Дунё янгиликлари

Ҳиндистонда ҳавонинг ифлосланиш даражаси 10 бараварга ошди

Чоп этилди Noyabr 5, 2019 Ҳиндистонда ҳавонинг ифлосланиш даражаси 10 бараварга ошдиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳиндистоннинг пойтахт округи ҳисобланган Деҳлида ҳавонинг ифлосланиш кўрсаткичлари Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 10 баравар кўпайиб кетган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Нью-Деҳлидаги атмосфера сифати ноябрда ҳар доимгидан ҳам ёмон ифлосланган. Ҳаводаги майда дисперс зарраларининг диаметри камида 2,5 микрометргача (PM2,5) ўсган. Ҳавонинг ифлосланишига кузда деҳқонларнинг Нью-Деҳли атрофи ҳамда қўшни штатларда етиштирилган похолни ёқиши натижасида юзага келаётган тутун энг асосий сабаблардан бири деб кўрсатилмоқда.

3 ноябрь, якшанба куни Ҳиндистонда Ҳаво сифати индексини (AQI) ўлчашнинг имкони бўлмаган, кўчаларда ўрнатилган регистраторларда уч рақамли таблолар 999 (норма 0-50 деб ҳисобланади) рақамларини кўрсатган.

Нью-Деҳлида бир неча кундан бери мактаблар ёпилган, Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда 40 га яқин самолёт рейслари бекор қилинган. Шунингдек, шаҳардаги қурилиш ишлари ҳам қуюқ туман қоплангани туфайли тўхтатилган.

4 ноябрдан бошлаб пойтахтда хусусий автомобиллардан фойдаланиш қонун билан ман этилди. Яъни 4—15 ноябрь оралиғида Нью-Деҳли аҳолиси вакиллари жуфт кунлари жуфт, тоқ кунлари эса тоқ рақамлар бўлган автомобилларни ҳайдаши мумкин. Ушбу чекловлар бир ўзи юрадиган аёллар, болаларни уйдан мактабга, мактабдан уйга олиб борувчи транспорт воситаларига тааллуқли эмас.

Фото: Hightech

Ҳукумат автотранспортдан фойдаланишни тақиқланиши аҳолиси 20 миллион бўлган мегаполисдаги экологик вазиятнинг яхшиланишига умид қилмоқда.

Ҳиндистон ерни бошқариш вазирлиги Об-ҳавони прогнозлаш ва ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизими (SAFAR) экспертлари Панжоб ва Ҳарян штатларида похол ёниши уч кун аввалгидан 90 фоизга ошганлигини маълум қилди. Деҳқонлар махсус техникага пуллари йўқлиги туфайли похол ёқишга мажбур бўлаётганлигини билдирган. Расмий манбаларга кўра, ҳар йили заҳарли тутун сабаб Ҳиндистонда камида миллион одам ҳалок бўлади.

Аввал Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Германия канцлери ўртасида Нью-Деҳлида бўлиб ўтган учрашув ва расмий тадбирлар вақтида икки давлат раҳбарларининг ҳаво ифлосланганлиги ҳақидаги маълумотларга қарамай оғиз ва бурун бўшлиғини ниқоб билан ҳимояламасдан ҳаракатлангани дунё жамоатчилиги эътиборини тортганди.

Сентябрда дунё шаҳарларидаги ифлосланиш ва ҳаво сифати индексини таҳлил қилувчи The World Air Quality Index’нинг энг йирик онлайн-мониторинг натижаларига кўра, Тошкент ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллагани маълум қилинган. «Ўзгидромет» Тошкентнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаши нотўғри маълумот деб атаган ва «AirVisual.com» сайти расмий давлат сайти ҳисобланмаслиги, маълумотлар хусусий компаниялар ва ташкилотларнинг сунъий йўлдош кузатувлари асосида келиб тушишини қайд этганди.