Мақолалар

Уни “Ўзим” мукофотлайман

Чоп этилди Yanvar 27, 2019 Уни “Ўзим” мукофотлайманda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу дунёда маъруфга аҳл бўлганлар у дунёда ҳам аҳли маъруф бўладилар”, деб марҳамат қилиб, умматлари дунё охиратда яхши мақомларда бўлмоқликларининг тарафдори бўлганлар.

Аввало, рўза ибодати банда учун Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, унинг розилигини топиш, кўпроқ савоб топиб, жаннатга кириш учун керакли зоди роҳила топиш имконини беради. Рўза тутган кишидек Аллоҳга яқинлаша олган одам бўлиши қийин. Чунки рўза тутган инсон фақат Аллоҳ учун, унинг розилигига эришиш учун оч қолади, чанқайди, ташна бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудисийлардан бирида: “Одам боласининг ҳамма иши ўзи учун, фақат рўза мен учундир. Унинг савобини Ўзим билиб бераман”, деди. Аллоҳ таоло бошқа ибодатларга қанчалик савоб беришини белгилаб қўйган, бироқ рўзаники мислсиз, кўплигидан уни тайин қилмай, Ўзим бераман демоқда. Дарҳақиқат, рўзадан бошқа ибодатларда ибодат қилувчи хоҳласа-хоҳламаса, бир оз хўжакўрсинлик бўлади. Намоз ўқиса бировлар кўради, намозхон экан, деган фикрга келадилар. Намозхоннинг ўзида ҳам одамлар кўриб турганининг эътибори бўлади. Закот берса, ҳеч бўлмаса. закотни қабул қилиб олган одам билади, ташаккур айтади, ҳақига дуо қилади. Ҳаж бўлса, айниқса, бизнинг шароитимизда дабдабага айланиб кетди. Рўза тутувчи эса кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кун бўйи бошқалардан ҳеч фарқи бўлмаган ҳолда юради, фақат Аллоҳдан қўрққани учун рўзасини очмай охирига етказади. Ана шунинг учун ҳам, Аллоҳ “Рўзани бандам мен учун тутади”, демоқда.

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ўз ҳадиси шарифларидан бирида “Рўзадорга икки хурсандчилик бор: “Бири ифтор пайтидаги хурсандчилик ва иккинчиси Роббисига мулоқот бўлган пайтдаги хурсандчиликдир”, – деганлар. Бошқа ибодатларга бунга ўхшаш ваъдалар қилинмаган.

Банда учун энг юқори мукофот Раббил оламийннинг жамолига мушарраф бўлишдир. Машҳур зоҳидларнинг асл мақсадлари ҳам ушбу мақомга эга бўлиш бўлган. Аллоҳ таоло айнан ушбу мақомни рўзадор бандаларига ваъда қилмоқда.
Бу ойнинг ҳар кунида маърифат, маъно-мазмун кашф бўлади. Агар изловчи фаол бўлса, бу ойнинг дастлабки кунларида раҳмат ёғилиб туради. Бу раҳматдан бахра олиш эса ота-оналар, нуроний-кексаларга хизмат қилиш билан бўлади.
Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таоло яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Рамазон ойи келганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркитилади” (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, бу муборак ойда шайтонлар инсонларга азият беришдан ҳам қайтарилади, зеро, шайтонлар иғвоси камайса, инсонларнинг савобли ишлар қилиши зиёда бўлади.
Рамазон рўза ойи бўлиши билан бир қаторда, мўмин-мусулмонлар учун раҳмат, мағфират ва нажот ойи ҳамдир. Машҳур ҳадисларнинг бирида қуйидагича марҳамат қилинади: “…Эй мўминлар! Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир”.

Бу ой саховат ойи экан деб ортиқча исрофдан, дабдабали ифторлик беришдан ҳам сақланиш даркор. Баъзи юртдошларимиз тўйхоналарда кимўзарга ифторлик беришади, одам сонининг кўплигидан фахрланишади, бу мутлақо ўринсиз фикр бўлиб, Аллоҳ таоло исрофгарлар шайтон шериклари эканлигини билдириб қўймоқда.

Бундай мақтаниш ўрнига маблағини кам таъминланган оилалар, муҳтож кимсалар, болалар уйларига эҳсон қилсалар, айни савоб ва ажрга эга бўладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминни машаққатини енгил қилса, Аллоҳ у кишининг охират кунидаги машаққатини енгил қилади”, –дедилар. Демак, бу ойда қанча хайрли ишлар амалга оширилса, савоби зиёда бўлар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг барокатидан баҳраманд айласин!

манба: muslim.uz