Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Америка: дин ва қонун устуворлиги соҳасида тажриба алмашув

Чоп этилди Noyabr 5, 2019 Ўзбекистон – Америка: дин ва қонун устуворлиги соҳасида тажриба алмашувda fikr bildirishni o'chirish

Тошкентда 4 ноябрь куни «Дин ва қонун устуворлиги» мавзусида Ўзбекистон – Америка илмий-амалий семинари бошланди.
Семинарда икки мамлакатдан диншунос олимлар, мутахассислар, соҳа вакиллари конфессиялараро муносабатларни ривожлантириш, миллатлараро низоларга қарши курашиш, жамиятда бағрикенглик муҳитини ривожлантириш каби масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашмоқда.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари А.Неъматов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти бош директори Жон Бойд ва бошқалар сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда диний эркинликлар соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, диний эътиқод эркинлиги таъминланаётгани, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни кучайтириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон сўнгги 20 йилда АҚШ «алоҳида ташвиш туғдирадиган давлатлар рўйхати»дан чиқарган иккинчи мамлакат бўлди.
Бундан ташқари, илк бор Ўзбекистонга БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюрди. Ушбу ташриф натижалари диний эркинликни таъминлаш, диний эркинлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутувчи Ўзбекистон парламенти томонидан қабул қилинган алоҳида ҳужжатда акс эттирилди.
Семинарнинг биринчи куни АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти фахрий президенти Крис Сайпл ва бошқа дин ва ҳуқуқ соҳаси экспертлари маърузалар билан иштирок этди. Шунингдек, иштирокчилар АҚШда черковлар ва кўп конфессиялар учун электрон платформа вазифасини ўтовчи «GlocalNet» дастури билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ва АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинар 8 ноябрга қадар давом этади.

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА