Мақолалар

Беморни зиёрат қилиш

Чоп этилди Noyabr 6, 2019 Беморни зиёрат қилишda fikr bildirishni o'chirish

Биринчи фасл

Касал кишини зиёрат қи­лишнинг беш одоби бор.

Биринчи одоб. Ошнолар беморнинг, у қандай касалликка: кўз оғриғи, тиш оғриғи ва бошқа дардга йў­лиққан бўлишидан қатъи назар, ундан ҳол-аҳвол сў­раши керак.

Иккинчи одоб. Касал ки­ши гарчи ғайридин бўл­са-да, уни зиёрат қилиш лозим.

Учинчи одоб. Касалнинг олдига кирилганда, очиқюз­лилик, табассум ва шафқат билан муомала қилиш керак. Беморнинг олдига янги кийимлар билан кирилмайди. Табассум билан кирилиб, беморнинг бош тарафида ўтирилади. Беморнинг юзига тез-тез қарамаслик, кўп ва баланд овозда гапирмаслик зарур. Қўлини касалнинг пешонасига ёки қўлига қўйиб, ундан аҳволини сўраш лозим. Касални ҳар куни эмас, балки икки кунда бир сўраш лозим.

Тўртинчи одоб. Бемордан кўнглингиз нимани тусайди, деб сўраш керак. Агар беморнинг кўнгли тусаган нарса унга зарар бўлмаса, уни келтириб бериш ёки яқинларига келтириб беришни айтиш зарур. Агар беморнинг кўнгли ҳаром нарсалар (хамр)ни тусаса, унга келтириб берил­майди. .

Бешинчи одоб. Беморнинг олдида кўп ўтирмайди ва тез туриш даркор. Илло, беморнинг ўзи буни талаб қилса, унинг кўнглини кўтариш учун кўп ўтириш жоиз. Бемор билан суҳбатлашиш асносида унинг кўнглини кўтарадиган сўзларни ва ҳикояларни айтиб бериш керак.

Бемордан кўнгил сўраш вақтининг миқдори бир сигир соғиб бўлганчалик вақтдир.

Иккинчи фасл

Беморнинг ўзига хос одоб­лари ҳам бештадир.

Биринчи одоб. Бемор баъ­зан енгил нола қилиши ке­рак. Бу суннатдир. Лекин но­ла ҳаргиз шикоят, ғам туфайли эмас, балки бошини бирор нарса билан боғлаб: “Вой бошим!” деб нола қилиш керак. Бундан мақсад тезроқ соғайиб ке­тишдир. .

Иккинчи одоб. Бемор дард-алам пайдо бўлган­да, шукр қилиши керак. Ҳар­гиз ўзига ўлим тиламаслик зарур.

Учинчи одоб. Бемор гу­ноҳлардан тавба қилиб, яхши гумон қилиши керак. Зиммасида одамларнинг ҳақи бўлса, уни зудлик билан адо этиши керак. Ҳамсуҳ­батларининг барчасидин рози-ризолик сўраши лозим. Хотима, яъни умрини поёни хайрли бўлиши учун тиришиши даркор.

Тўртинчи одоб. Иссиқ жон, иситмасиз бўлмайди. Шу боис бемор аҳволи оғир­лашса, дафн маросими ва кафанлаш ишларини васият қилиши керак. Яъни: мени шундай кафанланглар, фалон жойга кўминглар, деб васият қилиши жоиздир.

Бешинчи одобЯқинла­рига, қавму қариндош­ларига бирор кор-ҳол юз берса, сабр қилинглар, деб васият қи­лиши зарур.

Таъзия билдириш

Учинчи фасл

Мусибат аҳли одоблари баёнидадир. Бунинг ҳам беш одоби бор.

Биринчи одоб. Ҳар бир мўмин киши биродарининг вафот этганини эшитса: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, яъни: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», дейиши керак.

Иккинчи одоб. Мусибат аҳлига таъзия билдириш керак. Дафндан аввал ёки кейин бўлса-да, таъзия билдириш мустаҳабдир. Имом Муҳаммад наздида таъзия уч кунгача жоиздир, ундан кейингиси макруҳ.

Учинчи одоб. Тобут кў­тариб кетаётган кишилар сукут сақлашлари вожиб. Аёл киши тобут ортидан эр­гашмайди. .

Тўртинчи одоб. Марҳум учун дод-фарёд солиб, бақи-­ риб йиғлаш ҳаромдир.

Бешинчи одоб. Марҳум дафн этилгандан сўнг ҳамма иш-ишига тарқаб кетиши керак. Маййит учун дафндан кейин ҳам йиғилиб ўтириш макруҳдир.

Имом Маждиддин Фи­ру­зободий “Сирот ал-мус­тақим” китобида ёзишича, дафндан сўнг жам бўлиш, Қуръони карим ўқиш, хоҳ қабр бошида, хоҳ бошқа жойда бўлсин, бидъатдир. Аммо таом тайёрлаб азадор оилага юбориш мустаҳабдир. Қабр устига пишиқ ғишт, тош ва шунга ўхшаш нарсалар билан мақбара ва иморат қуриш, чироқ ёқиш бидъатдир.

Тўртинчи фасл

Қабрларни зиёрат қилиш­нинг тўрт одоби бор.

Биринчи одоб. Эркаклар­га қабристонни кўп зиёрат қилиш мустаҳабдир. Агар киши ота ва онасининг қаб­рини кўп зиёрат қилса, ва­фотидан кейин унинг қаб­рини фаришталар зиё­рат қилишади. Аёллар ҳам қабристонни зиёрат қилиш­ларида монелик йўқ. (Чу­нончи, Пайғамбаримиз Му­ҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларни зиё­рат қилинг. Чунки у сизга охиратни эслатади”, де­ганлар (Имом Ибн Можа ривояти) – И.И.).

Иккинчи одоб. Мусул­мон­ларнинг қабристони­­ни оёқости қилиш, от билан қабристонни босиб ўтиш мумкин эмас. Қабрлар устига ўтирмаслик, суянмаслик лозим.

Учинчи одоб. Аёллар эрла­рининг изни ила қабристон­ларни зиёрат қилиши мум­кин. Лекин бу зиёрат кўп бўлмас­лиги керак.

Тўртинчи одоб. Ота-она ёки яқин қариндошларнинг қабрлари бошида доимий туриш керак эмас. Бу жоҳилият даври одатидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 9-сонидан