Дунё янгиликлари

Грецияга тўрт ойда 40 минг муҳожир кириб келди

Чоп этилди Noyabr 4, 2019 Грецияга тўрт ойда 40 минг муҳожир кириб келдиda fikr bildirishni o'chirish

Грециянинг Фуқаро муҳофазаси бўйича вазири ўринбосари Йоргос Кумуцакос кейинги тўрт ой ичида мамлакатга 40 минг муҳожир кўчиб келганини маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Кумуцакос ушбу масаланинг Грецияда миллий муаммога айланиб бораётганлигини қайд этди.

Сўнгги ойларда Туркия соҳилларидан келувчи муҳожирлар ва қочоқлар оқими сезиларли даражада ошган. Грециянинг айрим вилоятларидаги муҳожирлар сони маҳаллий аҳоли сонидан ҳам кўпайиб кетган. Муҳожирлар ороллардан мамлакатнинг қитъада жойлашган қисмига кўчирилмоқда. Айрим вилоятларда маҳаллий аҳоли вакиллари ўзлари яшайдиган ҳудудларга муҳожирлар ва қочоқларнинг кўчириб ўтказилишига қарши норозилик намойишлари ҳам ўтказган.

Вазир ўринбосари вилоятларда кузатилган норозиликларга шарҳ бериш чоғида ҳукуматнинг вазифаси муҳожирларнинг кўчирилиши ҳақида маҳаллий ҳокимликларни огоҳлантиришдан иборатлигини билдирди.

«Маҳаллий аҳолининг бу борада бизни қўллаб-қувватлашини истасак, улар билан ушбу мавзуни тез-тез муҳокама қилиб туришимиз лозим»,   дейди Йоргос Кумуцакос.