Мақолалар

Кўрилган туш ҳикмати

Чоп этилди Noyabr 4, 2019 Кўрилган туш ҳикматиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолонинг севикли бандаларидан бири туш кўрди. Тушида унга шундай амр бўлди:

– Тонг ёришгач, йўлга туш. Қаршингдан биринчи чиққанни е, иккинчи чиққанни яшириб қўй, учинчи чиққаннинг тилагини қабул эт, тўртинчи келганни хафа қилма, бешинчисидан ура қоч!

Тонг отди. Ташқарига чиқди. Йўл юриб кетди. Қаршисидан бир тоғ чиқди. Бу катта тоғни қандай қилиб ейман дея ҳайрон бўлди. Ўзига ўзи “Раббим менга буни ейишни буюрди. У менга кучим етмайдиган нарсани амр этмайди”, деди ва тоғни ейишга қарор қилди. Тоққа қараб тўғри юриб бораверди. У яқинлашиб боргунга қадар юксак тоғ кичкина бир луқмага айланиб қолган эди. Уни олиб еди, асалдан ширин эди.

Аллоҳ таолога ҳамд айтиб йўлида давом этди. Қаршисидан олтиндан ясалган бир лаган чиқди. “Раббим буни яширишиб қўйишимни амр этди”, деди ва бир чуқур қазиб уни кўмиб қўйди. Аммо озроқ юриб орқасига қараса, тилла лаган тупроқ юзига чиқиб қолибди. Ортига қайтиб келиб лаганни яна кўмди. Бир оз йўл юриб яна орқасига қараса, яна лаган тупроқ юзига чиқиб турибди. Қайтиб келиб яна кўмди, яна чиқиб қолди. Ўзига ўзи “Мен буйруқни бажардим”, деди-да йўлида давом этиб кетди.

Қаршисидан бир қуш чиқди. Ортидан бир лочин қувлаб келаётган эди. Қуш унга:

– Эй Аллоҳнинг севган қули, мени яшир, менга ёрдам бер, – дея илтижо қилди.

Қушни олиб қўйнига солиб қўйди. Орқасидан қувлаб келган лочин:

– Эй Аллоҳнинг севган бандаси, мен очман, эрталабдан бери уни ортидан қувлаб юрибман. Уни тутиб олишим керак, қисматимга қаршилик қилма, – деди.

Одам ўзига ўзи: “Учинчисининг истагини бажаришим керак эди, қилдим. Тўртинчисини хафа қилмаслигим амр этилди, энди нима қилсам экан?”

Нима қиларини билмай ўйланиб қолди. Сўнгра пичоғини қинидан чиқариб олди-да шартта ўзининг думбасидан бир парча кесиб олиб лочинга берди. Лочин уни олди-ю, учиб кетди. Лочин кўзга кўринмас даражада йироқлашиб кетганидан кейин қушни қўйнидан чиқариб учириб юборди.

Яна йўлида давом этиб, ниҳоятда бадбўй бир лошнинг устидан чиқиб қолди. У ердан ура қочди. Кеч тушганида хуфтон намозини ўқиб бўлгач, Аллоҳ таолога бундай дуо қилди:

– Ё Раббий, амрларингни қўлимдан келганича бажардим. Энди менга бу ишларнинг маъноси нима эканини тушунтир.

Шу дуони қилганидан сўнг ухлагани ётди. Тушида унга бўлган ишларнинг маъноси қуйидагича тушунтирилди:

– Биринчи кўриб еганинг ғазабдир. Ғазаб дастлаб баланд тоғ каби кўринади, сабр қилиб ғазаб ичга ютилса, у асалдан ҳам ширин бўлади.

Иккинчиси, гўзал амалдир. Уни яширишга қанчалик ҳаракат қилсанг ҳам у яна намоён бўлаверади.

Учинчиси, сенга ишониб топширилган бир омонат. Омонатга асло хиёнат этма.

Тўртинчиси, бир инсон сендан бир нарса илтимос қилса, у сўраган нарса сенинг ўзингга керак ашё бўлган тақдирда ҳам уни асло ноумид этма.

Бешинчиси, ғийбатдир. Ғийбат этувчи одамлардан қоч. Шубҳасиз, ҳар ишнинг ҳикматини билувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир…

 Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади