Токи совуқлик ва иссиқлик аралашиб, ҳар бири алоҳида зарар етказмаслиги учун. Буларнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)­нинг бу борада тутган йўлларини кўрсатади.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарвуз ва хурмони бирга қўшиб тановул қилар эдилар”.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарвузни хурмо билан ер эдилар”.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм